Ўзбекистон

Зарафшон миллий боғи экотизими хавф остидами?

Akmal Eshonxonov28 кўришлар
Зарафшон миллий боғи экотизими хавф остидами?

Зарафшон миллий табиат боғи маъмурияти расмий муносабат билдирди.

Зарафшон миллий табиат боғи илмий ходими Э. Б. Холманов томонидан ЭКОЛОГ.УЗ ахборот портали ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган «Қурғоқчилик ва ўзбошимчалик миллий боғга хавф туғдирмоқда» номли мақола юзасидан боғ маъмурияти қуйидагиларни маълум қилади.

Мақолада кўтарилган муаммо ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлиб, миллий табиат боғининг табиий экотизимини сақлаш нуқтайи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда миллий табиат боғи чегараси бўйлаб оқиб ўтувчи Чегара каналида сув миқдори сезиларли даражада камайган. Илмий ходимларнинг кузатувларига кўра, 2022-йилдан бошлаб сув сатҳи пасая бошлаган, 2023-йилда эса каналнинг доимий сув оқими тўхтаган.

Ушбу канал узоқ йиллар давомида ёввойи ҳайвонлар, жумладан, Бухоро хонгули, Зарафшон қирғовули ва бошқа маҳаллий фауна вакиллари учун муҳим сув манбаларидан бири бўлиб хизмат қилган.

Илмий ходимимиз томонидан эълон қилинган мақола табиий муҳитда юз бераётган экологик ўзгаришлардан ташвишланиш ҳамда олиб борилган кузатувларга асосланган. Миллий табиат боғи маъмурияти ҳам ушбу хавотирни тўлиқ тушунади ва унга қўшилади.

Шу билан бирга, сув оқимининг тўхташига сабаб бўлган аниқ омилларни, жумладан, хўжалик фаолиятининг эҳтимолий таъсирини аниқлаш қўшимча ва холисона ўрганишни талаб этади. Мазкур ҳолатга Зарафшон дарёсининг гидрологик режимидаги ўзгаришлар ҳамда бошқа омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Муаммонинг асл сабабларини аниқлаш мақсадида миллий табиат боғи маъмурияти сув хўжалиги мутахассислари, гидролог олимлар ва тегишли ваколатли идоралар иштирокида биргаликда ўрганиш ишларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқчи.

Ўрганиш натижалари асосида Чегара каналининг сув таъминотини тиклаш имкониятлари ҳамда миллий табиат боғининг табиий экотизимини муҳофаза қилиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилади.

Зарафшон миллий табиат боғи маъмурияти экологик муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг сабабларини холисона ўрганиш ва табиий меросимизни асраб-авайлаш бўйича зарур чораларни кўришни ўзининг муҳим вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Зарафшон миллий боғи экотизими хавф остидами? | Effect.uz