Фарғона вилояти Учкўприк туманида фермер билан пахта кластери ўртасида терим пули масаласида тортишув юзага келган. «Султонобод боғи бўстони» фермер хўжалиги раҳбари Муножат Умарова Эффецт.уз таҳририятига мурожаат қилди. Унинг айтишича, «ПРОФ ТЕКСТ ПЛЮС» кластери терим пулларини ўз вақтида тўлаб бермаяпти.
Фермер бу масалани аниқлаш учун 26-октябр куни кластер биносига борган. Аммо ўша ерда вазият кескинлашган. Муножат Умарованинг айтишича, кластер вакиллари билан тортишув вақтида унга нисбатан турли гаплар айтилган. У ҳатто фермерларнинг қадри ҳақида ҳақоратомуз сўзлар ишлатилганини билдирган.

Лекин воқеа содир бўлган кунга оид кузатув камералари ёзувлари Эффецт.уз таҳририятига ҳам етиб келди. Камера тасвирларида фермернинг кластер биносига тушлик вақтида киргани кўринади. У айрим хоналарнинг эшикларини очади. Шундан сўнг ҳисобчилар хонасида кластер ходимлари билан тортишув юзага келади.
Хўш, кластер томони бу воқеага қандай қарайди?
Эффецт.уз мухбири Хамид Аҳмедов воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида кластернинг масъул ходимлари билан суҳбатлашди. Кластер вакилларининг айтишича, фермер ўша куни асабий ҳолда келган ва ходимлар билан тортишган.
Уларнинг таъкидлашича, теримчиларнинг пуллари масаласида фермерга ёрдам бериш мақсадида 20 миллион сўм атрофида нақд пул бериш таклифи ҳам билдирилган. Бироқ бу таклиф қабул қилинмаган.

Тортишувдан кейин Муножат Умарованинг қон босими кўтарилгани ва у бироз вақт ўзи билан келган «Дамас» автомашинасида дам олгани айтилмоқда.

Биз воқеанинг яна бир муҳим томонини ҳам ўргандик. Кластер ҳисобчиси Иқболжон Хатамовнинг маълум қилишича, янги мавсумдан терим пуллари фермерлар тақдим этадиган счёт-фактуралар асосида тўланади.

Яъни қайси фермернинг тегишли ҳужжатлари электрон базага биринчи юкланса, тўлов жараёни ҳам шу тартибда амалга оширилади. Шунингдек, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни сабабли тўловларда кечикишлар бўлиши ҳам мумкин.
Эътиборли жиҳати — Муножат Умарова 9-ноябр куни унга 27 миллион сўм тўланганини маълум қилди. Бу воқеадан 15 кун ўтиб амалга оширилган тўлов.

Фермернинг айтишича, у Эффецт.уз таҳририятига мурожаат қилганидан сўнг тўлов жараёни тезлашган. У бу борада таҳририят ходимларига миннатдорчилик ҳам билдирди.
Хўш, бу можарода ким ҳақ? Фермернинг терим пули бўйича эътирози асослими?
Кластердаги тўлов жараёни ҳақиқатдан ҳам ҳужжатларни электрон базага киритиш кетма-кетлигига боғлиқми? 26-октябр куни кластер биносида аслида нима бўлган?
Буларнинг барчасини воқеа жойидаги камера ёзувлари ва Эффецт.уз мухбири Ҳамид Аҳмедовнинг суриштируви асосида тайёрланган видеолавҳада кўришингиз мумкин.
Бошловчи: Шаҳзода Раҳимова
Мухбир: Ҳамид Аҳмедов



