Сўнгги пайтларда айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Навоий инновациялар университети фаолиятига оид аноним мурожаатларга асосланган танқидий материаллар эълон қилинмоқда.
Мазкур материалларда кўтарилган масалалар юзасидан муносабат билдириш билан бирга, университетнинг жамият ҳаётидаги ўрни, бугунги кунга қадар эришган натижалари ҳамда амалга оширилаётган ишлари ҳақида маълумот беришни муҳим деб ҳисоблаймиз.
Навоий инновациялар университети мамлакатида нодавлат олий таълимни ривожлантириш ва таълим қамровини кенгайтириш борасида яратилган имкониятлар асосида 2023-йилда фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда университетда 10 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Университетнинг ташкил этилиши Навоий вилояти ва унга яқин ҳудудлардаги ёшларга ўз яшаш жойидан узоқлашмасдан олий таълим олиш учун қўшимча имконият яратди. Бу эса оилаларнинг фарзандларини бошқа вилоятлар ёки хорижга ўқишга юбориш билан боғлиқ харажатларини камайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, университет сифатли таълимни таъминлашда замонавий ўқув бинолари, хавфсиз ва қулай таълим муҳити, мустаҳкам моддий-техник база ҳамда малакали профессор-ўқитувчилар салоҳияти бирдек муҳим эканини яхши англайди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам яқинда Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш муносабати билан таълим сифатини ошириш, соҳада янгича ёндашувларни қўллаш, бозор талабларига мос таълимни, рақобатни ҳамда хусусий сектор иштирокини ривожлантириш вазифаларини белгилаб бердилар.
Бу вазифалар нодавлат олий таълим муассасалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Зеро, таълим қамровини кенгайтириш билан бирга, унинг сифатини ошириш ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш ҳам муҳимдир.
Албатта, қисқа муддатда фаолият кўламини кенгайтириб бораётган ҳар қандай муассасада муайян ташкилий ва амалий масалалар юзага келиши мумкин. Муҳими, уларни эътиборсиз қолдирмасдан, ўз вақтида бартараф этиш ва такрорланишига йўл қўймасликдир.
Илмий фаолият ва эришилган натижалар
Университетда таълим жараёни билан бир қаторда илмий тадқиқотлар, инновацион лойиҳалар ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ишларига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, мактабгача таълим йўналиши талабаси Дилноза Шодиева Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндори бўлди.
Университетда сунъий интеллект, рақамли технологиялар, яшил иқтисодиёт, филология ва таълим соҳаларида республика ҳамда халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар томонидан Сцопус ва Веб оф Сциенце халқаро маълумотлар базаларида индексланган журналларда 10 та, республика журналларида 114 та илмий мақола чоп этилган, 1 та илмий грант қўлга киритилган, 3 та патент расмийлаштирилган ҳамда 7 та илмий ишланма амалиётга жорий этилган.
Халқаро ва маҳаллий ҳамкорлик
Университет Ҳиндистоннинг МИТ Ворлд Пеаце Университй олий таълим муассасаси билан сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик йўналишларини белгилаган.
Шунингдек, университет вакиллари Буюк Британиядаги БЕТТ УК–2026 халқаро таълим технологиялари кўргазмасида иштирок этиб, қўшма таълим дастурлари, академик алмашинув ва замонавий лабораториялар ташкил этиш имкониятларини ўрганган.

Ўзбекистон миллий педагогика университети, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ҳамда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Навоий филиали билан таълим, илмий тадқиқот ва талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик келишувларига эришилган.
Битирувчилар бандлиги ва талабаларни қўллаб-қувватлаш
Университет учун битирувчиларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши таълим самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларидан биридир.
2024–2025-йилларда 1049; 2025-2026-йилларда 1224 нафар талаба университетни тамомлаган бўлиб, уларнинг 2025-йилда 1002 таси (95,5%), 2026-йилда 1121 таси (91,6%) меҳнат фаолиятини бошлаган ёки ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашган.

Шунингдек, иқтидорли ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшлар учун 173 нафар талабага таълим гранти, 334 нафарга стипендиялар тақдим этилган. Ушбу мақсадларга жами 2 710 000 000 сўм йўналтирилган.
Университет фаолияти ҳудуд иқтисодиёти ва аҳоли бандлигига ҳам ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунга қадар муассасада 282 та иш ўрни яратилган бўлиб, уларнинг 282 тасида маҳаллий мутахассислар фаолият юритмоқда.
Ўқув жараёни ва моддий-техник базани такомиллаштириш
Жорий йилнинг апрел ойида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан университет фаолиятида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилган. Ўрганишдан сўнг университетда чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, масъуллар ва ижро муддатлари белгиланган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ходимларнинг фаолияти ўрганилиб, айримлари билан меҳнат шартномалари бекор қилинди, бошқаларига нисбатан интизомий чоралар кўрилди. Шунингдек, бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун ички назорат кучайтирилди.
Мазкур режа доирасида ўқув режалари малака талаблари асосида қайта ишлаб чиқилиб, университет Кенгаши томонидан тасдиқланди.
Фан номлари ҲЕМИС тизими билан мувофиқлаштирилди, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламалари қайта кўриб чиқилди. Қўшимча ўқув бинолари ва майдонлар жалб қилиниб, улардан фойдаланиш бўйича ижара шартномалари тузилди. Компютер синфлари ва лабораториялар қайта жиҳозланди, махсус лингафон хоналари ташкил этилди.

Ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида «СЕРВЕРЦОРЕ ЦИС» МЧЖ хорижий корхонаси билан 553493-сон шартнома тузилди.
«УНИЦОН.УЗ» ДУК маълумотлар маркази хизматларидан фойдаланиш йўлга қўйилди ҳамда моодле.ниуеду.уз электрон таълим платформаси ишга туширилди.
Амалга оширилган ишлар ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар вазирликка тақдим этилган. Университетнинг асосий ўқув биноси юзасидан санитария-епидемиология, ёнғин хавфсизлиги ва қурилиш соҳасидаги ваколатли ташкилотларнинг тегишли хулосалари олинган.

Моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш, ўқув майдонларини кенгайтириш ва таълим жараёни учун зарур шароитларни яхшилаш ишлари давом эттирилмоқда.
Биринчи курс талабаларини кутиб олиш тадбири ҳақида
Мақолада жорий йилнинг 5-октябр куни биринчи курс талабаларининг университет ҳудудида тўплангани юзасидан ҳам эътирозлар келтирилган.
Аслида шу куни университетнинг Кармана тумани, Тошкент кўчаси, 39-уй манзилидаги асосий биноси ҳовлисида биринчи курс талабаларини кутиб олишга бағишланган «Илк қадам — илк ўқув куни» байрам тадбири ташкил этилган. Тадбир олдиндан режалаштирилган бўлиб, хавфсизликни таъминлаш мақсадида тегишли давлат идораларига расмий хатлар юборилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим тасвирлар айнан мазкур тадбир жараёнига тегишли. Аудитория етишмаслиги сабабли машғулотларни бекор қилиш ёки бошқа кунга кўчириш ҳолатлари кузатилмаган.
Профессор-ўқитувчилар ва кадрлар сиёсати
Бугунги кунда университетда 203 нафар асосий штатдаги профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Уларнинг 74 нафари илмий даража ёки унвонга эга бўлиб, илмий салоҳият кўрсаткичи 39 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, 18 нафар профессор-ўқитувчи ўриндошлик асосида жалб қилинган.
Жорий йил май ойида профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламалари қайта кўриб чиқилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш белгиланган ички тартиблар асосида амалга оширилмоқда.

Мақолада раҳбариятнинг аввалги меҳнат фаолияти ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашувига оид тахминлар ҳам келтирилган.
Таъкидлаш жоизки, шахснинг аввалги меҳнат фаолияти ёки эгаллаган лавозими ўз-ўзидан манфаатлар тўқнашуви ёхуд қонунбузарлик мавжудлигини англатмайди. Бу каби масалаларга ҳуқуқий баҳо беришда аниқ далиллар ва холис ёндашув муҳим.
Университет меҳнат муносабатларида қонунийликни таъминлаш, ходимлар мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
Танқид ва масъулият
Навоий инновациялар университети ўз фаолиятининг ривожланиш босқичида эканини ва олдида ҳали муҳим вазифалар турганини яхши англайди.
Бизнинг мақсадимиз танқиддан қочиш эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришдир. Камчиликларни оқлаш эмас, уларни бартараф этишдир. Энг муҳими, университетга ишонч билдирган минглаб ёшларнинг таълим олиши ва келажаги учун масъулиятни ҳис қилишдир.

Университет Президент ташаббуси билан янгидан ташкил этилган Таълим ва илм-фан вазирлигининг нодавлат олий таълимни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлари, тавсия ва кўрсатмаларига таянган ҳолда ўз фаолиятини янада такомиллаштириб боради. Зеро, барчамизнинг муштарак мақсадимиз — ёшларга сифатли таълим бериш ва мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган малакали кадрларни тайёрлашдир.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларидан университет фаолиятига оид материалларни тайёрлашда аноним мурожаатлардаги фикрлар билан бир қаторда, муассасанинг расмий жавоблари ва амалга оширган ишларини ҳам инобатга олишларини сўраймиз.
Университет оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот қилиш, саволларга ҳужжатлар асосида жавоб бериш ва конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёр.
Навоий инновациялар университети матбуот хизмати




