У фуқарони тиббиёт марказига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига пул талаб қилган.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида маҳалла раисларидан бири фуқарони Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ишга жойлаштириб қўйиш учун 3 минг АҚШ доллари талаб қилганликда гумонланиб, ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда 1985-йилда туғилган, Зангиота туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси К.У. фуқарони тиббиёт марказига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 3 минг доллар талаб қилгани аниқланган.
Маҳалла раиси пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




