Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида инсон ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказган шахслардан 1,3 миллиард сўмгача товон пули ундирилиши мумкин. Шунингдек, бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари обектларини ёнғиндан мажбурий суғурталаши шарт бўлади.
Бу 2-ноябр куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунда белгиланди.
Янги тартибга кўра, ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида ёнғин содир бўлиб, инсон ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилса, суд айбдор шахс зиммасига етказилган зарарни қоплашдан ташқари алоҳида товон пули тўлаш мажбуриятини ҳам юклаши мумкин.
Товон пулининг миқдори жабрланувчининг ҳолатига қараб белгиланади. Жумладан, жабрланувчи вафот этган тақдирда 1 миллиард 320 миллион сўмгача, И гуруҳ ногиронлиги белгиланганда 660 миллион сўмгача, соғлиққа бошқа турдаги зарар етказилганда эса 264 миллион сўмгача товон ундирилиши мумкин.
Бунда инсон ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар давлат фойдасига ундириладиган жарима ва молиявий санксиялардан олдин қопланади.
Қонун билан бозорлар, савдо комплекслари ҳамда савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари зиммасига ёнғин оқибатида учинчи шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилганлик учун фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш, шунингдек, обектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш мажбурияти юклатилди.
Ушбу талабларни бажармаган мансабдор шахсларга 22 миллион сўмдан 33 миллион сўмгача жарима солинади. Ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, жарима 44 миллион сўмгача етади.
Шаҳарсозлик соҳасида ҳам жавобгарлик кучайтирилди. Обектларни лойиҳалаштириш, қуриш ёки фойдаланишга қабул қилиш жараёнида рухсат бериш тартибларига қонунга хилоф равишда аралашиш, ваколатли органлар ва хулоса берувчи шахсларга босим ўтказиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.
Бундай ҳаракатлар учун 15 суткагача маъмурий қамоқ ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин. Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, айбдор 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Шунингдек, обектларда ёнғин аудити ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Аудит мустақил аккредитациядан ўтган ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Ижобий хулоса олган обектларда давлат ёнғин назорати органлари бир йил давомида режали текширувлар ўтказмайди.
Мазкур ўзгартишлар Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, шунингдек, «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги ҳамда «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонунларга киритилди.




