Qidirish

20:15 / 2023-12-05 750 0 Жамият

«Ўзбекистон 2000 йилдан бери Ипак йўли сайёҳлари учун севимли масканга айланган, биз меҳмондўстлик борасида ҳеч кимдан кам эмасмиз» – Азиз Абдуҳакимов

Ўзбекистон томони Дубайда бўлиб ўтаётган COP28 халқаро иқлим конференцияси доирасида Яқин Шарқ билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида янги келишувга эришилгани эълон қилди.

world-news

Дубайда COP28 халқаро иқлим конференцияси доирасида «Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти: барқарорлик, яшил кун тартиби ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик» мавзусида форум бўлиб ўтган. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, тадбир инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш учун экспертлар, туризм соҳаси вакиллари, давлат идоралари ва илмий ҳамжамиятларни бирлаштириш, барқарорликка, яшил кун тартибига ва Яқин Шарқ минтақаси билан ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратган ҳолда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

Форумда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини («UZstainable tourism») янада ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

«Ўзбекистонда «UZstainable tourism» ривожланишининг бир қисми сифатида углерод таъсирини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2022–2030 йилларда Яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг бир қисми сифатида биз умумий ишлаб чиқариш қуввати 7000 мегаваттдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол станцияларига сармоя киритдик. Охирги беш йилда чиқиндиларни қайта ишлаш қувватини 20 фоизга оширдик. 2030 йилгача қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш даражасини 100 фоизга етказишни мақсад қилганмиз, — деди Абдуҳакимов.

Вазир барқарор яшил туризмга эришиш учун Яқин Шарқ давлатларининг тажрибаси жуда муҳим эканлигини қайд этган. У Ўзбекистон Яқин Шарқдаги дўстлик ва шериклик муносабатларини юксак қадрлашини, тарихимиз, маданий меросимиз, қадриятларимизда умумий алоқалар мавжудлигини таъкидлаган.

«Ўзбекистон 2000 йилдан бери Ипак йўли сайёҳлари учун севимли масканга айланиб келмоқда, биз меҳмондўстлик борасида ҳеч кимдан кам эмасмиз. Қолаверса, бизда 8000 дан ортиқ маданий мерос обидалари мавжуд бўлиб, уларни ЮНEСКО билан яқин ҳамкорликда асраб-авайлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳамкорлик 2025 йилда Самарқанд ЮНEСКО Бош Ассамблеясига мезбонлик қилганида янада ривожланади. Мазкур тадбир 40 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида ўтказилади, — деди Азиз Абдуҳакимов.

Форум давомида барқарор туризмнинг глобал тенденциялари таҳлили, туризмнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, туризм саноатида экологик барқарорликни оширишнинг инновацион усуллари, Ўзбекистонда барқарор туризмни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларга эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, форумда Ўзбекистон ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда туризмнинг ўрни муҳим эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ўзаро ҳамкорлик қилишда инфратузилма ва сармоянинг ўрни, минтақадан сайёҳларни жалб қилиш бўйича маркетинг стратегиялари, туристик йўналишларни яратишда инновацион ёндашувлар лозим эканлиги қайд этилган.

Форум якунида янги туристик йўналишларни яратиш ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан туризм соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида келишувга эришилган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш