Qorong‘i rejim
Жамият

Қўмита аралашуви билан истеъмолчиларга асоссиз ечилган маблағлар қайтарилди

Akmal Eshonxonov41 кўришлар
Қўмита аралашуви билан истеъмолчиларга асоссиз ечилган маблағлар қайтарилди

Рақобат қўмитаси аралашуви натижасида бир қатор ҳудудларда фуқароларга асоссиз ечилган пуллар қайтарилди. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисасидан кейин тўланмай келган 15 миллион сўмлик суғурта товони ундирилиши таъминланди.

Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, қўмитанинг ҳудудий бошқармаларига келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, таълим, ёқилғи, муддатли тўлов, консалтинг, суғурта ва пул ўтказмалари соҳаларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Жумладан, Қорақалпоғистонда тикувчилик курси машғулотлари бир неча бор ўзгартирилиб, кейинчалик тўхтатилгани сабабли фуқарога тўланган 2,6 миллион сўмнинг 1,5 миллион сўми қайтарилди.

Андижонда онлайн илова орқали АИ-92 бензини учун тўланган, аммо ёқилғи қолмагани сабабли берилмаган 158 минг сўм фуқаронинг банк картасига ўтказилди. Жиззахда эса фойдаланилмаган таълим курси бўйича 6 миллион сўмлик шартнома бекор қилинди.

Навоийда икки фуқаронинг банк карталаридан асоссиз ечилган 930 минг ва 266 минг сўм тўлиқ қайтарилди. Самарқандда Германияга саёҳат бўйича кўрсатилмаган консалтинг хизмати учун тўланган 6 миллион сўм ҳам фуқарога қайтарилди.

Сирдарёда муддатли тўлов асосида олинган смартфон қарзи тўлиқ ёпилганига қарамай, картасидан ечилган 800 минг сўмга яқин маблағ қайтарилди.

Тошкент вилоятида эса йўл-транспорт ҳодисасидан кейин суғурта товонини ололмаган фуқарога «Капитал суғурта» компанияси томонидан 15 миллион сўм тўланиши таъминланди. Тошкент шаҳрида «Алиф мобиле» иловаси орқали ўтказилган, аммо белгиланган ҳисобга тушмаган ва қайтарилмаган 1,7 миллион сўмга яқин маблағ ҳам эгасига қайтарилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Қўмита аралашуви билан истеъмолчиларга асоссиз ечилган маблағлар қайтарилди | Effect.uz