Тошкентда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг «ТАСС» ахборот агентлиги ҳамкорлигида ИИИ Ўзбекистон–Россия медиа форуми бўлиб ўтди. Унда давлат идоралари, медиахолдинглар, ИТ-сектор ва креатив индустрия вакилларидан 200 дан зиёд иштирокчи қатнашди.
Форумда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов сўзга чиқиб, замонавий ахборот маконидаги чақириқлар, Ўзбекистон медиа соҳасидаги ўзгаришлар ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларига тўхталди.
Унинг таъкидлашича, бугун ахборот нафақат янгилик етказиш воситаси, балки давлат тараққиёти ва халқаро майдондаги ишончга таъсир кўрсатувчи стратегик омилга айланган.
Асадов мамлакатда қарийб 2,7 мингта ОАВ фаолият юритаётгани, уларнинг 67 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини қайд этди. Шунингдек, интернет қамрови 94 фоизга етгани, фаол контент истеъмолчилари сони эса 32,7 миллиондан ошганини маълум қилди.
У сунъий интеллект ривожланиши ортидан фейк ва дипфейклар кўпайиб бораётганига эътибор қаратиб, дезинформацияга қарши курашиш умумий вазифа эканини таъкидлади:
«Ҳеч бир миллий медиа тизими бундай чақириққа қарши ёлғиз ўзи кураша олмайди. [...] Сўз ихтилоф эмас, балки ўзаро англашув манбаи бўлиши лозим».
Шерзод Асадов Ўзбекистон ва Россия медиа ҳамкорлигининг тўртта устувор йўналишини ҳам санаб ўтди. Булар — журналистлар тажрибасини алмашиш ва кадрлар тайёрлаш, дезинформацияга қарши биргаликда курашиш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича ҳамкорлик, шунингдек, таҳририятлар, журналистлар ва блогерлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш.
«Ёлғон ҳақиқатдан тезроқ тарқалаётган дунёда фактларни биргаликда ҳимоя қилиш — ахборот маконидаги умумий суверенитетимиз масаласидир», — деди Президент матбуот котиби.
У нутқини Алишер Навоийнинг «Кимки дўст топса, хазина топибди» деган ҳикмати билан якунлади.




