⚠️ DIQQAT: Sayt test rejimida ishlamoqda!⚠️ DIQQAT: Sayt test rejimida ishlamoqda!
Жамият

«Камчиликни тан олишга ҳам, уни бартараф этишга ҳам тайёрман»: Тошкент тумани ҳокими билан бир кунлик рейд

Administrator19-iyul, 2026, 12:3069 кўришлар
«Камчиликни тан олишга ҳам, уни бартараф этишга ҳам тайёрман»: Тошкент тумани ҳокими билан бир кунлик рейд

Фуқаролар мурожаатлари назоратда

Бугунги кунда давлат органларининг очиқлиги, раҳбарларнинг халқ ичига кириб бориши ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. 1978 йилда ташкил топган ушбу туманнинг 15-ҳокими Сардор Эргашев билан очиқ мулоқот давомида ҳудуддаги оғриқли нуқталар, иқтисодий ўсиш драйверлари ва аҳолини қийнаётган муаммолар ўртага ташланди.

Ишчи кун фуқаролар қабулидан бошланди. Қабул давомида аҳолининг уй-жой, моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя ва инфратузилмага оид мурожаатлари тингланди.

Ҳар бир мурожаат юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди ва уларни ижросини белгиланган муддатларда таъминлаш вазифаси қўйилди. Айрим фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ҳамда ҳуқуқий масалаларни ўрганиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ижтимоий ҳимоя: таъмирланган хонадонлар кўздан кечирилди

Ташриф давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун таъмирланаётган ва таъмирланган уйлар кўздан кечирилди.

Таъкидланишича, мазкур ишлар президент томонидан ажратилган маблағлар ҳамда Инсон ижтимоий хизматлар маркази ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Таъмирланган хонадон соҳибаси амалга оширилган ишлар учун миннатдорлик билдириб, уйнинг ташқи ва ички қисми янгилангани, иситиш тизими алмаштирилгани ҳамда яшаш шароити анча яхшиланганини қайд этди.

Пиёдалар хавфсизлиги учун янги тротуар қурилади

Айрота маҳалласидаги мактаб ҳудудида ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Маҳалла аҳолиси ва ота-оналар мурожаати асосида мактабга олиб борувчи пиёдалар йўлагини қуриш бўйича қарор қабул қилинди. Ҳоким мутасаддиларга лойиҳа-смета ҳужжатларини қисқа муддатда тайёрлаш ва қурилиш ишларини 1 августга қадар якунлаш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, ҳудудда йўл белгилари ўрнатиш ва экологик масалаларни ҳам тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳал қилиш белгиланди.

Янги мактаб 1 сентябрга тайёр бўлади

Туман марказидаги 1-сонли мактаб учун қурилаётган 600 ўринли янги ўқув биноси ҳам кўздан кечирилди. Ҳозирги кунда мазкур мактабда қарийб 2700 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги бино фойдаланишга топширилгач, мактабдаги юклама сезиларли даражада камайиши кутилмоқда.

Лойиҳада замонавий синфхоналар, кузатув камералари, инклюзив таълим учун барча шароитлар, лифтлар ва махсус санитария хоналари назарда тутилган.

Янги инвестиция лойиҳалари иш ўринлари яратади

Ҳокимнинг маълум қилишича, туманда 350 гектар ер майдонининг тоифаси ўзгартирилиб, шундан 117 гектарида индустриал парк ташкил этилади.

Мазкур лойиҳа доирасида:

● 15 мингта янги иш ўрни яратиш;

● 250 та янги тадбиркорлик субектини ташкил этиш;

● импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Шунингдек, 2029 йилга қадар 40 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қуриш режаси ҳам амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Соҳилбўйи лойиҳаси аҳоли учун янги масканга айланмоқда

Боғизилол маҳалласида амалга оширилаётган соҳилбўйи ободонлаштириш лойиҳаси ҳам журналистларга таништирилди.

Лойиҳа доирасида канал бўйлаб пиёдалар йўлаклари, хавфсизлик панжалари ва дам олиш ҳудудлари барпо этилган бўлиб, келгусида хизмат кўрсатиш обектлари ҳам қурилиши режалаштирилган. Ҳокимнинг таъкидлашича, мазкур ҳудуд аҳолининг мазмунли дам олиши ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилади.

«Камчиликни тан олишга ҳам тайёрман»

Ташриф якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Ҳоким журналистлар фаолияти давлат органлари учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, танқид ва эътирозлар иш самарадорлигини оширишга хизмат қилишини билдирди.

«Бизга сизларнинг танқидларингиз дарс. Камчиликни тан олишга ҳам тайёрман. Сизлар томонидан билдирилган эътирозларни бартараф қилишга ҳам тайёрман. Бундан қочиш йўқ», — деди Тошкент тумани ҳокими.

Унинг қайд этишича, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, очиқлик ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш туман ҳокимлиги фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Тошкент туманида олиб борилаётган бу каби ўзгаришлар халқ фаровонлигига хизмат қилиши баробарида, ҳудуддаги кўплаб ечимини кутаётган масалаларга ҳам очиқлик ва тизимли ёндашув орқали барҳам берилишига умид уйғотади.

Муҳаммад Али Қозоқов, Эффеcт.уз

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Камчиликни тан олишга ҳам, уни бартараф этишга ҳам тайёрман»: Тошкент тумани ҳокими билан бир кунлик рейд | Effect.uz