Сиёсат

Ўзбекистон Оролни қутқариш жамғармасига 3,3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширади

Akmal Eshonxonov20 кўришлар
Ўзбекистон Оролни қутқариш жамғармасига 3,3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига 2027–2029-йиллардаги раислиги даврида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди.

Тақдимотда сув ресурслари, экология ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни қамраб олган 133 та лойиҳа ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Уларнинг умумий қиймати 3,3 миллиард долларни ташкил этади.

Лойиҳалар доирасида сув хўжалиги иншоотларини модернизация қилиш, сув ресурсларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг рақамли тизимларини жорий этиш, тошқин ва қурғоқчиликни прогнозлаш, шунингдек, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш режалаштирилган.

Ташаббуслар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида молиялаштирилади.

Президент лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича ойлар кесимида «йўл харитаси»ни тасдиқлашни топширди. Шунингдек, халқаро экспертлар, олимлар ва хориждаги ватандошларни жараёнга жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон раислиги даврида жамғарманинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, Афғонистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва минтақада сув дипломатиясини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети жамғарма ташаббусларини илмий-таҳлилий қўллаб-қувватлаш платформасига айлантирилади. Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича ягона маълумотлар базаси яратиш, сув хўжалиги соҳасида минтақавий таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистон Оролни қутқариш жамғармасига 3,3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширади | Effect.uz