Ўзбекистон

ШҲТ Бош котиби Самарқанддаги экспертлар мулоқотида ҳамкорлик устувор йўналишларини белгилади

Akmal Eshonxonov17 кўришлар
ШҲТ Бош котиби Самарқанддаги экспертлар мулоқотида ҳамкорлик устувор йўналишларини белгилади

Нурлан Ермекбаев терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Самарқандда Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Нурлан Ермекбаев нутқ сўзлади.

ШҲТ Бош котиби ташкилотнинг 2024-йилда Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида мазкур форумни ташкил этиш ташаббусини илгари сургани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, бундай форматдаги ҳамкорлик кенг қамровли ва инклюзив халқаро шерикликни шакллантиришга хизмат қилади.

Нурлан Ермекбаев ШҲТ сўнгги чорак аср давомида турли сиёсий тизимлар, маданий анъаналар ва миллий устуворликларга эга давлатларни бирлаштирган нуфузли трансминтақавий кўп томонлама ташкилотга айланганини қайд этди.

Шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан Марказий Осиёни ШҲТнинг ўзаги сифатида эътироф этилгани алоҳида таъкидланди. Мулоқотда минтақавий хавфсизлик учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

«ШҲТ Афғонистоннинг террорчилик, уруш ва гиёҳвандликдан холи бўлган мустақил, бетараф ва тинчликсевар давлат сифатида қарор топиши тарафдори эканини ҳамда ушбу мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича халқаро ҳамжамият томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди», — деди Нурлан Ермекбаев.

Бош котиб 2026-йил сентябр ойи бошида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида қабул қилинган муҳим қарорларга ҳам тўхталди.

Жумладан, саммитда ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказ ҳамда ШҲТ Наркотикларга қарши курашиш маркази Ижроия қўмитаси тўғрисидаги низомлар тасдиқланган. Шунингдек, 2030-йилгача мўлжалланган гиёҳвандлик, синтетик наркотиклар ва уларнинг прекурсорлари тарқалишига қарши курашиш дастурлари қабул қилинган.

Нутқ якунида Нурлан Ермекбаев ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор йўналишларини белгилаб берди. Улар қаторида экспертлар мулоқотини чуқурлаштириш, янги технологик таҳдидларга қарши курашиш, терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотикларнинг ноқонуний айланиши ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши қўшма чораларни кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Шунингдек, превентив дипломатия ва мулоқот маданиятини мустаҳкамлаш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

ШҲТ Бош котиби Самарқанддаги экспертлар мулоқотида ҳамкорлик устувор йўналишларини белгилади | Effect.uz