Qorong‘i rejim
Жамият

«АВТО ВИЛЛАГЕ»дан алданган фуқаролар Саида Мирзиёевага мурожаат қилди

Akmal Eshonxonov38 кўришлар

Хитойдан автомобил олиб келиш ва сотишни ваъда қилган «АВТО ВИЛЛАГЕ» МЧЖ билан шартнома тузган юзлаб фуқаролар ваъда қилинган машиналарни ололмагани, айримлари эса тўлаган маблағларини ҳам қайтариб ололмаётганини билдирмоқда. Улар муаммога эътибор қаратишни сўраб, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага мурожаат қилди.

Бир неча йил аввал «АВТО ВИЛЛАГЕ» МЧЖ орқали Хитойдан автомобил харид қилишни режалаштирган фуқаролар компания билан шартномалар тузиб, белгиланган маблағларни тўлаган. Мурожаатчиларнинг айтишича, нисбатан арзонлаштирилган дастлабки тўловлар ваъдаси кўпчиликнинг компанияга ишонишига сабаб бўлган.

Бироқ автомобиллар ўз вақтида етказиб берилмаган. Шундан сўнг фуқаролар компаниядан тўланган маблағларни қайтаришни талаб қилган.

Таҳририятга тақдим этилган ҳужжатлар орасида қиймати 210 миллион сўм бўлган ва тўлови тўлиқ амалга оширилган шартнома ҳам мавжуд. Шунга қарамай, мурожаатчиларнинг билдиришича, шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан компания вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айрим шахслар қўлга олинган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кредит тўлади, аммо автомобил ололмади

Мурожаатчилар орасида жиззахлик бир фуқаронинг ҳолати алоҳида эътиборга лойиқ.

У ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун кундузги парвариш боғчаси эҳтиёжлари учун Дамас русумли автомобил харид қилишни режалаштирган. Шу мақсадда банкдан кредит олиб, «АВТО ВИЛЛАГЕ» МЧЖ билан шартнома тузган.

Бироқ бугунга қадар фуқаро на автомобилни олган, на тўланган маблағларни қайтариб олган. Айни пайтда у банкдан расмийлаштирган кредитини пенсияси ҳисобидан тўлашда давом этмоқда.

Бу ҳолат бажарилмаган шартнома ортида фақат молиявий зарар эмас, балки ижтимоий эҳтиёжлар ҳам қолиб кетиши мумкинлигини кўрсатади.

Саида Мирзиёевадан амалий ёрдам сўралмоқда

Бугун ушбу компаниядан жабр кўрганини айтаётган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида йиғилиб, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага мурожаат қилди.

Улар ҳолатни атрофлича ўрганиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва тўланган маблағларни қайтариш масаласига эътибор қаратишни сўрамоқда.

Мурожаатчиларнинг асосий талаби — ишнинг қонуний ва холисона кўриб чиқилиши, тергов жараёни натижаларига ҳуқуқий баҳо берилиши ҳамда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши.

Эффецт.уз таҳририяти Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевадан мазкур мурожаатга эътибор қаратишини ва масъул идоралар томонидан муаммонинг қонуний ечими топилишига кўмаклашишини сўрайди.

Таҳририят ушбу ҳолат юзасидан мутасадди идоралар муносабатини ҳам олишга тайёр. Тергов натижалари ва фуқаролар мурожаатининг кейинги тақдири кузатиб борилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«АВТО ВИЛЛАГЕ»дан алданган фуқаролар Саида Мирзиёевага мурожаат қилди | Effect.uz