Qidirish

18:17 / 2023-03-07 2182 0 Жамият

Курсида ўтириб намоз ўқиш мумкинми? Мусулмонлар идораси янги фатво чиқарди

world-news

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолар ҳайъати бемор кишиларнинг курсига ўтириб намоз ўқиши масаласида фиқҳий манбаларни атрофлича ўрганиб, бир қанча муҳокамалардан кейин ўзининг навбатдаги фатвосини эълон қилди.

1. Қиём (тик туриш) намознинг фарзларидан биридир. Киши қанча муддат тик тура олса, шунча муддат тик туриб намоз ўқиши фарздир. Шариат эътиборига молик бўлган узр йўқ бўлса, ерга ёки курсига ўтириб намоз ўқиш мутлақо жоиз эмас.

Тик турганда қаттиқ оғриқ пайдо бўлиши, касаллик кучайиб ёки чўзилиб кетиши каби ҳолатларгина ўтириб намоз ўқишни жоиз қиладиган узр ҳисобланади. 

2. Тик тура олмайдиган, лекин ўтириб руку-сажда қила оладиган одамга намозда ерга ўтириб руку-сажда қилиш фарздир. Бундай одам курсига ўтириб, руку-саждани имо-ишора билан қилиши жоиз эмас.

3. Рукуъ-саждани ўтирган ҳолда қила олмайдиган одамга намозни курсига ўтириб ўқиш, руку-саждани имо-ишора билан қилиш жоиздир. Бундай одам сажда қилганда рукудан пастроқ эгилади. Бу ҳолатда ерга ўтириб, имо-ишора қилиш афзалдир.

4. Курсида намоз ўқийдиган одам сафлар текислигига путур етказмаслиги, бошқаларнинг намоз ўқишига халақит бермаслиги керак. Курсида намоз ўқиётган одам сафга гавдаси билан эмас, оёқлари билан баробар туриши керак. Бундай ҳолатда бошқа намозхонларнинг намоз ўқишига танглик ҳосил қилмаслик учун масжидда курсида намоз ўқийдиганлар учун алоҳида саф ташкил қилиш; ёки сафнинг бир четида улар учун алоҳида жой ажратиш керак; курсиларнинг ҳажми масжид ва сафлар орасидаги масофага муносиб бўлиши керак.

Намоз – Исломнинг рукнларидан биридир. Мусулмон одам намозни мукаммал адо этишга эътибор қаратиши керак. Намозда қанчалик хушуъ ва хузуъ билан ўқилса, шунчалик мукаммал бўлади. Шунинг учун курсида намоз ўқиган ҳолатда ҳам курсилар оддий, суянчиқсиз бўлиши мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам”, — дея эслатилган хабарда.

Фатво лойиҳасини Фатво маркази етакчи мутахассиси Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев тайёрлади.

Фатво лойиҳаси билан танишиб чиқиб, розилик билдирганлар:

1. Нуриддин домла Холиқназаров – Фатво ҳайъати раиси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий, Фатво маркази директори, 

2. Ҳомиджон домла Ишматбеков – Фатво ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари,

3. Жалолиддин домла Ҳамроқулов – Фатво ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари,

4. Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов – Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, 

5. Соатмурод домла Примов – Тошкент ислом институти проректори, доцент,  

6. Яҳё домла Раззоқов – Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,

7. Фарҳод домла Жўраев – Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,

8. Ғуломиддин домла Холбоев – Фатво маркази директор ўринбосари, Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

9. Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров – Фатво маркази бош мутахассиси, 

10.  Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев – Фатво маркази етакчи мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, 

11. Абдуғофур домла Ниёзқулов – Фатво маркази бош мутахассиси. 

12.  Сайидаҳмад домла Сайдаралиев – Фатво маркази етакчи мутахассиси, 

13.  Абдулатиф домла Турсунов – Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти ўқитувчиси, 

14.  Отабек домла Мамадиев – Фатво маркази мутахассиси, 

15.  Ёрқинжон домла Жумабоев – Фатво маркази мутахассиси,

16.  Зикриё домла Бобораҳимов – Фатво маркази мутахассиси, 

17.  Муҳаммаджон домла Ибрагимов – Фатво маркази мутахассиси.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш