Кўпчиликда ҳавони ифлослантириши ҳақида хато тасаввур уйғотган ушбу корхона бугун рақамли мониторинг, экологик назорат ва яшил энергияни жорий этишда республикада етакчилик қилмоқда.
"Эффеcт.уз" жамоаси "Эффеcт Плус" лойиҳаси доирасида Навоий шаҳрида бўлиб, республикамизнинг энг йирик кимё корхоналаридан бири — "Навоиязот" аксиядорлик жамияти фаолияти, ходимларга яратилган шароитлар ва янги истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Навоий вилояти Ўзбекистоннинг йирик саноат ҳудудларидан бири ҳисобланади. Вилоят марказида жойлашган “Навоиязот” аксиядорлик жамияти эса минтақадаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири сифатида кўп йиллардан буён фаолият юритиб келмоқда.

Эффеcт.уз жамоаси “Еффеcт плюс” лойиҳаси доирасида “Навоиязот” АЖга ташриф буюриб, корхонанинг ишлаб чиқариш ҳудудлари, экологик хавфсизликка қаратилган чора-тадбирлар, янги энергетика лойиҳалари, ишчилар учун яратилган шароитлар ҳамда замонавий ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти билан танишди.

Корхона раҳбарияти ва ходимлари суҳбат давомида “Навоиязот”нинг сўнгги йиллардаги ривожланиш босқичлари, амалга оширилган инвестиция лойиҳалари ва янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича режалари ҳақида ҳам маълумот берди.
“Яшил макон” — саноат ҳудудидаги яшил белбоғ
Навоий вилояти иқлим жиҳатидан чўл ҳудудига яқин бўлишига қарамай, “Навоиязот” корхонаси атрофида кўплаб яшил ҳудудлар ташкил этилган. Корхона вакилларининг таъкидлашича, сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида саноат корхоналари атрофида яшил белбоғларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхона ҳудудидаги дарахт ва кўчатларни парваришлаш билан махсус бўлим ходимлари — агрономлар, ишчилар ва бошқа мутахассислар шуғулланади.

«Охирги йилларда муҳтарам президентимиз томонидан ъЯшил маконъ, ъЯшил белбоғъ лойиҳаларини амалга оширишга, айниқса саноат корхоналари атрофида яшил белбоғларни ташкил этиш бўйича ташаббус билан чиққанлар. Мана шу ташаббус натижасида бугунги кунда ъНавоиязотъ атрофи тўлиқ яшил белбоғ билан қопланган. Буни сақлаб туриш учун бизда махсус бўлимимиз фаолият олиб боришади — аёлларимиз, эркакларимиз, боғбонларимиз, агрономларимиз айнан мана шу яшилликларни бизга тақдим этишяпти», — дейди корхона раҳбари Фаррух Самадов.

Экология: 30 дан ортиқ газ таҳлил постлари ишламоқда
Ташриф давомида корхона фаолияти билан боғлиқ экологик масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳридаги ҳаво ифлосланиши ва турли зарарли моддалар чиқиндилари ҳақида турли фикрлар билдирилган. Айрим ҳолатларда бу ҳолат “Навоиязот” фаолияти билан боғланган.


Корхона раҳбарияти эса ушбу масалани ўрганиш ва ҳаво таркибидаги ўзгаришларни аниқ назорат қилиш мақсадида махсус мониторинг тизимлари жорий этилганини маълум қилди. Корхона ҳудудига турли анализаторлар ўрнатилган. Шунингдек, Навоий шаҳри ва Кармана тумани ҳудудларида 30 дан ортиқ газ таҳлил қилувчи постлар ишламоқда.
Корхонада 200–250 метр баландликда жойлаштирилган камералар орқали атмосферадаги тутун ва бошқа моддаларнинг ҳаракати ҳам кузатилади. Бу орқали ҳаво оқимларининг йўналиши, эҳтимолий чиқиндиларнинг қаердан келаётгани ва қайси ҳудудга тарқалаётганини аниқлаш имкони яратилган.
«Бу бизнинг корхонадан чиқмаётганини исботлаб бериш мақсадида жуда кўплаб анализаторларни завод ҳудудига қўйдик. Нафақат биздан чиқмаётгани, балки бу ўзи қаердан пайдо бўлаётганини кўрсатиб бериш мақсадида Навоий шаҳри ҳамда Кармана тумани ҳудудида 30 дан ортиқ газни таҳлил қиладиган постлар ўрнатдик.
200–250 метр баландликда камераларимиз бор. Ўша камералар орқали заҳарли моддалар ва тутунларнинг шаҳар ҳамда завод ҳудудига тарқалиб келишини назорат қиламиз. Масалан, бу томонда Қизилқум семент, Электрхимзавод ва хусусий корхоналар бор. Тутун ва чанглар тўғридан тўғри корхонамиз устидан ўтиб, шаҳарга кириб боряпти. Шунга қарамай, асосий чанг чиқарадиган катта ускуналаримизга скрубберлар (чангни ушлаб қолувчи мосламалар) ўрнатилган», — дейди корхона мутасаддиси.

Шунингдек, корхона атрофида 12 километргача бўлган ҳудудда 28 та санитар-екологик пост ташкил этилган. Улардаги кўрсаткичлар доимий кузатиб борилади. Тизимда меъёрий ҳолат “яшил” кўрсаткич билан ифодаланади. Корхонада чанг чиқарувчи йирик ускуналарга махсус чанг ушлаб қолувчи қурилмалар ҳам ўрнатилган.
300 миллион долларлик мега-лойиҳа: Карманадаги қуёш стансияси
Ташрифнинг яна бир муҳим йўналиши — Кармана туманида амалга оширилаётган йирик энергетика лойиҳаси бўлди. 520 гектар майдонда қуёш панеллари асосида электр энергияси ишлаб чиқарувчи стансия қурилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 300 миллион долларга баҳоланган.

Лойиҳа доирасида 300 МВт қувватга эга электр стансияси барпо этилмоқда. Унда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 50 фоиздан ортиғи “Навоиязот” эҳтиёжларига йўналтирилади. Қолган қисми эса Навоий шаҳри аҳолиси эҳтиёжлари учун тақсимланиши режалаштирилган. Лойиҳани Хитойнинг “Синома” компанияси амалга оширмоқда. Қурилиш ишларини 2026 йил сентябр ойида якунлаш ва обектни тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Корхона вакилларининг айтишича, янги қуёш электр стансияси ишга тушгач, “Навоиязот”да ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун сарфланадиган электр энергияси харажатлари сезиларли даражада камаяди.

«Лойиҳа қиймати 300 миллион доллар. Стансия 300 МВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариладиган энергиянинг 50 фоиздан ортиғи ъНавоиязотъга етказиб берилади. Бу эса корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган электр энергияси харажатларини тахминан 50 фоизга камайтириш имконини беради», — дейди лойиҳа мутахассиси.
Сўнгги 10 йилда 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция
Таъкидланишича, 2016 йилдан буён корхонани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу даврда корхонага 2 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритилиб, ишлаб чиқариш қувватлари модернизация қилинган. Жумладан, Япониянинг “Мицубиши” компанияси билан ҳамкорликда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича қиймати 1 миллиард долларлик йирик лойиҳа амалга оширилган. Корхона мутасаддилари ушбу мажмуа нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги замонавий ишлаб чиқариш обектларидан бири эканини қайд этди.

Шунингдек, Швейсариянинг “Cасале” компанияси билан ҳамкорликда янги авлод азот кислотаси ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилган. Органик маҳсулотлар ва қурилиш саноати учун зарур хомашё ишлаб чиқариш мақсадида поливинилхлорид (ПВХ), метанол ва каустик сода ишлаб чиқариш мажмуаси ҳам ишга туширилган. Ушбу лойиҳанинг қиймати қарийб 500 миллион долларни ташкил этади.
Корхонада формалин, карбамид-формалдегид смолалари, полимерлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ҳам ташкил этилган.
«2016 йилдан буён ъНавоиязотъ ривожига катта эътибор қаратилди. Шу даврда 2 миллиард доллардан зиёд инвестиция дастури амалга оширилди, ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ модернизация қилинди», — дейди корхона раҳбари.
Мутахассислар — корхонанинг асосий таянчи
Корхонада янги технологияларни ўзлаштириш билан бир қаторда малакали кадрлар тайёрлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Айрим мутахассислар хорижий давлатларга — Европа мамлакатлари ва қўшни давлатларга малака ошириш учун юборилмоқда. Ҳар бир йирик инвестиция лойиҳаси доирасида кадрлар тайёрлаш дастури ҳам ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.

Бунга ёрқин мисол тариқасида корхонада 17 йилдан буён фаолият юритаётган муҳандис аёл Гуллола Иноятованинг тажрибасини келтириш мумкин. У ҳеч қандай олий даргоҳда ўқимаган бўлса-да, оддий Навоий аёли сифатида йиллар давомида корхонада меҳнат қилиб, ўз иш тажрибаси ортидан юқори малакали мутахассис даражасига кўтарилган.
Бугунги кунда Гуллола Иноятованинг меҳнати ва фидойилиги юқори баҳоланиб, корхона томонидан янада юқори технологияларни мукаммал эгаллаши учун Франсияга — Париж шаҳрига малака оширишга юборилган. У ерда ўқиб, замонавий билимларни ўзлаштириб қайтган муҳандис аёл ҳозирда янги ва мураккаб технологик жараёнларни муваффақиятли бошқариб келмоқда.
«Навоиязот«да 2009-йилдан бери ишлайман. Дастлабки маошим 130 минг сўм эди. Бугунги кундаги даромадим билан таққосласак, маошим қарийб 100 баробарга ошган. Иш шароитлари яхши, жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган. Франсияга бориб, тажриба алмашиб, малакамни ошириб келганман», — дейди Гуллола Иноятова.
Янги лойиҳа қурилиши бошланганиданоқ ёш мутахассислар ишга жалб қилиниб, улар хорижда худди шундай корхоналарда тажриба орттириши учун шароит яратилмоқда. Корхона мутасаддилари келгусида асосий мақсад хорижий технологияларни нафақат ишлатиш, балки уларни маҳаллийлаштириш эканини қайд этди.
Бунинг учун маҳаллий ускуналар ишлаб чиқариш, янги маҳсулотлар яратиш ва илмий-тадқиқот ишларини кучайтиришга эътибор қаратилади.

«Ҳар бир лойиҳа амалга оширилаётганда фақат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш эмас, балки кадрлар тайёрлаш дастури ҳам кўзда тутилади. Ёш мутахассисларни қурилиш жараёни бошланганиданоқ ишга олиб, хорижда малакасини ошириб, ўзимиз учун кадр тайёрлаймиз», — дейди корхона раҳбари.
Ходимларнинг малакасини оширишда халқаро грант дастурларидан ҳам фойдаланилмоқда. Хусусан, Хитой ва Германиядаги таълим дастурлари ва грантларда корхона мутахассислари иштирок этмоқда.
Аммиак ва карбамид: йилига миллионлаб тонна маҳсулот
Корхонадаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 2020 йилда ишга туширилган мажмуа бир нечта ишлаб чиқариш сехларидан ташкил топган. Аммиак ишлаб чиқариш сехининг лойиҳавий қуввати йилига 660 минг тонна, карбамид ишлаб чиқариш сехининг қуввати эса 577,5 минг тоннани ташкил этади.

Бир суткада қарийб 2 минг тонна аммиак ва 1 750 тонна карбамид ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Ишлаб чиқарилган аммиакнинг бир қисми карбамид ишлаб чиқаришга йўналтирилса, қолган қисми бошқа маҳсулотлар тайёрлашда ишлатилади. Карбамид 50 килограммлик қопларда, бир тоннадан қадоқланган ҳолда ва сочма кўринишда ҳам юкланади. Маҳсулотларнинг асосий қисми Ўзбекистон фермерларига етказиб берилса, экспорт географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Корхона маҳсулотлари Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон, Италия, Греция ва Грузия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
Азот кислотаси ишлаб чиқариш: йилига 500 минг тонна қувват
Корхонада Швейсариянинг “Cасале” компанияси билан ҳамкорликда лойиҳаланган азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси ҳам фаолият юритмоқда. 2020 йилда ишга туширилган мажмуанинг йиллик лойиҳавий қуввати 500 минг тоннани ташкил этади. Корхона вакилларининг айтишича, жорий йилда ишлаб чиқариш режаси 102,5 фоизга бажарилган. Маҳсулот асосан қишлоқ хўжалигида ўғит ишлаб чиқаришда, шунингдек, тоғ-кон саноатида қўлланади. Мажмуа таркибида асосий ишлаб чиқаришдан ташқари, суюқликларни сақлаш, совитиш ва бошқа ёрдамчи бўлимлар ҳам мавжуд.
ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш
2019 йил 28 декабрда ишга туширилган яна бир йирик мажмуада поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқарилади.
Лойиҳавий қувват йилига:
* 100 минг тонна ПВХ;
* 75 минг тонна каустик сода;
* 180 минг тонна метанол ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Каустик сода хлор ишқори ишлаб чиқариш жараёнида ҳамда тоғ-кон саноатида қўлланади. ПВХ эса қурилиш, машинасозлик ва бошқа тармоқларда кенг фойдаланилади. Метанол полимерлар ва органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда хомашё сифатида ишлатилади. Мазкур мажмуада 1 200 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилади.
Ишчилар учун меҳнат шароитлари ва имтиёзлар
Корхонада иш жараёнлари меҳнат шароитларига қараб турли сменалар асосида ташкил этилган. Айрим иш жойларида 8 соатлик, бошқаларида 12 соатлик ёки узлуксиз 24 соатлик иш режими қўлланади. Барча ишлаб чиқариш жараёнлари автоматлаштирилган бўлиб, смена алмашинувида ходимлар иш жараёнини бир-бирига белгиланган тартибда топширади.
Зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш жараёнларида меҳнат қиладиган ходимлар учун эса меҳнат шароитлари махсус аттестациядан ўтказилади. Унинг натижасига кўра иш жойининг хавфлилик даражаси белгиланиб, ходимларга қўшимча тўловлар ва қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар берилади.
Корхона мутасаддиларига кўра, айрим тоифадаги ходимлар учун пенсияга чиқишда ҳам имтиёзлар мавжуд. Хусусан, меҳнат шароити ва хавфлилик даражасига қараб пенсияга белгиланган муддатдан олдин чиқиш имконияти берилиши мумкин.
«Ҳар бир иш жойи меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилади. Аттестация натижасига кўра хавфлилик даражаси белгиланади. Шу асосда ходимларга қўшимча тўловлар билан бир қаторда пенсияга чиқишда ҳам қонунчиликда белгиланган имтиёзлар берилади”, — дейди корхона раҳбари Фаррух Самадов.
Янги лойиҳалар — янги иш ўринлари
“Навоиязот”да амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий мутахассислар салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Корхона раҳбарияти келгусида янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини янада автоматлаштириш, маҳаллийлаштириш ва энергия самарадорлигини оширишга устувор вазифа сифатида қарамоқда.
Шу маънода, Кармана туманида барпо этилаётган 300 МВт қувватли қуёш электр стансияси ҳам корхонанинг энергетик барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим лойиҳалардан бири бўлмоқда.
Ташриф давомида “Навоиязот”нинг нафақат йирик саноат корхонаси, балки замонавий технологиялар, экологик мониторинг, кадрлар тайёрлаш ва янги энергетика лойиҳаларини бирлаштирган ишлаб чиқариш мажмуаси сифатида ривожланаётгани намоён бўлди.
Корхона жамоаси эса келгусида ҳам янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринларини яратишни мақсад қилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, "Навоиязот" АЖ — вақт билан ҳамнафас одимлаётган, эколог, муҳандис ва оддий ишчиларнинг ҳамжиҳатлигида йирик натижаларга эришаётган Ўзбекистон саноатининг флагманидир. Корхонадаги янгиланишлар оғир саноат ҳам эко-тизим ва инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйиб ривожланиши мумкинлигини исботламоқда.
Муҳаммад Али Қозоқов, Эффеcт.уз




