Сиёсат

9 ойда 420 мингдан ортиқ шахсга маъмурий жазо қўлланди – Олий суд

Akmal Eshonxonov5 кўришлар
9 ойда 420 мингдан ортиқ шахсга маъмурий жазо қўлланди – Олий суд

Жорий йилнинг 9 ойида туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судларнинг тергов судялари томонидан 662 237 нафар шахсга нисбатан 549 231 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. Шундан 420 245 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган.

Жазоларнинг асосий қисми жарима ва маъмурий қамоқдан иборат бўлган. Хусусан, 340 986 нафар шахсга жарима, 77 309 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Шунингдек, 71 450 нафар шахс ярашилгани муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.

Кўриб чиқилган ишлар орасида майда безорилик, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик, лицензиясиз йўловчи ташиш, совуқ қурол ёки ундан фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, ҳақорат қилиш, электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш каби ҳуқуқбузарликлар кўп учраган.

Бундан ташқари, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатида енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказиш, жамоат жойларида алкогол истеъмол қилиш ҳамда транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ ишлар ҳам кўриб чиқилган.

Қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида 11 006 та тақдимнома чиқарилган.

Суд қарорлари юқори инстансияларда қанча ўзгарган?

Апелляция тартибида 7 656 нафар шахсга нисбатан 6 804 та иш кўриб чиқилган. Натижада 1 496 нафар шахсга нисбатан биринчи инстансия судлари қарорлари бекор қилинган, 2 495 нафар шахсга нисбатан қарорлар ўзгартирилган.

Кассация тартибида эса 10 656 нафар шахсга нисбатан 10 152 та иш кўриб чиқилган. Шундан 4 379 нафар шахсга нисбатан биринчи инстансия қарорлари бекор қилинган, 2 347 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари ўзгартирилган.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 955 нафар шахсга нисбатан 918 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.

Уларнинг 187 нафарига нисбатан қуйи судлар қарорлари бекор қилинган, 232 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар эса ўзгартирилган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

9 ойда 420 мингдан ортиқ шахсга маъмурий жазо қўлланди – Олий суд | Effect.uz