Qorong‘i rejim
Жамият

Хориждаги навоийлик ёшлар учун 24/7 режимида махсус платформа яратилади

Akmal Eshonxonov15 кўришлар
Хориждаги навоийлик ёшлар учун 24/7 режимида махсус платформа яратилади

Жорий йил 26-ноябр куни Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов хорижий давлатларда таълим олаётган ва ишлаётган навоийлик ёшлар билан очиқ ва самимий руҳда онлайн мулоқот ўтказди. Расмиятчиликдан холи тарзда кечган тадбирда АҚШ, Буюк Британия, Япония, БАА, Хитой, Жанубий Корея, Австралия ва Россия каби 10 дан зиёд мамлакатдан 70 нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Суҳбат давомида хорижда таҳсил олаётган талабалар ўқув жараёнлари, халқаро майдондаги ютуқлари ва орттираётган тажрибалари билан ўртоқлашди. Хорижда меҳнат қилаётган ёшлар эса иш ва яшаш шароитлари, мавжуд имкониятлар ҳамда дуч келаётган муаммолар юзасидан очиқ фикр билдирди.

Бундан ташқари, иштирокчилар вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш, хориждаги илғор билим ва тажрибани Навоий тараққиётига йўналтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Вилоят раҳбари ҳар бир ёшнинг таклиф ва мурожаатларини диққат билан тинглаб, кўтарилган масалаларни чуқур ўрганиш ва зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.

Учрашувнинг энг муҳим янгиликларидан бири — хориждаги навоийлик ёшлар билан 24/7 форматида доимий алоқада бўлиш имконини берувчи махсус дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ушбу платформа орқали дунёнинг исталган нуқтасидаги навоийлик ёшлар ўз таклиф-ташаббусларини тезкор йўллаши ва муаммоли вазиятларда амалий кўмак олиши мумкин бўлади.

Мулоқот якунида чет элдаги ёшларнинг интеллектуал салоҳиятидан вилоят равнақи йўлида самарали фойдаланиш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва юрт билан ришталарини мустаҳкамлаш ишлари изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Хориждаги навоийлик ёшлар учун 24/7 режимида махсус платформа яратилади | Effect.uz