Qidirish

20:54 / 2024-02-26 1124 0 Мақолалар

Ўзбекистонга экологияни ёмонлаштираётган цемент заводлари нима учун керак?

Тошкент ҳавосининг сифати билан боғлиқ ҳолат кўпчиликда ташвиш уйғотяпти. Маҳаллий ва хорижий ОАВ маълумотларига кўра, шаҳар ҳавоси ифлосланиши бўйича айрим вақтларда биринчиликка ҳам чиқмоқда. Бу саноат чиқиндиларининг юқори даражаси ва автомобиллар сонининг кўпайиши билан ҳам боғлиқ.

world-news

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда хитойлик инвесторлар очган цемент заводларининг барчаси кўмир ишлатмоқда. Афсуски саноат корхоналари чиқиндилари устидан назорат тизими етарли натижа бермаётгани боис Ўзбекистон бугун жиддий экологик муаммоларга дуч келяпти.

Улардан асосийлари саноат, хусусан, цемент ишлаб чиқаришнинг ривожланиши, хориж сармоясининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий соҳаларига таъсири билан боғлиқ.

Муаммонинг кўламини англаш учун Ўзбекистондаги экологик вазиятни ҳал қилувчи барча омилларини кўриб чиқиш керак. Масалан, ҳозирда Ўзбекистонда мавжуд 38 та цемент заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 36 млн. тоннага етади. Бироқ мамлакатда цемент истеъмоли 18 млн. тоннадан ортмайди.

Бизга экологик вазиятни ёмонлаштираётган бу каби кўп цемент заводлари керакми ўзи?

Афсуски бу корхоналар асосий энергия манбаи сифатида кўмирдан фойдаланишади. Цемент заводларидаги кўмир нафақат ҳавони ифлослантиради, балки глобал иқлим ўзгаришига ҳам ҳисса қўшади.

Сўнгги вақтларда Хитой инвесторлари ва компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрнига катта эътибор қаратилмоқда. Бир жиҳатдан хориж сармоясининг кириб келиши иқтисодиёт учун яхшидир.

Аммо бошқа томондан Ўзбекистонда яшаб қолиш ниятида бўлган Хитой фуқаролари маҳаллий аёлларимиз билан турмуш қуриб, мол-мулк сотиб олишаётгани, ижтимоий-маданий таъсир ва иқтисодий ҳукмронлик ҳақида хавотирларни уйғотмоқда.

Бугун Ўзбекистон олдида нафақат иқтисодий ўсиш, балки келажакка мустақил, экологик фаровон жамиятни қолдириш вазифаси ҳам мавжуддир. Бу экологик муаммоларни ҳал қилишда комплекс ёндашув, жумладан, тоза энергияга ўтиш, атмосферага чиқаётган чиқиндилар мониторинги ва назоратини такомиллаштириш, аҳолининг экологик хабардорлигини оширишни талаб қилади.

Бу ишлар ҳавонинг ифлосланишини камайтириш, ишлаб чиқариш ва барқарор истеъмол усулларига ўтиш, аҳоли орасида экологик маданиятни оширишга қаратилган чоралар билан боғлиқ. Шундагина Ўзбекистон табиий ресурсларини ва атроф-муҳитни сақлаган ҳолда уйғун тараққиётга эриша олади.

Шу ўринда Хитой ўзидаги экологик вазиятни яхшилаш учун фаол чоралар кўраётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, улар кўмирдан воз кечиб, соф энергия манбаларига ўтиш, саноат чиқиндилари устидан назоратни кучайтириш ва қайта тикланувчи энергияга сармоя киритишга эътиборни кучайтирмоқда.

1980, 1990 ва 2000 йилларда Хитойдаги иқтисодий ислоҳотларда жадал ривожланиш биринчи ўринда эди. Энергетик истеъмолнинг кўпайиши ва шаҳарларни ривожлантириш кейинчалик барчасини қайта йўлга солишда қийинчиликка олиб келади.

Хитой шаҳарлари 1980 йиллардан бери кенгайиб борди. Хитойликлар ривожланиш умидида эдилар. Ҳукумат ҳам иқтисодиётни юксалтиришга катта аҳамият берди.

2012–2013 йилларда Пекинни қоплаб олган тутун-чанг ҳатто ерларни ҳам бутунлай босган эди. Бу ҳаво одамларнинг касалланишига олиб келиб, фуқароларда норозилик пайдо қилди. Ҳаво сифати стандартларининг пасайиб кетгани одамларнинг ҳукуматга эътирозларини ошира бошлади.

Охири 2014 йилда ҳукумат атмосфера ифлосланишига қарши кураш эълон қилди. Бу — кўмир истеъмолини 62 фоизгача чеклаб, соф ва қайта тикланувчи энергияни янада кўпроқ тарғиб қилиш эди.

Бу мақсадга эришиш учун ҳукумат атроф-муҳит тизимини ислоҳ қилди. Бу йўлда саноат чиқиндиларига рухсат бериш тизимларини ишлаб чиқиш, ҳавони ифлослантирувчи манбаларни мониторинг қилиш учун миллий онлайн тизимини яратиш, атроф-муҳитга оид маълумотларни очиқлаш ва ҳудудларда экологик қоидаларга риоя этилиши устидан федерал назоратни кучайтириш каби чораларни кўрди. Ва бу Хитойда экологик визиятни яхшилашга имкон берди. Айни пайтда бизда ҳам мана шундай қатъий чораларни кўриш фурсати етиб келган. Ва одамлар амалий қадамларни кутмоқда.

Р.Кушербаев

Изоҳлар 0

Фикр билдириш