Qidirish

13:52 / 2022-12-11 1360 0 Сиёсат

Умурзаков тилга олган ғишт заводи машмашаси ортидан бир қатор мансабдорларга жиноят иши қўзғатилди

world-news

Тошкент вилояти прокурори Президент Администрациясидан ноқонуний газга уланган ғишт заводни тармоқдан узмасликни сўраганлиги кескин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

9 декабрь куни Администрация раҳбари Сардор Умурзаков раислигида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиб бориш мақсадида ташкил этилган Республика штабининг навбатдаги танқидий йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзаков “Тошкент вилояти прокурори газ тармоғига ноқонуний уланган ғишт заводини ўчирмасликни сўраганини” айтган эди. Энергетика вазирлиги Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзаков тилга олган ғишт заводи 29 ноябрь куни газ таъминотидан узилганини маълум қилиб, 9 декабрь куни “Олмалик ғиштчи” МЧЖ ва “Олмалиқшаҳаргаз” филиали мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Таъкидланишича, Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Олмалиқ ғиштчи” МЧЖга қарашли ғишт заводи 2022 йил 29 ноябрь куни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун газ таъминотидан узилган. Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш зарурати туфайли табиий газдан фойдаланишни вақтинчалик тақиқлаш доирасида ушбу корхонани тармоқдан узиш белгиланган тартибда амалга оширилган.

Текширув давомида ишчи гуруҳ томонидан мазкур хўжалик субъекти кейинчалик маҳаллий газ таъминоти ташкилоти кўмагида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан улангани аниқланган. Ўтган давр мобайнида ғишт заводи томонидан 118 282 метр куб табиий газ ноқонуний фойдаланилиб, 118 миллион сўмлик зарар етказилган. Ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар прокуратураси томонидан 9 декабрь куни “Олмалик ғиштчи” МЧЖ ва “Олмалиқшаҳаргаз” филиали мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Текширув давомида маълум бўлишича, вилоят газ таъминоти ташкилоти раҳбари прокуратурага мазкур корхонанинг фаолият юритиши зарурати тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, буни маълум экспортчилар рўйхатига киритилгани билан изоҳлаган ва бу ҳолат ҳақиқатга тўғри келмайди. Аниқланган фактлар юзасидан унга нисбатан ҳам терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Умурзаков Тошкент вилояти прокурори Президент Администрациясидан ноқонуний газга уланган ғишт заводни тармоқдан узмасликни сўраганлигини айтган эди.

“Мана, масалан, Олмалиқдаги ғишт завод газ ҳисоблагичлардаги онлайн модемни узиб, кўрсаткични «ноль» қилиб қўйиб, газ тармоғига ноқонуний уланган. Энг қизиғи, ушбу ҳолат аниқлангач, вилоят прокурори Президент Администрацияси масъулларидан шу заводни тармоқдан узмасликни сўраган. Прокурорнинг манфаати борми, бундай ноқонуний уланишга?”, – деган Сардор Умурзаков.

Администрация раҳбарининг таъкидлашича, ушбу завод эгаларининг Ангренда ҳам заводи бўлган. Бош вазир ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигадаги комиссия Олмалиққа келганини эшитиб, дарров Ангрендаги заводини ёпишган. Агар Ангрендаги заводда ҳам қонунбузилиш ҳолати аниқланса, бу бўйича ҳам алоҳида иш қўзғатилиши мумкин.

“Бунақаларнинг орқасида кимлар турганигача топамиз. У ҳоким бўладими, прокурор ёки солиқчими, фарқи йўқ, тадбиркор билан тил бириктирган бўлса, жавобгарликка тортилади. Шунингдек, камида ҳудуд раҳбарларининг бепарволиги масаласи ҳам кўриб чиқилади. Бизларни бу ҳолатга олиб келганлар сувдан қуруқ чиқиб кетмайди. Уларнинг баъзилари ҳозир ичимизда, йиғилишда ўтирибди”, деган Сардор Умурзаков.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш