Qidirish

15:22 / 2024-12-05 497 0 Жамият

Хориждаги маҳкумларни Ўзбекистонга қабул қилиш тартиби белгиланди

Хориждаги ўзбекистонликларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари самарали ҳимоя қилиниши кучайтирилади. Президент томонидан 4 декабрда имзоланган қонун билан Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.

world-news

Қонун билан кодекс хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилишини, озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун, қабул қилиб олишни ҳамда хорижий давлатга беришни назарда тутувчи янги боб билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахсларни ва ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асослари, суд жараёни иштирокчиларининг просессуал мақоми белгиланмоқда.

 

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун 24-октябрь куни сенаторлар томонидан маъқулланганди. Қонунда озодликдан маҳрум этилган шахсларни улар жазо ўташини давом эттириш учун, шунингдек, руҳий касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш ва қабул қилиш асослари, шартлари ҳамда рад этиш тўғрисидаги қоидаларни киритиш назарда тутилган.

Қонун хорижий давлатлар судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби, шахсларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа масалаларга доир қоидаларни қамраб олган. Унда маҳкумларни жазони ўташни давом эттириш ёхуд руҳий касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистонга қабул қилиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳам аниқ белгиланмоқда.

Сенаторлар қонун маҳкумни унга белгиланган жазони ўз давлатида ўташи орқали уни ижтимоий реабилитация қилишни жадаллаштиришга, шунингдек, хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилинишига хизмат қилишини таъкидлаганди.

28 август куни Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганди. Яъни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлинишига, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга), Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (болалар омбудсманига) ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Маҳкумлар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Жазони ижро этиш муассасаларининг ходимлари маҳкумларга нисбатан инсоний муомалада бўлиши шарт. Маҳкумларда уларнинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш