Qidirish

11:02 / 2025-12-12 31 0 Жамият

Тошкентда ҳаво ифлосланишини камайтириш мақсадида минглаб объектларда текширувлар ўтказилмоқда

Экополиция ва бир қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида ташкил этилган кенг қамровли рейдлар давомида Тошкент шаҳри ва вилоятида жами 3 мингдан ортиқ объектнинг фаолияти ўрганилиб, юзлаб қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

world-news

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида атмосфера ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган манбаларни аниқлаш ва уларнинг таъсирини камайтириш мақсадида Экополиция томонидан изчил рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Қисқа вақт ичида минглаб объектлар текширилиб, қонунчилик талабларига амал қилиниши батафсил ўрганилмоқда.

9 декабр куни Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Янгийўл, Тошкент туманлари ҳамда пойтахт ҳудудида навбатдаги рейдларни амалга оширди.

Бу кунги текширувлар доирасида 3 222 та объектнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид қоидаларга риоя этиш ҳолати ўрганилди. Текшириш натижасида 24 та ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилди.

25 ноябрдан 9 декабрга қадар ўтказилган кенг қамровли ўрганишлар қуйидаги натижаларни кўрсатди:

— 895 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, улар бўйича маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилди;
— экологик меъёрларни бузган 75 та объект (Тошкент вилоятида — 66 та, Тошкент шаҳрида — 9 та) фаолияти 10 иш кунига вақтинчалик тўхтатилди;
— 37 та иссиқхонада ҳавони тозалаш учун фильтрлар ўрнатилди;
— 6 та иссиқхона газ тармоғига уланди, яна 7 та иссиқхона техник шарт олиш учун ариза тақдим этди.

Экополиция ва тегишли идоралар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ифлосланиш манбаларини қисқартириш ҳамда қонун талабларининг бажарилишини таъминлаш бўйича рейд тадбирларини давом эттирмоқда.

 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш