Жамият

Ёпиқ доира: эълон қилинмаган Низом ва суд ҳимоясидан маҳрум бўлган педагоглар...

Akmal Eshonxonov49 кўришлар
Ёпиқ доира: эълон қилинмаган Низом ва суд ҳимоясидан маҳрум бўлган педагоглар...

Бир қатор маҳорат маркази педагог ходимлари аттестация натижасида ишдан бўшатилган. Бунга Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024-йил 17-октябрдаги 336-сонли буйруғи билан тасдиқланган давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва расман эълон қилинмаган Низоми асос қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан икки йил давомида судлашдик. Лекин бирорта суд Низомнинг қонунийлигини моҳиятан текширмади.

Шунинг учун Конституциявий судга мурожаат қилдик. Ушбу мақолада бу ҳолат қандай юзага келганини ва нима учун у фақат бир фуқаронинг шахсий иши эмаслигини тушунтираман.

Икки йўналиш, битта натижа

Низомни икки йўл билан судга чиқардик. Фуқаролик ишида ишга тикланишни, маъмурий ишда эса Низомни ҳақиқий эмас деб топишни сўрадик. Иккала йўлда ҳам барча инстансиялар рад жавобини берди.

Шу тариқа, иккала иш бўйича ҳам судда ҳимояланишнинг барча воситаларидан фойдаланиб бўлинди.

Таҳлил: ёпиқ доира қандай вужудга келди

Муаммонинг моҳияти шуки, битта ҳужжатга икки суд икки хил баҳо берди. Фуқаролик судлари Низомни ишдан бўшатишга қонуний асос деб қабул қилди. Маъмурий суд эса уни «норматив ҳужжат эмас» деб текширишдан бош тортди.

Низом — умуммажбурий ҳужжат. У бутун республикадаги маҳорат марказлари педагогларига нисбатан баҳолаш тартиби, мезонлари ва оқибатларини белгилайди. Бундай ҳужжат «шахсий тусдаги» ёки «бир марта қўлланадиган» ҳужжат эмас. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўгрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига кўра, низом ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

Олий суд мезонни тан олди, лекин хулоса чиқармади. 2026-йил 18-сентябрдаги жавобда фуқаролар ҳуқуқига дахлдор ҳужжат давлат рўйхатидан ўтмаса кучга кирмаслиги тан олинган (469-сон қарор талаби). Низом педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқига бевосита дахл қилди. Мантиқан олганда, у рўйхатдан ўтмагани учун юридик кучга эга эмас ва ишдан бўшатишга асос бўла олмайди.

Қонунбузарлик ҳимоя қилмасликка асос бўлди. Вазирлик Низомни рўйхатдан ўтказмагани — мен шикоят қилаётган қонунбузарликнинг ўзи. Суд эса айнан шу ҳолатни ҳужжатни текширмаслик учун сабаб қилиб кўрсатди. Натижада ҳужжат ҳам қўлланаверади, ҳам суд назоратидан четда қолади.

Ҳимоянинг бошқа йўли ҳам кўрсатилмади. Агар Низом ростдан ҳам якка тартибдаги ҳужжат бўлса, уни оддий маъмурий тартибда текшириш мумкин эди. Бироқ суд бу йўлни ҳам кўрсатмади.

Ноаниқлик инсон зарарига талқин қилинди. Қонуннинг 18-моддасига кўра, инсон ва давлат органи ўртасидаги ҳар қандай зиддият инсон фойдасига талқин қилинади. Менинг ишимда эса ҳар гал аксинча бўлди.

Конституциявий суддан нима сўрадим?

Конституциявий шикоят фақат муайян ишда қўлланилган қонун устидан берилади. Шунинг учун мен Низомнинг ўзини эмас, судлар қўллаган қонун нормаларига амалиётда берилган мазмунни этироз қилдим.

  1. Маъмурий суд ишларини юритиш тўгрисидаги кодекснинг 27- ва 30-моддалари. Амалиётда улар шундай талқин қилинмоқда: вазирлик ҳужжатни рўйхатдан ўтказмаса, уни судда этироз қилиб бўлмайди. Менимча бу Конституциянинг 55-моддасидаги суд ҳимояси ҳуқуқига ва 19-моддадаги қонун олдида тенгликка зид. Суд ҳимояси давлат органининг ўз мажбуриятини бажарган-бажармаганига боғлиқ бўлмаслиги керак.

  2. Меҳнат кодексининг 161-моддаси. Амалиётда ходимнинг лавозимга мос эмаслиги эълон қилинмаган ҳужжат асосидаги баҳолаш билан аниқланиши мумкин деб талқин қилинмоқда. Менимча бу Конституциянинг 42-моддасидаги меҳнат қилиш ҳуқуқига зид. Фуқаро ҳуқуқига доир ҳужжатни расмий эълон қилиш уни қўллашнинг мажбурий шартидир. Бу талабга Олий суд Пленумининг 2023-йил 23-июндаги 16-сон қарорида ҳам эътибор қаратилган.

Мурожаатда бу икки талқинни Конституцияга мувофиқ эмас деб топиш сўралган. Шунингдек, нормаларнинг конституциявий мазмунини аниқлаш ва чиқарилган суд ҳужжатларини қайта кўриш лозимлигини кўрсатиш сўралган.

Хулоса: бу фақат биргина фуқаронинг иши эмас

Агар вазирлик ҳужжатни рўйхатдан ўтказмасдан қўлласа ва шу сабабли у судда текширилмаса, исталган идора шу йўл билан суд назоратидан четда қолиши мумкин. Бу Низом бутун республикадаги маҳорат марказлари педагогларига нисбатан қўлланади.

Конституциявий суднинг қарори битта педагогнинг тақдирини ҳал қилибгина қолмайди. У фуқаро идоравий ҳужжат устидан қайси судга ва қайси тартибда шикоят қилиши мумкинлигини ҳам аниқлаб беради. Ҳуқуқий давлатда суд текширмайдиган ҳужжат бўлмаслиги лозим.

Адвокат: Мавлянов Шавкат

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ёпиқ доира: эълон қилинмаган Низом ва суд ҳимоясидан маҳрум бўлган педагоглар... | Effect.uz