Qidirish

23:34 / 2023-09-13 1825 6 Мақолалар

Таълимдаги ТАБАҚАЛАШТИРИШ...

Сўнгги йилларда миллий ва шунингдек халқаро фан олимпиадаларида эришилаётган натижалар, қўлга киритилаётган медаллар жуда ҳам қувонарли. Айниқса, сўнгги 2-3 йиллик натижалар аввалги 10-15 йиллик натижалардан ҳам устун.

world-news

Миллий ва халқаро фан олимпиадаларда энг юқори натижаларни қўлга киритган, медаллар билан ватанга қайтган ҳар бир ўқувчи ва унинг ўқитувчиси катта миқдордаги пул маблағлари ва қатор имтиёзлар билан рағбатлантирилмоқда. Бу эса, нафақат ўқувчилар ўртасида, балки ўқитувчилар ўртасида ҳам эркин рақобат ва таълимда юқори натижага эришиш учун улар ўртасида ўзаро кураш муҳитини шаклланишига хизмат қиляпти.

Афсуски, юқоридаги ижобий натижаларнинг биз илғамаётган талайгина САЛБИЙ томонлари ҳам мавжуд! Яъни, миллий ва халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришаётган ўқувчиларнинг деярли барчаси энг малакали ўқитувчилардан таҳсил олаётган, барча шароитларга эга бўлган «Президент мактаблари» ёки «Ихтисослаштирилган мактаб» ўқувчилари ҳисобланилади.

ТАБАҚАЛАШТИРИЛГАН таълим тизими «Қадимги» ва «Ўрта асрлар»га хос тизим бўлиб, бу асосан қарам бўлган қуллар ва камбағаллар сонини кўпайишига хизмат қилган! Табақалаштирилган таълим тизимида халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар ё Президент мактабларига, ё ихтисослаштирилган мактабларга ёки хусусий мактабларга ўтиб ишлашади.

Чунки, бу типдаги мактаблар мустақил бўлиб, ундаги ўқитувчиларга юқори ҳақ тўланиб, ортиқча қоғозбозлик ва тадбирбозликларга жалб қилинмасдан фақатгина сифат учун ишлашади. Бу мактаблар барча замонавий жиҳозлар ва дарсликлар билан тўлақонли таминланган бўлади!

Умумтаълим мактабларида эса кераксиз қоғозбозлик ва тадбирбозликлар доимий мавжуд бўлиб, бундай типдаги мактаблар маҳаллий давлат ҳокимиятидаги ҳар бир ташкилотларга қарам бўлиб, кўпчилик ота-оналар билан доимий тарзда муаммолар мавжуд бўлади. Умумтаълим мактабларининг моддий-нехник таъминоти, жиҳозланиши ва ҳатто дарсликлар билан таъминланиши жуда оғир аҳволда.

Дарсликлар билан боғлиқ муаммолар дарсликлар пулли бўлган даврларда ҳам бор эди. Шунчаки, дарсликлар етишмовчилиги масаласи айрим «Президент мактаби», «Ихтисослаштирилган мактаблар» ва «Хусусий мактаблар»да ҳам кузатилганлиги учун жамоатчилик эътиборини тортди.

Аслида эса, йиллар давомида умумтаълим мактабларида кўплаб дарсликларнинг (Инглиз тили, Информатика, Тарбия...) етишмовчилиги ҳолатлари кузатилган. Ижара ҳақини тўлаган ота-оналар дарсликлар сони тўлиқ бўлмаганлиги учун умумтаълим мактабларига бориб синф раҳбарлари ва мактаб директорларидан талаб қилишарди. Худдики, дарсликлар мактаб директорларининг нашриётларидан чиқаётгандек.

Бундай вазиятларда умумтаълим мактабларидаги ўқитувчилар ойлик иш ҳақи кам бўлсада, токи дарсликлар етиб келгунга қадар ҳар куни ўз ҳисобларидан ҳар бир ўқувчи учун дарсликларнинг электрон вариантидан чиқаришади. Айниқса, сўнгги икки йилликда умумтаълим мактабларида «Дарсликлар етишмовчилиги» масаласи кўпайди.

Табақалаштирилган таълимда умумтаълим мактабларининг моддий-техник базаси, уларни қайтадан реконструкция қилиш ва янги жиҳозлар билан таъминланиши асосан «Open Budget» лойиҳаси асосида амалга оширилиши жуда ҳам кенгайди. Мазкур лойиҳаларда ютиш учун эса ўқитувчилар ишдан сўнг «тўйхоналарга бориб ёки уйма-уй юриб, бозорларда ёки аҳоли гавжум жойларда ўқитувчиларнинг ўз ҳисобидан олган қайсидир буюм эвазига овоз йиғиш» билан банд.

Бундай ҳолатларда ўқитувчиларнинг ягона мақсади сиз ва бизнинг фарзандларимизни яхшироқ шароитларда ўқишларини таъминлаши. «Open Budget» масаласи ҳеч қачон Ихтисослаштирилган ёки Президент мактабларида кузатилмаган, кузатилмайди ҳам. Хусусий мактаблар эса ўз номи билан хусусий.

Умумтаълим тизимида таълим сифати эмас, асосан давомат текширилади. Ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабаб мактабга келмаган ҳар бир ўқувчи учун, ўқувчиларнинг дам олиш кунлари ва мактабдан ташқари содир этган ҳар бир хатти-ҳаракатлари учун доимо фан ўқитувчилари, синф раҳбарлари ва мактаб директори жавоб беради.

Табақалаштирилган таълим тизимидаги умумтаълим мактаблари битирувчиларининг жуда оз қисми яхши натижаларга эришиб, асосий қисми (айримлари якуний давлат имтиҳонларига келмаса ҳам) шаҳодатнома олиш учун мактабга келишади. Агар давлат имтиҳонлари холисона ўтказиладиган бўлса умумтаълим тизимидаги ўқувчиларнинг 70-80% синфдан-синфга ўтолмай, қайтадан ўқишга мажбур бўлишади. Афсуски, бунинг умуман иложи йўқ.

Чунки, ўқитувчи виждонан баҳо қўйиб, холисона ёндашса деярли 80% ўқувчилар синфдан-синфга ўтолмагани учун аввало ўқитувчилар айбдор қилиниб, мактаб директорлари орқали Ўқитувчиларга босим ўтказилади.

Бундан ташқари, кераксиз рейтинг тизими сабаб ТEПАдан ўқувчиларга яхши баҳо қўйилиши кераклиги ҳақида доимо буйруқлар келади. Умумтаълим тизимининг маҳаллий давлат ҳокимиятига азалий қарамлиги таълим тизимининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган энг бош омил ҳисобланади.

Табақалаштирилган таълим тизими бироз бошқачароқ кўринишда Олий таълим тизимида ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари 2 турга бўлинади:

  1. Давлат тасарруфидаги ОТМлари
  2. Нодавлат (Хусусий) ОТМлари

Ҳар иккала турдаги ОТМини битириш арафасида бериладиган дипломлар бир хил бўлсада, улардаги яратилган шарт-шароитлар ва эркинликлар бир-биридан фарқ қилади. Айниқса, Хусусий ОТМда дарс берадиган ўқитувчининг ойлик иш ҳақи Давлат тасарруфидаги ОТМда ишлайдиган ўқитувчининг ойлик иш ҳақидан 2-3 баровар юқори.

Шунингдек, нодавлат олий таълим ташкилотларидаги ўқитувчилар Давлат тасарруфидагидек турли хил ҳисоботлар, тадбирбозлик ва ортиқча қоғозбозликлардан холилиги сабаб давлат тасарруфидаги ОТМларда дарс бераётган PhD ва DsI даражаларига эга ўқитувчилар хусусий олий талим ташкилотларига ишга ўтишмоқда. Буни эркин рақобат муҳити дейишимиз мумкин, аммо тез орада бу ҳолат ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Бундан 6-7 йил олдин, фақатгина давлат тасарруфидаги ОТМ бор бўлиб, белгиланган квоталар сонига қараб талабаликка (грант ёки тўлов асосида) қабул қилинар эди. У даврда мактаб битирувчилари, абитуриентлар фақатгина ўқиб мақсадларига эриша олар, билимлиларгина ўқишга кира оларди. Эркин рақобат муҳити бор эди.

Давлат тасарруфидаги ОТМдаги «Суперконтракт» тизими ва «контракт миқдори Давлат ОТМдан юқорироқ бўлган ҳолда 60 балдан юқори бални қўлга киритган ҳар ким ОТМ талабаси бўлиши мумкин» шароитини яратиб берган Хусусий ОТМ мактаб ўқувчилари, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини фарзандларининг илмга бўлган қизиқиши ва ўқишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Олий таълимга киришда берилаётган ҳаддан ортиқ имтиёзлар масаласи ҳам жуда оғир. Аслида эса, «имконияти чекланган» ва «боқувчисини юқотган чин етимлар»гагина бундай имтиёзлар берилса мақсадга мувофиқ. Қолган ҳар қандай имтиёзларни эса қабул қилиб бўлмайди!

Чет элда, Халқаро университетларда ҳам имтиёзлар мавжуд, аммо улар бошқача кўринишда ва уларни айни фойдали десак ўринли. Биргина мисол, талаба бўлган ёки эндигина ўқишга топширган абитуриент топширган йўналишидаги асосий фан ёки халқаро хорижий тил сертификатига эга бўлса тўлаши керак бўлган контракт миқдорининг 10 фоизидан 70 фоизигача имтиёзга эга бўлади. 

«Суперконтракт» тизими яратилганлиги, хусусий ОТМлари ва имтиёзларнинг кўпайганлиги сабаб Олий таълим муассасаларидаги талабалар сони бундан 6-7 йил олдингига қараганда 4-5 баровар кўпни ташкил этмоқда. Буни қуйидаги иккита жадвал орқали ҳам кўришимиз мумкин:

Олий таълим ташкилотларидаги талабалар сони

Йиллар кесимида

2016/2017

2017/2018

2018/2019

2019/2020

2020/2021

2021/2022

2022/2023

Талабалар сони

268 281

297 689

360 204

440 991

571 512

808 439

1 042 100

Олий таълим ташкилотлари сони

Йиллар кесимида

2016/2017

2017/2018

2018/2019

2019/2020

2020/2021

2021/2022

2022/2023

ОТМлар сони

  70

  72

  98

  119

  127

  154

  191

Жадвалдаги йиллар кесимида келтирилган талабалар сони кейинги 2-3 йилда яна 5-6 бароварга кўпаяди. Бу рақамларнинг ошиши халқаро андозалардаги қуйидаги иккита кўрсаткичнинг 5-10 йил олдинги даврга қараганда ўсганлиги билан баҳоланиши мумкин:

1. 10 йил олдинги даврга қараганда энди «айрим ривожланган давлатлар сингари энди Ўзбекистонда ҳам олий таълимга кириш осон, уни битириш қийин механизми жорий этилиб, ҳар ким ҳам талаба бўлиши мумкин, бироқ билимлиларгина олий таълимни битира олади» дейилишига;

2. Аҳолининг зиёлилик қатлами (олий маълумотлилик кўрсаткичи) 10 йил олдинги даврга қараганда 10-15 бароварга оширилди. Яъни, «аҳолининг олий таълимга қамрови 10-15 бароварга оширилди» дейиладиган кўрсаткичларни шаклланишига хизмат қилади.

Албатта, бу кўрсаткичлар яхши, бироқ олий таълим муассасалари ўртасида эркин рақобат муҳити шаклланмаса, билими бори ҳам, йўғи ҳам ўқиса-ўқимаса талаба бўлиш имконияти яратилган бўлса ва улар ўқимасдан туриб олий маълумотли бўлиш имкониятига эга бўладиган бўлса бу албатта келажакда ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. 

Айниқса, бундай давлатларда коррупция оммалашган бўлса ҳокимиятлар тепасига «давлатни ривожлантирадиган ва халқининг фаровон турмуш тарзини ярата оладиган билимли кадрлар» эмас, «узоқни кўриб ислоҳот қила олмайдиган, аввало ўз нафсини устун қўядиган ва халқни эса умуман ўйламайдиган кадрлар» келади.

32 йил давомида дунёнинг таълим тизими ривожланган давлатлардан андоза олишга ҳаракат қилдик, миллиардлаб пулларни бехуда сарфладик, ҳеч қайси тизим самара бермади, бермайди ҳам. Қачонки «Жадидлар» сингари ўз «Миллий таълим тизими»мизни яратсакгина натижага эриша оламиз!

Бунинг учун эса, ҳадеб четдан кадрлар жалб қилиш шарт эмас. Миллий таълим тизимимизнинг фидойи-ислоҳотчи кадрларини эшитайлик, мавжуд муаммо ва уларнинг ечимини кўрсата оладиган, таклифлар бера оладиган устозларни эшитайлик.

Завқибек Маҳмудов, ФА Тарих институти кичик илмий ходими

Изоҳлар 1

Avaz Karimov
2023-Nov-19 07:18
Juda toʻgʻri fikrlar yozilibdi.
Фикр билдириш