Сўнгги янгиликлар
Сторителлинг ва мутолаанинг инсон ривожидаги ўрни...
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Суд ишларига аралашиш, ундирилган зарарлар, тикланган инсон ҳуқуқлари, прокурор назорати: Бош прокуратура жамоатчиликка ҳисобот берди
Жорий йилнинг 2 декабрь куни Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислигида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, прокуратура органларининг барча тезкор ходимлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти, Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирок этган.
Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2023 йилнинг ўтган давридаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинган.
Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, жорий йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато - камчиликларга бирма - бир тўхталиб ўтган.
Қайд этилганидек, прокуратура органларининг бугунги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни, жумладан янги таҳрирдаги Конституция талабларининг тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш, барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.
Умуман, фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофаза қилиш борасида прокуратура органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижроси сўзсиз бажарилиши зарурлиги белгиланди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 134 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 321 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилганлиги аниқланган 2,3 трлн. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни, ёшлар ва хотин - қизларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Бевосита прокурорлар саъй - ҳаракати билан қисқа муддатда 163 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, 177 минг зиёд нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, қарийб 12 минг нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 26 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.
Бюджет даромадлари башорати ижросини сўзсиз бажариш ва қўшимча манбаларни жалб қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга аҳамият қаратилган.
Бу борада прокурорлар раҳбарлигида ташкил этилган штаблар томонидан биргина ноябрь ойида 20,9 трлн. сўмлик режа 21,9 трлн. сўмга ёки 105 фоизга бажарилиб, бюджетга қўшимча 1,8 трлн. сўмлик тушумлар таъминланган.
Ҳайъат йиғилишида прокурорлар томонидан долзарб йўналишларда, жумладан ёқилғи - энергетика, қурилиш, кўз - қиш, экология каби соҳаларида амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар алоҳида ўрин эгаллаган.
Хусусан, куз - қиш мавсумида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қисқа муддатда прокуратура органлари аралашуви натижасида 300 га яқин жиддий муаммолар бартараф этилишига эришилган.
Жумладан, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик тармоқлари барпо этилди, газ тақсимлаш, трансформатор пунктлари, сув насослари ҳамда қозонхоналар янгиланди, кўп хонадонли уйлар ва уларнинг муҳандислик - коммуникация тармоқлари таъмирланган.
Кўмир маҳсулотларини жойларга барқарор етказиб беришни таъминлаш, кўмирни талон - торож қилишнинг олдини олиш борасида прокуратура органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилган.
Қайд этилишича, прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган 12 583 та объектни ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 2,5 трлн. сўм маблағлар тежалиши таъминланган.
Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган қарийб 157 мингта рейд тадбирлари давомида, 46 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 398 млрд. сўм зарар ундирилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиб, бевосита прокурорлар томонидан 456 минг тупдан зиёд дарахт экилди ҳамда Республиканинг барча ҳудудларида “Прокурор боғлари” барпо этилмоқда.
Йиғилишда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган 2 702 гектар ер майдонлари захирасига қайтарилиши таъминланганлиги, шунингдек, 12 733 гектар ер майдонларини талон - торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 664 та жиноят иши қўзғатилганлигига урғу берилган.
Ушбу масалада прокуратура органлари зиммасига катта масъулият ва жавобгарлик юклатилганлиги масъулларга яна бир бор уқтирилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилган.
Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга оид вазифалар ижроси, айниқса озиқ - овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган.
Янги йил байрами кунларида аҳолини сифатли ва арзон озиқ – овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бу борада деҳқон бозорлари ва ижтимоий соҳа объектларида савдо ярмаркаларини ташкил этишга доир вазифалар ижросини таъминлаш лозимлиги қайд этилган.
Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш, тергов сифатини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.
Бу борада эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга, мавжуд муаммолар ва йўл қўйилаётган хато - камчиликларни кескин танқид остига олган. Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлигини қатъий таъкидлаган.
Судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича ҳам тегишли топшириқлар берилган.
Бу борада одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолияти таҳлил қилиниб, иш самарадорлигини янада оширишга доир чора - тадбирлар белгиланган.
Судда прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилган.
Аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳам ҳайъат муҳокамасидан ўрин олди. Маълум бўлишича, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг қийнаётган муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 215 мингта мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 40 минг нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.
Прокуратура органлари фаолиятига ошкоралик бериш, бунда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, блогер ва журналистлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтилган.
Қолаверса, қонун ижодкорлиги, прокуратура ишига рақамли технологияларни кенг жорий қилишга оид кўрилаётган чора – тадбирларни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилган.
Шунингдек, Бош прокурор ходимларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, малакали прокурорлар корпусини шакллантиришни янада кучайтириш, бу борада Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш бўйича топшириқлар берилган.
Йиғилишда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилиб, жумладан, Департамент ва Бюро фаолияти самарадорлигини ошириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Умуман, ҳайъат йиғилишида асосий эътибор прокуратура органларининг жорий йилдаги фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда галдаги долзарб вазифаларга қаратилган.
Ҳайъат мажлисида масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилган. Барча ходимлар хотиржамликка берилмасдан, юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этишлари, ташаббускор ва фидойи бўлишлари шартлиги қатъий белгиланган.
Муҳокама натижасига кўра, фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга интизомий чоралар кўрилган. Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинган.