Президент Михаил Кавелашвили билан учрашувда Ўзбекистон – Грузия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Туркияга амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Грузия Президенти Михаил Кавелашвили билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон – Грузия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг 2-3-июл кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Грузияга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат парламентлари, вазирликлари, идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони изчил ортиб бормоқда. Мамлакатимизда грузиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк фаолият юритмоқда.
Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, саноат кооперациясини илгари суриш, туризмни ривожлантириш, транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда икки мамлакат ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка кенг жалб этиш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференсиясининг 31-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлигининг энергетика вазири ҳамда саноат ва минерал ресурслар вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида вазир мамлакатимиз етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони кўп қиррали ҳамкорлиги ҳамда кенг кўламли шериклигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда алоқалар жадал ривожланиб, йирик лойиҳалар портфели шакллангани, шундан асосий қисми “яшил” энергетика тармоғига тўғри келаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Учрашувда нефт-газ, нефт-кимё, тоғ-кон саноати ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, аниқ амалий таклифларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган ЦОП31 саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида ушбу етакчи молиявий институт билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон олти йилдан буён ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик молиявий ҳамкори бўлиб келмоқда. Лойиҳалар портфели 7 миллиард доллардан, 2025-йилда амалиётлар ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди.
Банкнинг “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди. Унинг мамлакатимизга киритган сармояларининг қарийб 60 фоизи ушбу йўналишдаги лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади.
Келгуси йил учун ҳамкорликнинг электр инфратузилмасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларини ривожлантириш, банк соҳасида хусусийлаштиришни амалга ошириш, Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш каби устувор йўналишлари белгилаб олинди.
2027-йилда Хорижлик инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.




