Qidirish

10:13 / 2024-08-20 523 0 Мақолалар

Тарихий хотира: Туроннинг араблар томонидан босиб олиниши...

Сўнгги пайтларда жамиятимизда кийим-кечак ва уй архитектурасидан тортиб озиқ-овқатгача барча масалаларда хорижий маданият унсурлари, хорижликларга тақлид қилиш тобора ортиб бормоқда.

world-news

Кимдир уй қурмоқчи бўлса Ғарб архитектурасини, бошқаси араб кийимларини, яна бири эса хитой автомобилларини афзал кўради. Агар масалага соф илмий нуқтаи назардан ёндашсак, албатта бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ.

Тарихдан маълумки, турли маданиятлар ўртасида ўзаро алмашиш ва бир-биридан ўзлаштириш жараёни маданиятни бойитиш ва тамаддун ривожланишининг муҳим омили бўлиб келган.

Бироқ, асосий муаммо маданий ўзгаришлар тарихий хотирамиз ва тарихни англашимизга таъсир кўрсатишни бошлаганда юзага келади. Тарихий хотирага бегона ҳикояларнинг киритилиши ва жамият тафаккурига ёт талқинлар билан алмаштирилиши тарихий хотирани заифлаштириб, миллий ўзликни англашда зиддиятларни юзага келтиради.

Дарҳақиқат, тарихий хотира жамиятни маънавий янгилашда алоҳида ўрин тутади ҳамда мустақил давлатнинг миллий тикланиши жараёнида устувор йўналиш ҳисобланади. Тарихий хотира халқнинг миллий ўзига хослиги ва маданий ўзини ўзи англашининг таркибий қисмидир.

Ушбу мақолада тарихимизнинг муҳим қисми – арабларнинг Марказий Осиёни босиб олишига тўхталамиз. Негаки, тарихий хотирамизга киритилган тарихий воқеликларнинг диний талқинлари ва ҳикоялари таъсирида гўёки, «араблар босқинидан олдин бизда ҳеч нарса йўқ эди», «араблар бизга ўзларининг юксак маданиятини олиб келди», «агар араблар бўлмаса биз тарих чеккасида қолиб кетардик» каби фикрлар ижтимоий тармоқларда тобора кўпаймоқда. Бу эса юртдошларимиз ва ёшларимиз ўртасида тарихий хотира бузилгани ва ҳатто асат-секинлик билан йўқолиб бораётганидан далолат беради.

Бугунги кунда Турон ўлкасининг араб халифалиги томонидан забт этилиши мавзуси ўзбек жамиятида ихтилоф ва келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Ихтилофнинг илдизи эса 8-аср воқеаларининг ўзи мураккаб ва қарама-қарши талқинга эга эканлиги билан боғлиқ. Бу даврда ислом дининг тарқалиши бир томондан ўзи билан янги маданий қадриятларни олиб келган бўлса, иккинчи томондан, Туроннинг ўзига хос маданий кодини ўзгартирди.

Араблар истилоси арафасида Бақтрия Амударё жанубида жойлашган бўлиб, унинг таркибига ҳозирги Афғонистон ҳудуди ҳам кирган. Амударёнинг шимолида Сўғдиёна бўлиб, у ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларини қамраб олган. Сўғдиёнанинг ғарбида ҳозирги Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларида Хоразм жойлашган эди. 7-асрга келиб Бақтрия, Сўғдиёна ва Хоразм Турк ҳоқонлиги таъсирида бўлиб, уларда эроний ва туркий тилли халқлар яшаган.

Амударёнинг жанубидаги ерлар Сосонийлар давлати давридаёқ Хуросон (ўрта форсчада «қуёш чиқадиган жой») номи билан машҳур бўлган бўлса, Амударёнинг шимолидаги ерларни эса араблар Мовароуннаҳр (яъни «дарёнинг нариги томони») деб аташган.

Арабларнинг Турон ўлкасига бостириб киришга оид батафсил маълумотлар Муҳаммад Табарийнинг «Пайғамбарлар ва ҳукмдорлар тарихи» асарида баён қилинган.

Араб истилоси ҳақида гапирганда шуни таъкидлаш лозимки, бу бошиданоқ босқинчилик табиатига эга бўлган. Араб ҳалифалиги ташкил топган илк асрларда маҳаллий аҳолини ислом динига ўтказиш сиёсатини олиб бормаган. Араблар Хоразм ва Сўғдиёнани ўз назоратида ушлаган бўлсада, ҳалифалик таркибига қўшиб олмайди. Улар Хуросон ўрнашган бўлиб, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва унга яқин вилоятлар бўйича сиёсати фақатгина талончилик уюштириш ва солиқ тўлашдан бош тортган ҳукмдорларни жазолашдан иборат бўлган.

Масалан, арабларнинг Амударё шимолига илк юришини хижрий 54 йилда Убайдуллоҳ ибн Зиёд ташкиллаштирган. Улар дарёдан ўтиб Бухорога ҳужум қилади ва 2 мингга яқин бухоролик ёш моҳир камончиларни ўлжа сифатида олиб кетади. Бу босқинчилик юришида диний эътиқодни тарғиб қилиш ва маҳаллий аҳолини исломга киритиш ҳақида ҳеч қанақа гап сўз бўлмаган.

Кейинги юриш эса 2 йилдан сўнг Саид ибн Усмон томонидан амалга оширилган. Бу сафар араблардан Самарқандликлар жабр кўради. Табарийнинг ёзишича, араблар гаров сифатида Самарқанд аслзодаларининг оилаларидан 50 нафар йигитни олиб кетиб, келишувга мувофиқ юртига қайтариш ўрнига Мадинага жўнатиб юборади. Гаровга олинганлар ўз ватанига қайта олмаган. Ушбу юришларда маҳаллий аҳоли ўртасида динни ёйишга уриниш бўлмаган.

Арабларнинг турли гурухлари ва қабилалари ўртасида ўзаро тўқнашувлар, ҳокимият учун курашлар бўлиб турган. Бундай тўқнашувлар арабларда «фитна» деб аталган. Исломда Биринчи фитна (656–661) тўғри йўлдаги халифалар даврининг қулаши ва уммавийлар сулоласининг ҳокимият тепасига келишини таъминлаган. Иккинчи фитнада эса (тахминан 680-692 йиллар) Карбало даштида Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарнинг набираси, халифа Али ибн Абу Толибнинг ўғли имом Ҳусайннинг ўлдирилиши воқеасидир. Ушбу воқеа исломнинг шиалик ва суннийликка бўлиниб кетишига олиб келди.

Иккинчи фитна даврида араб қабилалари ўртасидаги ҳокимият учун кураш Хуросонга ҳам ёйилди. Бу ғалаёнлар пайтида Хуросоннинг ўша пайтдаги ҳокими Абдуллоҳ ибн Ҳозим Марвдаги бани тамим қабиласидан бўлган одамларни ўлдириб, катта миқдорда талон-тарож қилган. Шундан сўнг ўзи Нишопурга йўл олади, ўғли Мусога эса Амударёнинг шимолига боришни буюради. Мусо ва унинг қабиладошлари Бухорога етиб борганларида бухороликлар уларга бошпана беришдан бош тортади. Шундан сўнг улар Сўғд ҳукмдори Тархундан ёрдам сўрайди.

Тархун Самарқандда Мусо ва унинг одамларини фахрий меҳмон сифатида қабул қилади. Лекин Мусонинг одамлари ўз ахлоқсизлиги сабаб уларни зиёрат қилишга келган сўғдийлар билан жанжал чиқаради. Бундан ғазабланган Тархун арабларни шаҳарни тарк этишга буюради ва фақат хавфсизлик кафолати бўйича берган ваъдасини бузмаслик учун уларни тирик қолдиради. Самарқанддан қувилган Мусо Термизга бориб мустаҳкам ўрнашиб олади ва ён атрофдаги шаҳар ва қишлоқларга мунтазам босқинлар уюштиради.

Мусо бойлик орттириш мақсадида халифалик хазинасини четлаб ўтиб сўғдийларнинг талон-тарож қилиши яхши оқибатларга олиб келмаслигини англаган халифалик унга қатъий чора кўради. Гарчи ҳижрий 85 йилда Мусо ўлдирилиб, Термиздаги арабларнинг халифаликдан мустақил сиёсат юритишига чек қўйилсада, арабларнинг Турон ўлкасига ҳужумлари давом этаверди.

Ҳижрий 86 йилда Хуросон ҳокими лавозимини Турон ўлкасига йирик босқинчилик юришлари ва қирғинларни уюштирган Қутайба (669-715) эгаллади. Айнан унинг ҳокимлик даврида араблар бизнинг ерларимизни босиб олади.

Қутайбанинг биринчи йирик босқини ҳижрий 87 йилда Бойкендга уюштирилган. Бу шаҳар айнан бойлиги билан арабларда қизиқиш уйғотганди. Бойкенд аҳолисининг аксарияти савдогарлардан иборат бўлиб, олтин ва кумуш кўп эди. Қутайба шаҳарни эгаллаб талон-тарож қилиб, қўлга киритилган олтин буюмларни эритишни буюради. Табарийнинг хабар беришича, эритилган олтиннинг умумий миқдори 150 минг мисқол (бугунги ҳисоб-китобларга кўра 52 млн АҚШ доллар)ни ташкил қилган.

Ҳижрий 93 йилда Қутайба ўз қўшинлари билан Самарқандга қараб ҳаракатланиб, шаҳарни қамал қилади. Бир ойга яқин давом этган қамалдан сўнг самарқандликлар Тошкент ва Фарғона ҳокимларига хабарчи жўнатиб, арабларга қарши курашда ёрдам сўрайди, агар бугун самарқандликлар урушда енгилса, эртага араблар уларнинг ҳам юртига бостириб киришидан огоҳлантиради. Бироқ бундан хабар топган араблар шиддатли ҳужумлар билан Самарқандни босиб олади. Шаҳар аҳолисига ҳар йили 2 миллион 200 минг дирҳам ва 30 минг соғлом қул етказиб беришни юклайди.

Ҳижрий 94 йилда бир йил аввал самарқандликлар огоҳлантирганидек, Фарғона ва Тошкентни эгаллашга киришди. Бу иккиси хўжандликларнинг ёрдамига қарамасдан мағлуб бўлди. Қутайба Тошкентнинг бир қисмини ёқиб юборади.

Қутайба кўпчилик ўйлаганидек, ўз динини юксалтириш учун жанг майдонида ўлмайди, балки ҳокимият учун курашгани туфайли хижрий 96 йилда аскарлари томонидан ўлдирилади. Унинг кесилган боши Дамашққа ҳалифа Сулаймонга юборилади. Унинг танаси эса дарахтга осиб қўйилади ва қушлар ва қуртларга ем бўлади. Унинг 5 нафар укаси ва 4 нафар ўғли ҳам боши танасидан жудо қилиниб, жасадлари отга боғлаб кўчада судраб ўтилади.

Арабларнинг шимоли шарққа юришлари дастлаб халифаликдаги ички беқарорликлар, кейинчалик эса аббосийлар исёни ва ҳокимиятни қўлга киритиши билан бутунлай тўхтади.

Арабларнинг Турон ҳудудида исломни тарғиб қилишдан кўра, ўз чегараларини кенгайтириш ва бойлик орттиришга қаратилган босқинчилик ҳаракатлари натижасида аждодларимиз томонидан яратилган исломдан олдинги қадимий маданий ёдгорликларнинг аксарияти вайрон бўлди.

Вақт ўтиши билан араб қўмондонлари ҳосилдор ерлар, бой ва иқтисоди ривожланган ҳудудлар ва муҳим савдо йўллари устидан назоратни қўлга киритиб, зираворлар, ипак ва металл савдосидан катта даромад кўра бошлади. Бундан нафақат босқинчи қўмондонлар бойиди, балки халифалик мавқеини мустаҳкамланишига ҳам катта имконият яратди.

Араблар босқини туфайли маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини оғирлаштириб, кескин норозилигини келтириб чиқарган яна бир омил бу солиқлар ва йиғимлар бўлган. Айниқса мусулмон бўлмаганлардан олинадиган жизя солиғи кўп норозичилик ва қўзғолонларни келтириб чиқарган. Чунки аҳоли ўзини мусулмон ёки халифалик қўшинидан жангда қатнашганини сабаб сифатида кўрсатиб, жизя солиғини тўлашдан бош тортган. Айрим ҳокимлар ва қўмондонлар эса уларнинг ҳақиқий мусулмон эмаслиги, мол-мулкини сақлаш, жон куйдириб уришмаганини рўкач қилиб солиқ тўлашга мажбур қилишган.

Бир сўз билан айтганда, Турон халқларининг халифалик билан мажбуран танишиши тарихи Сўғд, Тохаристон ва Хоразмнинг ўзига хос маданий кодини абадий ўзгартириб юборди. Шу билан бирга ўлкага келиб ўрнашган араблар ва улар орқали юртимизда кенг тарқалган ислом дини ҳам маҳаллий маданият таъсирига учраб сингиб кетди.

Р.Ю. Турсунова Тарих фанлари доктори, ЖИДУ

Изоҳлар 0

Фикр билдириш