Qidirish

17:46 / 2023-01-27 272 0 Сиёсат

«Қирғиз-ўзбек давлатлари чегара масаласига бутунлай чек қўйди» — Садир Жапаров

Америка Қўшма Штатлари Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлашга содиқлигини намойиш этишдаги муваффақиятли саъй-ҳаракатларини олқишлаган.

world-news

Бугун, 27 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекдилар.

Икки мамлакат президентлари Ўзбекистон- Қирғизистон чегараси тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида аввалроқ икки давлат парламентлари томонидан тасдиқланган мактуб алмашишди.

Қирғизистон президенти ушбу масала ҳал қилингани давлатлар ўртасидаги муносабатлар янада яхшиланишига олиб келишини маълум қилди.  

Бугун биз учун тарихий кун. Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунлади, ратификация ёрлиқларини алмашди, қирғиз-ўзбек давлат чегараси бўйича шартнома тузди ва шу билан чегара масалаларига чек қўйди.

Ишончим комилки, чегара масаласининг якуний ҳал этилиши қардошлик муносабатларини янада ривожлантириш, чегарадош алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жорий йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Биз ушбу муҳим юбилейни қардош давлатларга муносиб тарзда кенг миқёсда нишонлашга келишиб олдик”, — Қирғизистон Президенти Садир Жапаров.

Таъкидлаш жоиз, Америка Қўшма Штатлари Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлашга содиқлигини намойиш этишдаги муваффақиятли саъй-ҳаракатларини олқишлаган. Давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳужжатлар алмашилди.

 

Жами 25 та ҳужжат имзоланган, шу жумладан:

- Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома;

- Қирғиз Республикасида автомобиль ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;

- Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур;

- Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

- Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга Баённома;

- Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома.

Вазирлик ва идораларлар ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш, инновациялар ва илмий тадқиқотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, шунингдек, Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш режаси имзоланди.

Шунингдек, Жиззах ва Иссиқ-кўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалол-обод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш