Сиёсат

«Яхши ҳам блогерлар бор. Биз тезроқ ишлаймиз» — Самарқандда ёмғирдан кейинги манзара

Akmal Eshonxonov15 кўришлар
«Яхши ҳам блогерлар бор. Биз тезроқ ишлаймиз» — Самарқандда ёмғирдан кейинги манзара

Сўнгги кунларда ёққан кучли ёмғир Самарқанд шаҳри инфратузилмасини яна бир бор синовдан ўтказди. Айрим кўчаларни сув босди, яқинда қурилган тротуарлар эса чўкиб кетди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар орқали муаммо кенг жамоатчиликка кўринди. Кўп ўтмай, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев ҳам ҳолатга муносабат билдирди.

Ҳоким муаммони кўрсатиб берган ижтимоий тармоқ фаолларига миннатдорлик билдириб, камчиликларни тезкор бартараф этиш бўйича топшириқ берган.

«Яхшиям шу блогерлар бор. Блогер айтди, бизлар тезроқ ишлаймиз. Дарров келдик», — деди вилоят ҳокими.

Ҳокимнинг айтишича, муаммонинг сабабларидан бири сув ўтказиш тизимининг қуввати билан боғлиқ. Унинг таъкидлашича, мавжуд тармоқ 70–80 йиллик бўлиб, бугунги юкламани кўтара олмаяпти.

Ҳоким янги тармоқ ўрнатишда ҳам шошма-шошарликка йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади. Хусусан, янги тармоқ қуввати аввалгисидан бир неча баробар катта бўлиши, лойиҳадаги белгилар ва ўлчовлар эса тўғри олиниши зарурлигини айтди.

«Олдин проектний институт отметкани тўғри олиши керак. Отметка хато кетиб қолмаслиги керак. Ҳали олдинда қиш бор, баҳор бор, қанча ёмғир ёғади», — деди у.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, ҳозир икки асосий масалага эътибор қаратилмоқда: мавжуд муаммони тезкор бартараф этиш ва кейинчалик яна такрорланмаслиги учун ишни сифатли бажариш.

У шунингдек, ёмғир давом этаётган пайтда таъмирлаш ишларини шошилиб бажариш ҳам сифатга таъсир қилиши мумкинлигини айтди.

«Ҳозир ёмғир пайтида қилсангизлар, сифациз бўлиб қолади. Ҳозир одамларнинг ўтиши учун имконият қилиб беринглар», — деди вилоят ҳокими.

Адиз Бобоев блогерларнинг танқидий материаллари орқали шаҳардаги айрим муаммолардан хабардор бўлаётганини ҳам таъкидлади.

Унинг айтишича, ижтимоий тармоқлардаги фаолликни фақат танқид сифатида эмас, муаммоларни тезроқ аниқлаш имконияти сифатида ҳам қабул қилиш керак.

«Кўпинча шу блогерларимизнинг комментарияларини ўқиб, ижтимоий тармоқда ўқиб, кўп нарсани ўрганяпман. Бу — яхши нарса», — деди ҳоким.

Унинг фикрича, иш жараёнида айрим камчиликлар бўлиши табиий, аммо муҳими — уларни ўз вақтида кўриш ва бартараф этиш.

Эътиборли жиҳати, муаммонинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар орқали кенг жамоатчиликка маълум бўлган. Ҳоким эса бу ҳолатни танқиддан қочиш эмас, аксинча, муаммони тезроқ кўриш ва унга ечим излаш имконияти сифатида баҳоламоқда.

Энди асосий масала — берилган ваъдалар амалда қандай бажарилишида.

Чунки янги қурилган тротуарнинг кучли ёмғирдан кейин чўкиши фақат тезкор таъмирлашни эмас, лойиҳалаш, қурилиш сифати ва қабул жараёнига ҳам жиддийроқ қараш кераклигини кўрсатмоқда.

Самарқанддаги бу ҳолатда блогерлар муаммони кўрсатди, ҳокимлик эса уни бартараф этишга киришганини билдирди. Энди жамоатчилик учун энг қизиқ савол — кейинги кучли ёмғирда бу жой яна сув остида қоладими ёки муаммо ҳақиқатан ҳам ҳал қилинадими?

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Яхши ҳам блогерлар бор. Биз тезроқ ишлаймиз» — Самарқандда ёмғирдан кейинги манзара | Effect.uz