Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази халқаро майдондаги нуфузини оширишда давом этмоқда. Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари доирасида Гонконг Сарой музейида (Ҳонг Конг Палаcе Мусеум) салмоқли тадбирлар ташкил этилди. Ушбу ташриф ва тақдимот маросимлари Ўзбекистоннинг ХХРдаги Элчихонаси ҳамда Фавқулодда ва Мухтор Элчи Фарҳод Арзиевнинг бевосита кўмагида юқори савияда ўтказилди.
Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида 20 июл куни Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази ва Гонконг Сарой музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатга Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва музей директори доктор Луис Нге имзо чекдилар. Ушбу келишув қўшма кўргазмалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, маданий меросни асраш ва реставрация қилиш, шунингдек, рақамли музей технологияларини қўллаш ҳамда мутахассислар алмашинувини кенгайтиришни назарда тутади.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ўз сўзида Гонконг Сарой музейи билан имзоланган меморандум икки муассаса ўртасида узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишини ва Марказий Осиёнинг бой сивилизацион меросини глобал майдонда кенгроқ намоён этишга хизмат қилишини таъкидлади. Ўз навбатида, бироз аввал Ўзбекистонга ташриф буюрган доктор Луис Нге ҳам мамлакатимизда маданий меросни сақлаш ва замонавий усулларда тақдим этиш борасидаги ишлар унда катта таассурот қолдирганини айтиб, ҳамкорлик янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
Имзолаш маросимидан сўнг Гонконгнинг расмий доиралари, маданият, илм-фан ва жамоатчилик вакиллари иштирокида Марказ тақдимоти ҳамда брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда Гонконг Сарой музейининг бўлим раҳбари доктор Жорж Ма, Гонконг «Бир макон — бир йўл» бўйича комиссари Николас Хо ва Элчи Фарҳод Арзиев иштирок этиб, Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик асосида изчил ривожланаётганини алоҳида эътироф этдилар.
Анжуман доирасида Марказ ва Ўзбекистон-Хитой маданий алоқаларига бағишланган қисқа ҳужжатли филм намойиш этилди. Шундан сўнг Фирдавс Абдухолиқов «Ўзбекистон меросига очилган ойна: Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази» мавзусида маъруза қилиб, Марказ консепсияси, буюк алломалар мероси ва замонавий музей технологиялари ҳақида атрофлича маълумот берди. Шуннингдек, Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов Буюк Ипак йўли бўйлаб олиб борилаётган қўшма археологик изланишлар ҳақида сўз юритган бўлса, Марказ Илмий котиби Рустам Жабборов «Алишер Навоий ижодида Хитой мавзуси» маърузаси билан чиқиш қилиб, Алишер Навоий асарларидаги маданий яқинлик ва умуминсоний қадриятлар ғоясини таҳлил қилиб берди.
Тадбир якунида томонлар ҳамкорлик сертификатларини алмашдилар ҳамда келгусида китоб-албомлар нашр этиш ва соҳавий тажриба алмашишни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Ўзбекистон делегацияси томонидан Гонконг Сарой музейи фондига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидан ўрин олган ноёб китоб-албомлар тўплами совға қилинди. Делегациянинг Хитой Халқ Республикаси бўйлаб хизмат сафари давом этмоқда.




