Qorong‘i rejim
Жамият

Мирзиёев Миср президентига таъзия йўллади

Akmal Eshonxonov19 кўришлар
Мирзиёев Миср президентига таъзия йўллади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Миср пойтахти Қоҳира яқинида содир бўлган йирик ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисига таъзия йўллади.

Маълум қилинишича, фожиа 25-ноябр куни Қоҳирани айланиб ўтувчи ҳалқа автомобил йўлининг Гиза вилоятидаги Варрак ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган. Ёнилғи ташиётган юк машинаси ағдарилиб кетиши оқибатида кучли ёнғин юзага келган. Аланга тез орада атрофдаги автомобилларга ҳам тарқалган.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган, яна 21 киши жароҳатланган. Дастлабки маълумотларда қурбонлар сони бошқача келтирилган, шу боис якуний рақамлар ўзгариши мумкинлиги билдирилган

Ҳодиса жойига 39 та тез тиббий ёрдам машинаси юборилган. Жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга олиб борилган. Ёнғин оқибатида 20 дан ортиқ автомобил ва мотоциклга зарар етгани хабар қилинган.

Миср Бош прокуратураси фожиа сабабларини аниқлаш бўйича тергов бошлаган. Ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ДНК намуналари олинган. Айни пайтда юк машинаси нима сабабдан бошқарувни йўқотгани юзасидан расмий тергов натижалари кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Мирзиёев Миср президентига таъзия йўллади | Effect.uz