Сўнгги янгиликлар
Туркиядаги Халқ кутубхонаси жаҳон кутубхоналари учун андаза бўлмоқда
Иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистонда меҳнат таътили кунлари 24 кундан 21 кунга камайтирилди деб ёзди, аслида эса 15 кундан 21 кунга оширилган ва тўланадиган маблағ ҳам кўпайтирилган бўлиб чиқди
Ҳайвон ҳам бунчалик хўрланмайди – Оққўрғондаги зўравонлик ҳақида очиқланмаган фактлар…
Шавкат Мирзиёев Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюрди
Ҳар қандай масалага қулай позицияда эмас, ҳар томонлама ва холисона ёндошиш керак – Насимбек Азизов
Қурилиш майдонида одам ҳалок бўлган «Аския Cитй»да 5 йилдан буён ноқонуний қурилиш давом этаётгани маълум бўлди
Россияда самолёт қаттиқ қўниши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Нурота тумани «Мурувват» уйида ёш шоир Шоди Ражабовнинг «Ҳаётни севинг» номли шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди
Фуқароларнинг Халқ қабулхоналарига йўллаган 900 мингдан зиёд мурожаатлари қаноатлантирилган
Халқ билан мулоқот, мурожаатлар билан ишлаш соҳаси ижтимоий адолатни белгилайдиган муҳим мезонлардан биридир. Шу маънода мурожаат, ариза, шикоят – жамият ҳолатини акс эттирувчи қайсар индикатор бўлса, давлат раҳбари асос солган Халқ қабулхоналари институти халқ ҳаётидаги исталган соҳа бўйича тизимли масалалар, қайси ҳудудда нима муаммолар долзарб эканини яққол намоён этадиган ўзига хос «барометр»дир.

2024 йилда Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига қарийб 1,2 миллион мурожаат келиб тушган бўлиб, ариза-шикоятлар ўтган йилга нисбатан 64,1 мингтага камайган. Айниқса, мурожаатлар Наманганда 24, Тошкент вилоятида 21, Фарғонада 11 ва Тошкент шаҳрида 7 фоизга камайган.
2024 йилда кўриб чиқилган 1 миллион 120 мингдан зиёд мурожаатнинг қарийб 938 мингтаси ёки 83,7 фоизи қаноатлантирилган. Бу эса 566,6 мингдан ортиқ мурожаатчилар розилигига эришилди, деганидир. Соҳалар кесимида олинса, газ, электр энергияси, ичимлик суви ва кўмир таъминоти, уй-жой коммунал хўжалиги, ижро иши, алимент ва қарз ундириш, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация хизматлари сифати, суғурта фаолияти каби йўналишлар бўйича 60-80 фоиз муаммолар ҳал қилиб берилган.
Халқ билан мулоқотнинг яна бир шаффоф платформаси – оммавий ва сайёр қабуллар майдони ҳам кенгайиб бормоқда. Ўтган йилда Президент Халқ қабулхоналари ташкил этган ана шундай жонли ва очиқ мулоқотларда 405,7 мингдан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилиб, 81,3 фоизи ҳал этилди. Яъни бу билан 330 мингдан зиёд мурожаат бўйича фуқаролар розилигига эришилди.
Мурожаатга йўлланган жавоб фуқаро иштирокида ўрганилса, ариза-шикоятга самарали ечим топилади. Шунинг учун ҳам Халқ қабулхоналари 20 мингдан зиёд мурожаат бўйича қабул қилинган қарийб 28 минг қарорни жойига чиқиб ўрганди. Депутатлар билан ҳамкорликда 6 мингга яқин мурожаат кўриб чиқилиб, шундан 3,5 мингдан зиёди ижобий ҳал этилди. Секторлар фаолияти бўйича 4,4 мингга яқин мониторинг, давлат идораларида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан қарийб 4,6 мингта ўрганиш ўтказилди.
Мурожаатлар асосида худди шундай ўрганишлар бўйича халқ депутатлари Кенгашларига 2,4 мингдан зиёд ахборот киритилиб, улар асосида қарийб 3,5 минг нафар давлат идоралари ва сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Муаммоларни ҳал қилиш борасида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган 4 минг 721 тақдимнома, 5 мингдан зиёд таклиф ва 9 минг 119 кўрсатма киритилди.
Буларнинг натижасида аҳоли мурожаатлари билан талаблар даражасида ишламагани учун давлат идоралари масъул ходимларининг 3 минг 826 нафари жавобгарликка тортилди. Хусусан, уларнинг 369 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 779 нафари маъмурий, 269 нафари ойлик иш ҳақидан жаримага тортилди, 2 минг 409 нафарига ҳайфсан эълон қилинди. Бундан ташқари, Халқ қабулхоналари ташаббуси билан прокуратура ва адлия органлари мурожаатлар билан ишлашга оид қонунбузилиши ҳолатлари бўйича расмийлаштирган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида яна 347 нафар масъул ходим жаримага тортилди. Шунингдек, 6,1 мингдан зиёд масъул ходим расман огоҳлантирилди.
Бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан яна бири – аҳоли даромадларини ошириш учун шарт-шароит яратиш ва ёрдам беришдан иборат. Президент Халқ қабулхоналари 2024 йилда мурожаатлар таҳлили асосида оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш бўйича янги беш босқичли «Мурожаатдан даромадга» лойиҳасини самарали амалга оширди. Асосан моддий ёрдам масаласида кўп арз қилган фуқароларнинг оилавий аҳволидан то қайси йўналишда ишни эплаб кетишига қадар индивидуал ўрганиш, мурожаатчиларни даромад топишга тайёрлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, иш анжомлари олиб берган ҳолда кучли малака ва катта тажрибага, ўз бозорига эга тадбиркорларга бириктириш бўйича комплекс иш олиб борилган бу лойиҳа билан қарийб 2,5 минг мурожаатчини даромадга олиб чиқиш бўйича иш олиб борилди.
«Мурожаатдан даромадга» лойиҳаси Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги 400 дан зиёд маҳаллада амалга оширилган бўлиб, бугун бу ердаги кичик-кичик корхоналарда минглаб инсонлар ўзи орзу қилган фаровон келажагининг пойдеворини барпо қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, халқ билан мулоқот тизими янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Халқ қабулхоналарининг «маҳалла етттилиги» билан ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда. Асосий мақсад – муаммоларни маҳалланинг ўзида, биринчи нуқтада аниқлаб, ҳар бир мурожаатдаги масалага адолатли ечим топиб беришдан иборат.
Аслида ҳам фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиш билан ҳар бир инсон, ҳар бир оила барча даврда истайдиган, интиладиган ижтимоий адолатга эришиш мумкин. Зотан, буюк маърифатпарвар жадид бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, «Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси, давлат ва ҳукуматларнинг узун яшамоғи адолатга боғлиқ».



