Суд бир оилани уйдан мажбурий кўчириш ҳақидаги даъвони рад этган. Аммо орадан кўп ўтмай, аёлнинг айтишича, унинг буюмлари уйдан олиб чиқилиб, ўзи қизлик уйига олиб бориб ташланган. Энди у ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун масъул идоралардан ёрдам сўрамоқда.
Аввалроқ ЭФФЕЦТ.УЗ сайтида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 19 йиллик турмуши давомида тўрт нафар фарзандни тарбиялаб келаётган Ш. Абдураҳмонованинг оилавий муаммоси ёритилган эди.
Суд қарорида нима дейилган?
2026-йил 28-сентябр куни Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди М. Тўхтаназаровнинг Ш. Абдураҳмонова ва унинг оила аъзоларини уйдан мажбурий кўчириш ҳақидаги даъво талабларини рад этган.
Суд ҳужжатида аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди 2010-йил апрел ойидан буён ушбу хонадонда яшаётгани, уйга мулкдорнинг розилиги билан жойлашгани ҳамда ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга экани қайд этилган.
Бироқ суднинг мазкур қарорига қарамай, кейинчалик хонадонда бошқа ҳолат юз берган.
Суддан кейин нима бўлган?
Ш. Абдураҳмонованинг билдиришича, 2026-йил 11-октябр куни кечки вақтда қайнотаси ва бошқа қариндошлари хонадонга келган. Улар аёлнинг розилигисиз шахсий буюмларини машинага юклаб, уни қизлик уйига олиб бориб ташлашган.
Аёлнинг айтишича, у бунга эътироз билдирганида, уйни бўшатмаса, ўлдириш билан таҳдид қилинган.
Бу ҳолатда бир қатор саволлар туғилади: суд орқали кўчиришга эриша олмаган томон нега суд қароридан ташқари ҳаракат қилган? Фуқаронинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи ўзбошимчалик билан чекланиши мумкинми?
Албатта, келтирилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ваколатли органларнинг вазифаси. Аммо суд ҳужжати мавжуд бўлган шароитда фуқаронинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилингани очиқ қолмоқда.
102 га қўнғироқлар ва натижасиз мурожаатлар
Ш. Абдураҳмонованинг айтишича, у бир неча бор 102 рақамига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраган. Бироқ унинг фикрича, мурожаатлари ҳанузгача кутилган натижани бермаган.
22-ноябр куни ЭФФЕЦТ.УЗ ижодий гуруҳи Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг шахсий қабулига борди. Бироқ қабулга кириш имкони бўлмади. Мақсадимиз мазкур ҳолатни вилоят ички ишлар органлари раҳбарияти эътиборига етказиш ва расмий муносабат олиш эди.
Масъул идоралардан жавоб кутамиз
Фарғона вилояти ИИБ ва прокуратурасига қуйидаги саволлар билан мурожаат қиламиз:
Суднинг кўчириш ҳақидаги даъвони рад этган қарори кейинги ҳаракатларда инобатга олинганми?
Аёлнинг буюмлари розилигисиз уйдан олиб чиқилгани ҳақидаги важлар текширилганми?
Ўлдириш билан таҳдид қилингани ва 102 рақамига қилинган қўнғироқлар юзасидан қандай чоралар кўрилган?
Тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бор онанинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги қандай таъминланади?
Масъул идоралардан ушбу ҳолатни назоратга олиб, суд ҳужжати, 102 рақамига қилинган мурожаатлар ва аёл билдирган важларни холисона ўрганишни сўраймиз.
Суд қарори бор экан, унинг ижроси ва фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимояси таъминланиши шарт. Ҳеч ким ўзини суд ўрнига қўйиб, бошқа бир инсоннинг ҳуқуқларини ўзбошимчалик билан чеклашга ҳақли эмас.
ЭФФЕЦТ.УЗ ҳолат юзасидан масъул идоралар ва иккинчи томоннинг муносабатини ҳам ўрганишда давом этади.




