Журналист эксперименти деган услуб бор. Бунда муаллиф мавзуни ўзи орқали, ҳолатни ўз танаси орқали ҳис қилиб ўрганади.
Дейлик, ноқонуний қурилишлар авж олган, ШНК (шаҳарсозлик норма ва қоидалари) талаблари энг кўп бузилаётган, айни вақтда Самарқанднинг тарихий ҳудуди бўлган маҳалладан атайлаб уй сотиб олсам-у, кейин ичкаридан кузатувларим асосида таҳлил қилсам, нима бўлибди?
Лекин, аслида, мен уйимни мақола ёзаман деб олмагандим, Туғилиб ўсган жойим. Яқинларим ёнимда бўладиган маҳаллам. Яхши ниятлар билан иморат кўтаргандик. Очиғи, бир кун келиб тадбиркор қўшни қурадиган бизнес обекти ҳаётимни остин-устун қилиб юборишини хаёлимга келтирмаганман.
...Тошкентдан Самарқандга ҳовлиқиб етиб келгунимча (ўшанда Тошкентда ишлардим) тадбиркорга тегишли Шоҳи Зинда кўчаси 85-(Рудакий кўчаси, 285), манзилда аллақачон уч метрдан чуқурроқ кавлашибди. Деворимизгача қолдирилган масофа бир қадам чиқмайди.
Шу куни 2021-йилнинг 8-ноябри эди. Манзил эгалари қўлида қурилишга оид бирорта ҳужжат йўқ! Бизнес обекти қурилаётган уй-жой номида бўлган олтмишлардан ошган Мавлуд
а Пўлатова, унинг ўғли, қурилаётган нотурар жойнинг ҳақиқий эгаси Олим “қазсак, ўз ҳудудимизни қазияпмиз” дейишди паст келмай. Қўлларида қурилишга оид бирорта ҳужжат йўқ! Самарқанд вилоят қурилиш бошқармасидан Озоджон Раҳматов ва Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими мутахассиси Фаррух Халилов тадбиркорга қўшилиб, аслида бу ерга алоқаси бўлмаган қандайдир лойиҳага ишонтиришмоқчи бўлишади. Қоғоз-қалам қилмадик, қўшничилик дедик. Улар уйни 2016-йилда сотиб олишган бўлса-да, уй эгаларини биринчи марта кўриб туришим эди. Уйимизга зарар етмаслиги учун жарликни бетон билан тезроқ мустаҳкамлашни сўрадик.
7-декабрда яна Самарқандга қайтдим. Энди улкан ҳандақ, яна, қарийб 10 метрча чуқур қилиб ковланган. Камига бу хандақ биз томонга янада кенгайтирилган, жарликни ёпиш ваъдаси ҳам бажарилмаган эди. “Бу ер ЮНЕСКОНИНГ “АФРОСИЁБ” археологик қўриқхона ҳудуди-ку”, дея олдим фақат. “Енди бу гал прокуратурага мурожаат қилинг” деди иш бошида турган киши. Олимнинг дадаси экан.

Ҳартугул, уйимиз қуламади. Чунки, у бир қаватли ва бақувват эди. Лекин, соч толасидек илк ёриқлар, қачон бўлмасин, қандай даражада бўлмасин, деформациядан дарак берарди. Хато устига хато, ноқонунийлик устига яна норма бузиш билан бизнес обекти қурилиши давом этарди. Хавотирли ҳолатлар пайдо бўлаётганда, бирин-кетин турли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдим. Ўнлаб идоралар тадбиркорлик обекти шаҳарсозлик нормалари асосида қурилаётганини уқтириб жавоб ёзишди. Кейинроқ эса судга чиқишимни маслаҳат берадиган бўлишди.
МЕН ҚЎШНИ УЙИНИ БУЗДИРИБ МАЗА ҚИЛАДИГАН ОДАММИ?
120 кв. метр майдондаги иморатимиз деворларида ёриқлар кўпайиб, кенгайиб бораётгани етмагандек, фундаментда ҳам ёрилишлар пайдо бўлгач судга мурожаат қилдим. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига “ШНК нормалари бузилган ҳолатда қўшнига зарар етказган қурилишни буздириш, етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича” даъво ариза киритдим.
Қўшни қурилишини буздириш деган гап эриш туюлади, албатта. Ўзимга савол ҳам бериб кўрдим. Мен қўшни уйини буздириб маза қиладиган одамманми? Йўқ! Оиламнинг, бошқа қўшниларимнинг (эҳтимол, қурилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш уйида бўладиганларнинг ҳам) ҳаёти хавф остида экан, ШНКда белгиланган ўнга яқин норма қўпол равишда бузилган ва уларни тузатиш имкони қолдирилмаган экан, бинони буздириш талаби ўринли деб билдим.
Хўш, Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда кўчаси, 85-манзилдаги қурилишда ШНК (шаҳарсозлик норма ва қоидалари)нинг қайси нормалари бузилган?
1.Қўшнилардан розилик сўраш борасида ШНК да ҳам, “Шаҳарсозлик кодекси” 6-моддасида ҳам ёзма рухсатнома олиш муҳимлиги айтилган. Лекин, атрофдаги беш қўшнидан рухсат олинмади.
2. ШНҚ 2.01.02-04да “Бинолар ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги” меъёрига кўра, ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича иккинчи категорияли бинолар орасида камида 6 метр масофа сақланиши керак. Амалда эса нотурар ва тураржой оралиғи 40 см. Икки қаватли (4,5 ва 3,5 м баландликдаги) улкан ертўлада дераза ва ҳаво алмаштириш тизими йўқ. Бизнес обектнинг уйим билан икки қарич масофадаги ушбу ертўласида нима сақланиши, қандай мақсадда фойдаланиши ҳам аниқ эмас. 1-қават савдо ва маиший хизмат уйи деб айтилаётгани ҳамда 2-қаватда қўшимча ёнғин хавфсизлик чиқиш йўлаги бўлмагани манзарасида бундай бино билан қўшни бўлиб яшаш хавотирли.
3. Бизнес обект ва коммуникациялар оралиғидаги масофа нормага мувофиқ эмас!

ШНҚ 2.07.01-03 да: 7-бобида ва тегишли бандларда, маълум коммуникация тури ва обект оралиғи камида 1,5-2 метр бўлиши керак. Амалда, Шоҳи Зинда кўчаси, 85-манзилда бу кўрсат-кия 20 см. ҳам чамасида. Камига бу ерда, газ, сув ва электр тармоқлари – ҳаммаси бир йўналишда ёнма-ён жойлашган. Қишнинг изғиринли кунида икки қаватли подвал газга тўлиб, подвал орқали бизнинг ва яна бир қўшнимиз Матлуба Маматованинг уйи ис газига тўлиб кетган кунни ҳам бошдан кечирдик. Қўшнининг бойлаб қўйган кучуги заҳарланганини ҳисобламаганда, бошқаларни тасодиф қутқарди, шекилли. 2025-йил 8-майдан 9-майга ўтар кечаси, Самарқандда 7 нафар инсоннинг ўлимига сабаб бўлган портлаш айнан шу ҳолат натижаси эди.
4.Шоҳи Зинда кўчаси, 85-манзилдаги тадбиркорлик обекти биноси бир неча ҳолатда ҚМК (қурилиш меъёрлари ва қоидалари) талабига жавоб бермаслиги яққол кўринади. Бино ўлчамлари стандартларга мос келмайди. Бино ўйиқ трапеция шаклида, томонлар бир-бирига мутаносиб бўлмаган узунликда, асосидан олти бурчакли тарзда қад кўтарган. Самарқанд 8-9 баллик сейсмик ҳудуд ҳисобланади.

5. Қурилиш-ости майдони қонунга зид равишда кенгайтирилган. ШНҚ 2.07.01-03*нинг 7.1, 7.3–7.6-бандларига мувофиқ ер участканинг факат бир қисмида қурилиш қилиш мумкин. (Тураржой участканинг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган қисмида, нотурар жойлар 30-60 фоизи атрофида)
Амалда, участкада яшил ҳудуд, қопламалар майдони қолдирилмай, 320 кв.метр майдонлик участканинг 100 фоиз ери қурилиш билан банд қилинган. Агар меъёрга амал қилинганда, биз билан туташган этак қисмда қурилиш бўлмас эди.
6. Қўшни участкалари яққол кўринмаслиги таъминланмаган. ШНҚ 2.07.01-03 7.8–7.9-бандларида турар жой биноларининг яшаш хоналари ойналари бошқа биноларнинг яшаш хоналари ойналарига тўғридан-тўғри қараб турмаслиги бинолар орасидаги минимал масофалар орқали таъминланиши белгиланган.
40 см.лик масофадаги бизнес обектнинг иккинчи қаватида усти очиқ балкон-майдон, ва у орқали 2-қават биносига кириб чиқиладиган дарвоза ўрнатиб, ойна эмас, тўғридан-тўғри ҳовлимиздаги, хоналаримиздаги ҳар бир ҳаракатни истаган пайтда бемалол томоша қилиш имкони яратилди.

7.ЮНЕСКО рўйхатидаги ҳудудда Маданий мерос агентлигидан рухсат олинмаган.
ШНҚ 2.07.01‑03*да маданий мерос ҳудудларида қурилиш билан боғлиқ алоҳида банд мавжуд. Тегишли ташкилотлардан рухсат олиш керак эди. Лекин, у ташкилотлар барибир 10 метрча кавлашга рухсат берармиди? ЮНЕСКОНИНГ УМУМЖАҲОН МЕРОСИ РЎЙХАТИГА КИРИТИЛГАН “АФРОСИЁБ” археологик қўриқхонаси ҳудудидан экскаваторнинг улкан чўмичларида олиб ташланган қатлам-қатлам тупроқнинг ҳар бир ҳовучи аслида нафис чўткада таралиб, ўрганилиши керакмасмиди-ми?
10 метрлик чуқурлик, эҳтимол 10 асрлик қатламдир. Қолаверса, бу жой “АФРОСИЁБ” қўриқхонасининг Темурийлар даври қўриқхонасига айни туташган қисми ҳам. Обект Ҳазрати Хизр масжиди маданий мерос коридорида, ундан бор-йўғи 500-600 метр масофада. Шоҳи Зинда ва Бибихоним обидалари ҳам худди шундай яқин.

8. Ер остидаги ғовак барибир ўзини тўлдиради.
Муаммонинг боши бўлган энг катта хато асос — ертўла девори орқаси ва ковлангандан ҳосил бўлган жарлик ораси шағал билан тўлдирилмасдан ва прессланмасдан бўшлиқ ҳолида қолдирилиб, шу ҳолатда усти ёпиб ташланган. Айнан шу ҳолат туфайли уйимиз остидан тупроқ уваланиши 10 метрча пастдан бошланган ва уваланишда давом этяпти.

9. Яширин ҳудуд. Бизнес обекти ичкарисидан қўрилганда, бино, гўё қўшнилар билан 1,5 метрча масофа сақлаб қурилгандек тасаввур пайдо қилиши учун қўшимча девор кўтарилган. Ички ва ташқи деворлар оралиғида, узунчоқ коридор шаклидаги ёпиқ ҳудуд, туйнук ёки ҳаво кирадиган бирор тешик бўлмаган яширин хона санитар-епидимиологик ҳолат учун хавотирли.
10. Ертўланинг ғарб ва шимол деворлари қуйма(монолит) эмас, бир ярим метрлик бетон блоклар билан кўтарилган (!)

САМАРҚАНДДА ДАъВОМ НЕГА РАД ҚИЛИНДИ?
Фуқаролик ишлари бўйича суд 2024-йилнинг июнида бошланди. Судя Азиза Исматова. Судда, жавобгарга тегишли, Шоҳи Зинда кўчаси, 85-манзилдаги бизнес обект қурилиши шаҳарсозлик нормалари асосида қурилгани борасида қатор ҳужжатлар илова қилинди. 18.12.2021 санадаги 1718401-26549-сонли “Обектни реконструксия қилишга рухсатнома”да ҳам, 22.12.2021даги 1718-1718401-34262-сонли “Архитектура режалаштириш топшириғида (АРТ) ҳам, 28.05.2022 даги 45127-сонли Лойиҳа сметаларни келишиш бўйича “Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органи хулосаси”да ҳам шунингдек, “Лойиҳа экспертизаси хулосаси”да ҳам ЮНЕСКО нинг “Афросиёб” археологик қўриқхонаси ҳудудида тахминан 3000 м куб ҳажмдаги УЛКАН ЕРТЎЛА ҚАЗИШ ҲАҚИДА СЎЗ ЙЎҚ! Шу сабаб, Лойиҳанинг ўзи ноқонунийдир, деган гап суд жараёнида қайта-қайта айтилди.
Судга материаллари ва амалдаги ҳолат ўртасидаги номутаносибликка суд қурилиш экспертизаси аниқ жавоб топади деган умидда эдик.
Суд қурилиш-техникавий экспертизасини Самарқанддаги нодавлат “ИНВЕСТ ЭХПЕРТ ПРО” МЧЖ ўтказди. 2024-йил 24-декабрида уйимизга, Самарқанд кўча, 11-манзилга келиб, кўздан кечиришди, ўлчашди, лазер ускунасидан фойдаланишди. Экспертизанинг 2025-йил 3-январдаги хулосаси қўлимга тушганда эса ҳайратда қолдим...
Экспертиза нохолис ва шубҳали эди. Хоналардаги 6-7 см.ли чўкишларни (бугунда қарийб икки мартага пастлаган) гўёки кўришмаган ва чўкишлар перпендикуляр чизиқ тортганда нега айнан жавобгар обектига қараб пастлаётганига ҳам жавоб берилмаган.
“Батафсил текширишлар натижасида нуқсонлар ва деформациялар аниқланмади” деб маълумот берилган. Девордаги ёриқларни “хоналарда иситиш ускуналари ўрнатилмагани сабаб” деб изоҳланган. Экспертиза ташкилоти жамоаси уйимизга келган кунда, бизнес обектга икки қарич масофадаги, энг кўп зарар кўрган хонада ҳам, ўртадаги хонада ҳам печка ёниқ турганди. Фақат охирдаги катта меҳмонхонада эҳтиёж йўқлиги сабаб иситиш тизими вақтинчага узиб қўйилганди.
Намлик, ҳа айнан намлик, уйимиз чўкишига сабаб бўлаётгани бор гап! Лекин, икки участка орасидаги деворимизда тадбиркор қурилишидан сўнг пайдо бўлган, айрим жойлари одам бўйи келадиган шилта намлик борасида&нбсп;экспертиза&нбсп;хулосасида бир сўз айтилмади!

Ҳовли деворининг тадбиркор қўшни билан туташган қисмининг бундай ҳолатга келиши, шундоққина девор ортида салкам 10 метрлик чуқурликда ертўла қазилгани, у 90 градуслик бурчакда қазилгани, жарлик девори бетонлаб мустаҳкамланмагани, камига асос-девор ва қазилишдан ҳосил бўлган “жарлик” оралиғи шағал (бетон ёки тупроқ) билан тўлдирилмасдан, прессланмасдан бўш, ғовак қолдирилиб усти ёпиб ташлангани сабаб бўлиши мумкинми деган саволга жавоб беришмади., Ёки бир неча хонадоннинг оқова сувлари оқиб турган ариқ, айнан жавобгар қурилиши жараёнида кўмиб ташлангани натижасида сув бинолар остига кетяптими? Самарқанд вилоят экология бошқармаси хулосасида 10 метр пастдан сизот сув чиқиши ёзар экан, ушбу намлик сизот сувлариданми деган савол ҳам пайдо бўлди. Афсуски, бу саволлар ҳам очиқлигича қолди.
Шу деворнинг давоми хоналар эканини ҳисобга олсак, бешта зина билан чиқиладиган хоналарнинг пол ости қисмида ҳам худди шу манзарани тасаввур қилаверинг. Шу йилдан бошлаб намликнинг ўзига хос ҳиди ҳам пайдо бўлди...
Экспертиза хулосасида ёрилиш натижасида хом ғиштлар ораси очилиб қолганини, (устига-устак, эксперт сих узунлигидаги учли арматурага ўхшаш ускуна билан деворни ўзи ҳам кавлади) “ғиштлар ораси тўлдирилмасдан терилган” деб таърифлаган. Деворнинг ёрилмаган жойини ҳам секин очиб кўрилганида эди, ғиштлар аслида қандай терилганини кўришарди. “ИНВЕСТ ЭХПЕРТ ПРО” экспертиза хулосасида айнан фундамент ёриқлари ҳақида айтилмади! Лекин, хулосада “бетон ишлари нотўғри бажарилган” деган жумла қўшилган. Бетондан намуна олмасдан, таркиби ўрганилмасдан бетон ишлари нотўғри бажарилган ёки бажарилмаганини қандай билиш мумкин?
Хуллас, экспертиза уйимизни олти ярим млн сўм билан таъминласак етарли деган ҳисоб-китоб билан ишни ёпди. Инвест Про МЧЖ жамоаси жавобгар биносига қадам ҳам босмади. Бизнес обект ҳолатини тадқиқ қилмай туриб, бу қурилиш қўшни биносига таъсир қилган-қилмаганини аниқлаш мумкинми? Хулосада тураржой ва нотурар жой оралиғи 40 см. эканлиги ёзилди-ю, бу ҳолат ёнғин хавфсизлиги талабига жавоб бермаслиги қайд қилинмади. Кўриниб турган яққол кўринмаслик талаби бузилгани ҳолатини суратга олишди, лекин хулосада кўрсатишмади...
Ҳал қилув қарорида даъвом рад этилишида асосан Инвест Про МЧЖ хулосаси асос деб қайд қилинди. Биз қурилиш техник экспертизаси ўтказиши учун "Инвест Про МЧЖ" га 8 500 000 сўм тўлаганмиз.
Нега "Инвест" Про" МЧЖ га мурожаат қилдим?
Ҳали ёзда (20-августда) Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Самарқанд вилоят бўлими қурилиш-техникавий экспертизасини ўтказиши учун кадастр ҳужжатларимни судга топширганман. Суд, роса бир ойдан сўнг — 20-сентябрда, бу ҳақдаги ажримни РСЕМ нинг Самарқанд бўлимига юборган. РСЕМ вилоят бўлими яна бир неча бошқа ҳужжатларни ҳам тақдим қилиш ҳақида илтимосномани 23 сентябрда юборган экан.
Электрон почта орқали жўнатилган ана шу хат судда йўқолди (!) РСЕМ Самарқанд вилоят бўлими мудири А.Джураев бу ҳақда хат билан чиқиб “2024-йил 23-октябр кунига қадар суд эскпертининг юқоридаги илтимосномаси суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилмади” деб ёзди. (Суд тахлами, 87-бет) Шунга ўхшаш ҳолатлар билан октябр, ноябр ўтиб, декабр ҳам оёқлаётганда нодавлат экспертизаси билан иш тезкор бўлади, дейишди. Шу маслаҳатга бекор қулоқ солган эканман...
Бошланғич инстансия иши буткул тугади, деганда яна қизиғи чиқиб қолди. Суд ҳал қилув қарорини 2025-йилнинг 12-февралида қабул қилгандан сўнг, раислик этувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодекси нормаларини бузган ҳолда жавобгар вакили Ш.Ширинов томонидан 2025-йил 26-февралда тақдим қилган “Фуқаролик иши баённомасига нисбатан киритилган ФИКРНОМА” тўғрисидаги аризани муҳокама қилиш учун 2025-йил 5-март, соат 12:30 бўладиган суд мажлисига чақириқ хати юборди. Табиийки, бормадим. (Мажлисдаги масала алоҳида мавзу).
Аппеляция инстансияси
Аппеляция босқичида суд таркиби даъвогар ёки жавобгарнинг хоҳиш-истагисиз, 3-марта ўзгартирилди.
1-апрел кунида аппеляция босқичининг илк мажлисини Н.Раҳмонова раислигидаги таркиб (Ғ.Воҳидов, Ш.Тошпўлатов) бошқарди. Жавобгар томон келмаганига қарамай, мендан тафсилотлар сўрашди. Суратлар борасида аниқликлар киритилди.
10-апрелда, кутилмаганда, янги таркиб ўзларини таништиришди: Г.Эсанова, Ф.Анаров, А.Асқаров. Жавобгар томон вакиллари эса 1-апрелдаги мажлисдан бехабар эканликлари&нбсп;ва бундан таажжубларини билдирган бўлишди. Шу куниёқ судга иккита, “Қурилиш-техник, муҳандислик соҳаларида комплекс суд экспертизаси тайинлаш тўғрисида” ҳамда “Можароли қурилиш манзили ЮНЕСКО нинг Бутунжаҳон рўйхатига киритилган қўриқхона ёки буфер (мудофаа) ҳудудида эканини аниқлаштириш тўғрисида” иккита илтимоснома тақдим қилдик. Лекин, бу илтимосномалар асоссиз инобатга олинмади. Гарчи сайёр мажлисда (23-апрел) уйимиздаги чўкишлар, ёриқ ва деформацияларни ўз кўзлари билан кўришди, ҳужжатлардаги нохолисликларни уқтирганимизда тинглашди. Лекин, гувоҳ бўлганлари ҳақида бирор ҳужжатда қайд этилмади.
3-июнда чақирувга биноан келсак, яна янги таркиб! Ишни қарийб 2 ой ўрганган бўлган Эсанова учлиги 2-июндан меҳнат таътилига чиқибди. Судя О.Темиров раислигидаги янги таркиб шу мажлиснинг ўзидаёқ, ярим соатга қолдирмай ажримни чиқарди.
Ўзи асосий эътирозимиз дастлабки экспертиза нохолис деб аппеляцияга мурожаат қилганимиз ҳолда, биринчи инстансия қарорига асос бўлган хулосани эксперт А.Широв яна қайтадан ўқиб берди ва суд материалларидаги бирор ҳужжат ўрганилмаган ҳолда, эксперт сўзи асосида, суд шу жойнинг ўзида узил-кесил ажрим чиқарди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 18-моддасида бир судя ёки суд таркиби томонидан кўрилиши бошланган иш, шу судя ёки суд таркиби томонидан кўриб тугатилиши лозимлиги, судя юклиги туфайли ишни ўз вақтида кўришнинг имконияти бўлмаганда, ...судя алмаштирилгандан сўнг ишни кўриш бошидан бошланиши таъкидлаб ўтилган.
Энг ёмони, музокарада эндигина сўз бошлаган адвокат опани силтаб ташлаб, ичкарига маслаҳатга кириб кетишди.
Тафтиш босқичи
Тафтиш инстансиясига яна мунозарали биноларни қайтадан давлат суд-қурилиш комплекс экспертизасидан ўтказиш ҳақида илтимосномани бирламчи масала ўлароқ киритдик. Тафтиш суди мажлисида жавобгар томон қайта экспертизасига қарши эканини айтганидан сўнг (!) ҳайъат экспертиза масаласини четга суриб, бошқа жиҳат, яна бир асоссиз бўлган жиҳат билан ажрим чиқарди.
Яъни, 2009-2011-йилларда ўзимизга тегишли участкада қурилган бир қаватли уй ҳақида “...қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган (Бу ерда ва иқтибос давомида, таъкид бизники – М.Т) ер участкаларида... қурилган уй-жой... ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас” деб гўё даъво қилишга ҳаққим йўқ деб уқтирилиб, камига уйимиз суднинг қарори билан бузиб ташланиши лозим деб кўрсатилди.
Тафтиш ҳайъати, (Раислик қилувчи Т.Қурбонов, ҳайъат аъзолари Ф.Каримов ва Х.Абдиев) ўнлаб йиллар (эҳтимол юзлаб) давомида одамлар яшаб келган ҳовли-жойни “қурилиш учун ажратилмаган ер участкаси” дейиш учун далил-исбот келтирмади. Тўғри, Кадастр ҳужжатларимизда зарар кўраётган биномиз қурилиши битмаган бино сифатида қайд қилинган. Ўзбекистон Қонунчиликда кадастр чала расмийлаштирилган ҳолатида мулк эгаси “ўзининг ҳудудидаги бино борасида ҳақ-ҳуқуққа эга эмас” деган жойи йўқ. Эгалик ҳуқуқим бўлмаган тақдирда ашёлик ҳуқуқимни ҳимоя қилишга ҳақлиман.
Вилоят суди тафтиш ҳайъати “сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас” деб таъкидлаган уй-жой укамдан менга ҳадя қилинган ва шу асосда давлат рўйхатидан ўтказилган. Суд тахламида ана шу ҳужжат қайта-қайта илова қилинган.
Даъво қилишга ҳуқуқим йўқлиги борасидаги гап Кадастр агентлиги Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Ш.Талимов берган ёлғон маълумотномаси ортидан пайдо бўлган экан.
ҲУЖЖАТЛАР, ҲУЖЖАТЛАР...
Судда ҳужжатлар кўрсатмаси муҳим. Жавобгар томон қурилиши билан боғлиқ ҳужжатлар бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек. Лекин...
Келинг, бошидан бошлайлик. 2021-йил 18-декабрда Мавлуда Пўлатова ўзига тегишли бўлган Рудакий кўчаси, 285-уй-жойни бузиб, ўрнига савдо ва ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда уй- жой биноси учун “Обектни реконструксия қилишга рухсатнома” берилганда, улкан хандақ қазиб бўлинган эди. Рухсатномада “ЮНЕСКО”нинг археологик қўриқхонаси ҳудудидаги улкан ертўла ҳақида сўз йўқ.
Манзил тўла-қонлича&нбсп;бузиб, қайтадан қурилар экан реконструксия атамаси қанчалик ўринли? Рухсатномада участка майдони 421,27 м. кв. деб кўрсатилган. Лекин, кейинги техник кўриклардан маълум бўляптики, участка умумий майдони, 320-330 м. кв. атрофида. Бу қурилиш рухсатномада уй-жой сифатида қайд қилинган.
2021-йил 22-декабр санаси билан қайд қилинган Архитектура Режалаштириш Топшириғидаги матнида қўшнилардан рухсат сўраш, ёнғин хавфсизлиги, участка майдонида яшил ҳудуд яратиш, эпидемиологик ҳолат ва ҳ.к. ҳақида ШНК нормалари эслатилган. Аммо, ҳужжатда тиркалган чизмада участка 100 фоизга қурилиш билан банд қилинган. Яъни, битта дарахт экишга ҳам имкон қолдирилмаган, ёнғин хавфсизлиги талаб қилган масофа ҳам инобатга олинмаган ҳолат чизмада акс эттирилган. Чизма остидаги муҳрда 2021-йил 21-ноябрда келишилган деган ёзув бор. Ҳали рухсатнома олинмаган, (рухсатнома 18-декабрда берилган), АРТ тайёрланмаган вақтда нимани келишишган деган савол пайдо бўлади. Яна бир жиҳати, ҳужжатда буюртмачи сифатида аллақачонлар ўлиб кетган, манзилнинг аввалги эгасининг исм-шарифи кўрсатилган. Локация эса маданий обидадан анча узоққа қилиб нотўғри кўрсатилган.

2022-йилнинг 28-майида лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг хулосаси берилганда иншоот аллақачонлар битган эди... Кўряпсизми, ҳужжат эмас, қурилиш олдинга кетаётган эди. (Айтганча, бу ҳужжатда ҳам 21.11. 2021. да келишилгани кўрсатилган муҳрли, юқоридаги варақ тиркалган)
Суд ҳужжатларида Лойиҳанинг эксперт хулосаси икки марта 2022-йил 8-июнда (06/06-2022 рақамли) ва 2023-йил 5-майда ўтказилган деб қайд этилган ва суд материалларида иккита алоҳида ҳужжат сифатида тақдим қилинган. Шусиз ҳам, 2022-йилги Лойиҳа эксперт хулосаси бино битгандан кейин расмийлаштирилган эди. Битган иншоот лойиҳасини, бир йил ўтиб қайтадан экспертизадан ўтказишдан (ёки ўтказилди деб янги ҳужжат яратишдан) мақсад нима? Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг қурилиш бўйича 200-қарори регламентига кўра, лойиҳа экспертизаси бир марта ўтказилади.
Айни вақтда, мй.гов.уз платформасида Шоҳи Зинда кўчаси, 85-манзилга тегишли бир номдаги бу икки ҳужжат айнан бир нарса деб кўрсатилган.
Бир номдаги икки ҳужжатнинг фарқи нимада?
2023-йил Лойиҳа эксперт Хулосасида аввалигида айтилмаган икки қаватли ертўла тилга олинган. Унинг ҳажми 3000 куб м. атрофида экани ва нимага мўлжаллангани ёзилмаган бўлса-да, биринчи марта “2 қават ертўла ва 2 қаватдан иборат” деб қайд қилинди. Бир қатор ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва коммунал вазири ўринбосари Д.Адиловнинг 2023-йил ноябр ойидаги жавоб хатида, шу йили май ойида ўтказилган деб айтилаётган такрорий лойиҳа экспертизаси ҳақида сўз йўқ.
2023-йил майида қурилиш аллақачонлар битган бир пайтда, обект Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳудудий назорат қилиш инспексияси томонидан рўйхатга олинган, деб айтилаётган бир пайтда, Д.Адилов юқоридаги хатида рўйхатга олинганлигини ёзмайди ва “фуқаро Пўлатова Мавлуда томонидан амалга оширилган қурилиш обекти белгиланган тартибда инспексиядан рўйхатдан ўтмасдан, қурилиш монтаж ишларини олиб бораётгани сабабли инспексия томонидан огоҳлантириш ва қурилиш монтаж ишларини тўхтатиш бўйича ёзма кўрсатма берилган...” деб таъкидлайди.
2023-йилдаги лойиҳа экспертизаси борасида Самарқанд шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Жумаев айни бир хил сўровдаги икки маълумотноманинг бирида у бўлмагандек жавоб беради: 2024-йил 19-июндаги маълумотномадан: “ Тасдиқланган лойиҳа смета ҳужжатлари бўйича 2022-йил 8-июн куни экспертиза хулосаси олинган”. Бироқ, ҳал қилув қарори чиқарилишига бир ҳафта қолганда, 2025-йил, 4-февралдаги маълумотномасида “Шаҳарсозлик лойиҳа экспертизаси” МЧЖ томонидан 2023-йил 5-майда №06/06-2022 экспертиза хулосаси олинган деб ёзилган.
2023-йил Лойиҳа эксперт Хулосасида яна бир ҳужжат, аввал ҳеч айтилмаган ва бошқа ҳужжатларда учрамаган, «ЎЗГАЗГАШКЛИТИ» ДУК Самарқанд филиали лабораторияси ўтказган геология хулосаси ҳам тилга олинган.
Жумаев имзолаган юқорида айтилган икки маълумотноманинг аввалгисида бўлмаган «ЎЗГАЗГАШКЛИТИ» ДУК Самарқанд филиали лабораторияси ўтказган геология хулосаси ҳам тўсатдан кейингисида пайдо бўлган.
Суд материаллари орасида «ЎЗГАЗГАШКЛИТИ» ДУК Самарқанд филиали лабораториясида ўтказилган деб айтилган 10 бетли ҳужжатга сана ва муҳр қўйилмаган. Геология экспертизасида ер устида 3 қаватли бино ҳақида гап бору, бироқ икки қаватли ертўла ёзилмаган (!). Ертўла қазилмаса, геология хулосаси нега керак? Қазув ишлари бошланмай ўтказиладиган геология текшируви ҳужжатларида қазишдан қарийб 2 ой ўтгач тайёрланган қурилиш чизмаси қандай пайдо бўлди? “Шоҳи Зинда” кўчаси, 85-манзилда тадқиқот ўтказишда ишлатилган деб айтилган УРБ-2,5 ускунаси анча катта ҳажмда. Бир неча хонадон яшайдиган ҳудудга кириш йўли айнан тадбиркорлар томонидан торайтирилгани сабаб, бу кўчадан УРБ-2,5 ускунани ичкарига кириши имконсиз. Намуна олинган деб кўрсатилган нуқталарда қўшнилар яшайди ва улар бундай тадқиқот учун уйларига кимдир келганини рад қилишади. «ЎЗГАЗГАШКЛИТИ» ДУК Самарқанд филиали лабораториясида ўтказилган деб айтилган тадқиқот аслида ўтказилмаган, суд жараёнида геология экспертизаси борасида саволлар берилгани ортидан пайдо бўлган.
Худди шу «ЎЗГАЗГАШКЛИТИ» ДУК Самарқанд филиали лабораториясида ўтказилган деб айтилган “ҳужжат”ни суд Ҳал қилув қарори, қурилиш техник экспертиза ўтказган Инвест Про МЧЖ ҳам ўз хулосасида асос қилиб олган.
Суд материаллари орасида яна бир неча ҳужжатда сана қўйилмаган. Жумладан, лойиҳани тайёрлаган, бизнес обект қурилишида, шундан келиб чиқиб, суд жараёни ҳолатларида етакчи қиёфа ҳисобланган “АРМАС” МЧЖ директори Ғайрат Ходжаев имзоси билан тасдиқланган 2020-йилдаги (!) ҳужжат асос қилиб олинган Хулосада (77-бет), Самарқанд вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспексияси мутахассиси Ш.Ўктамов имзо қўйган маълумотномада (188-бет), шу ташкилотдан Саттаров имзолаган ҳужжатда, Яҳё Ғуломов номидаги Археология институти кичик илмий ходими С.Хўжамов тасдиқлаган Хулосада сана мавжуд эмас. Мажбурий реквизитлардан бири — сана қўйилмагани ҳужжатнинг далилий аҳамияти ҳақида асосли саволлар туғдиради.
Айрим ҳужжатларда санаси бўла туриб ҳам, ёлғон маълумот ва рақамлар ишлатилган.
Кадастр агентлиги Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Ш.Талимовнинг Ҳал Қилув Қарори чиқарилишидан бир неча кун олдин берган маълумотномасида даъвогар қурилиши “бугунги кунда мазкур уй-жой биноси тўлиқ бузиб қайта қурилганлиги маълум бўлди” дейилган. Келиб чиқадиган маъно, зарар кўрган деб айтаётганимиз — 2011-йилда битган бино бошқа-ю, 2021-йилгача уни бузиб худди шу ўлчамдаги, худди шу шаклдаги бинони бошқатдан қурган эканмиз. Талимовнинг маълумотномаси зарар кўрган бино борасида даъво қилишга ҳаққимиз йўқ деб маъно берган. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят тафтиш ҳайъати, судга ҳовлимга нисбатан эгалик ҳуқуқим ва қурилиши тугалланмаган бино сифатидаги кадастрим борлигига қарамай, даъвомни рад этди.
Талимов маълумотномада жавобгар томон мулки борасида Пўлатова фойдасига қатор рақамлар ҳам ўзгартирилган. Жавобгарнинг 2016-йилда сотиб олинган уй-жойи ҳақида “олди-сотди шартномасига асосан қурилиш ости майдони 182, 63 метр кв.” деб кўрсатилган. Бу фикрни тўлдириш мақсадида чизмага қўшимча хоналар “қўшилган”. Ваҳоланки, жавобгарнинг олди-сотди шартномасида ҳам, кадастр паспортида ҳам 182,63 рақами йўқ.
182,63 м.кв. – БУ АСЛИДА БИЗНЕС ОБЕКТИ РЕКОНСТРУЦИЯСИ РУХСАТНОМАСИДА КЎРСАТИЛГАН ҚУРИЛИШ МАЙДОНИ!
Суд залида бизнес обект майдони аслида 182, 63 м.кв бўлиши кераклиги, агар рухсатномада кўрсатилганидек, бизнес обект қурилиш-ости майдони 182,63 м.кв. бўлганида, тадбиркор биноси бизнинг уйимиз чегарасигача етиб келмас эди кўп маротаба таъкидланганди... Жавобгарнинг биноси участканинг қайси қисмида бўлиши кераклиги кўрсатилган кадастр ҳужжати ва чизмаси эса судга тақдим қилинмади.
Суднинг вилоят тафтиш босқичи ўтгач, Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси раҳбарияти номига Талимов маълумотномаси ҳақида ариза бердим. Аризамга бирор киши эътироз билдиролмади. Лекин аризам ўрганиш учун Талимовнинг ўзига ўтказилибди (!) У суднинг, кўрсатилган манзиллардаги кадастр маълумотларини аниқлаш Кадастр агентлиги эмас, Кадастр Палатаси бўлими ваколатига киришини ёзибди. Унда нега Исматова хоним илтимосномани айнан агентликка юборди? Ваколати йўқ экан, Талимов, хатни битта бинода ишлаётган Кадастр Палатаси шаҳар бўлимига нега ўтказмади? Янги қурилаётган бинога тегишли 182, 63 рақамини у қаердан олди ва нега аралаштирди?
Суд ҳужжатларда Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг хулосаси йўқ! “Шаҳарсозлик лойиҳа экспертизасининг 2023-йилдаги Хулосаси” деб айтилаётган саҳифаларда “Лойиҳа ҳудудий ёнғинга қарши назорат хизмати билан келишилган” дейилган, аммо, бундай келишув тақдим қилишмаган. Худди шу ҳужжатнинг 3.5 банди ёнғин хавфсизлигига бағишланган. Унда ёзилишича,
- Йўл қопламаси бетон бўлиб, ўт ўчириш машиналари учун мос келади.
- Лойиҳада қўриқлаш ва ёнғин хавфида хабар бериш тизими кўзда тутилган.
ШНК нинг тегишли бандида 2-тоифали бинолар орасида камида 6 метр масофа сақланиши шартлиги талаби эса ёдга олинмаган. Қолаверса, кўрсатмасин-у, мабодо ёнғин чиқадиган (бунинг ортидан портлаш ёки бошқа ҳолатлар) бўлганда бинонинг орқа қисмига ёнғин хавфсизлиги машинаси ҳам киролмайди (тадбиркорлар кўча томондан ерни ўзлаштириб, йўлни торайтириб қўйгани сабаб), ертўлада оддий ҳаво алмашиш тизими ўрнатилмаган жойда қўриқлаш, хабар бериш тизими қайда бўлсин?

{Фото: 2022 йилда олинган сурат}
Самарқанд вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспексияси 2023-йил 21-февралдаги “...бинони техник ҳолати бўйича” 33-2023 сонли хулосада 2.4- бандида “ҚМҚ талабларига мослиги ва конструксияларнинг техник ҳолатини баҳолаш” (ҚМҚ — қурилиш меъёрлари ва қоидалари) бинонинг сейсмик мустаҳкамлиги боғлиқ масалада нотўғри маълумот берилган. Яъни, бино ўлчами 25, 35мх14,8м , тўғри бурчакли деб кўрсатилган. Аслида фасад қисми бўлган эни 14,8м ва этак қисми 7,5 м. Орада ўйиқ борлиги сабаб бино олти бурчакли шаклда&нбсп;қад кўтарилган.
Ертўла деворлари ғарб ва жануб томондан қуйма эмас, бетон блоклар билан терилгани ҳеч бир манбада айтилмаган.
Лойиҳагача 10 дан ортиқ ташкилот-идоралар қурилажак иншоот, маълум соҳага мувофиқлиги бўйича Хулоса (рухсат) бериши шарт бўлган ҳолда, шулардан фақатгина Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, у ҳам бўлса, қурилиш битгандан кейин шундай ҳужжатни тақдим қилган.
Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2023-йил 15-майдаги “Давлат экология экспертиза Хулосаси”да участка белгиланган нормага зид равишда тўласича бино билан банд қилингани сабабли яшил ҳудуд учун (1 та дарахт экиш учун ҳам) учун жой қолдирилмагани айтилмаган. Бир неча бандда маиший чиқиндиларни чиқариш борасида ёзилган, холос.
Қурилиш ҳужжатларида локация нотўғри кўрсатилгани сабаб Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси ходимлари бизнес обект манзилини ЮНЕСКО нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган “Афросиёб” қўриқхона ҳудудида эмас, балки қўриқхона буфер (тегра) ҳудудида деб маълумот берган. Бу икки тоифадаги қурилишларга талаб фарқ қилади.
Суд материаллари орасида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти Маданий Мерос бошқармаси бошлиғи Ш. Қиличевнинг сўровимизга жавобан ёзган хати ҳам бор. Иқтибос: “2021-йил 2-мартдаги 1-сонли ўтказилган йиғилиш баёни билан … тарихий-буфер ҳудудларни 20 та ЛОТга (ЛОТ таркибила Рудакий кўчаси киради) ажратиб, мавжуд барча турар ва нотурар жой бинолари бўйича ишлаб чиқилган лойиҳаларни кўриб чиқиб маъқуллаганлигини маълум қиламиз”
Маданий мерос билан боғлиқ қонунчилигимизга кўра, тарихий обидалар қўриқхона ва муҳофаза ҳудудларидаги қурилишларга аввало Туризм ва Маданият вазирлиги қошидаги илмий Кенгаш рухсат бериши керак. Шундан сўнггина масала шаҳарсозлик кенгашида кўрилади. Республика илмий кенгаши Самарқандда рухсат берган қурилишлар рўйхатида Шоҳи Зинда кўчаси, 85-манзил ҳам, ЛОТ ибораси ҳам йўқ. Қолаверса, жавобгар қурилиши, таъкидланган йиғилишдан қарийб бир йил ўтиб бошланган. Бу вақтда, ҳамма амалларни рисоладагидек бажариш имкони бор эди...
Суд ҳужжатларида бизнес обектига алоқадор, айни бир ҳолат бўйича турли рақамлар қайд қилинган. Турли ҳужжатларда участканинг умумий майдонидан тортиб, қурилиш-ости майдони, бинонинг ўлчамлари катта фарқ билан ёзилган.
АНДИШАЛИ ГАП
Самарқанд азал-азалдан маданият маркази бўлган, меҳмонлару сайёҳлар доимо гавжум бўлган. Улар пойқадами билан келадиган эзгуликлар маҳаллий халқни ҳамиша қувонтирган. Қурилишни атайлаб тадбирга бир неча ой қолгандагина бошлаб, кейин истаганча қурилиш нормаларини бузиш мумкин деган хаёл жуда нотўғри. Ваҳоланки, тадбир иштирокчилар эски шаҳар кўчаларидан машинада бир ўтиб кетар эканлар, фақат фасад қисмида девор кўтариб, қолган ишларни кейинроқ бафуржа, бехато бажарган тадбиркорлар, оддий одамлар кам эдими? Қолаверса, суд ҳужжатлари орасида Шоҳи Зинда кўчаси, 85-манзилдаги қурилишга оид 2020-йилдаги ҳужжатни асос қилгани бор.
Энг муҳими, бу ерда гап инсон умри билан боғлиқ, сунъий равишда пайдо қилинган хатарлар ҳақида бормоқда. Ҳозир битта бизнес обекти ёки бир қўшнининг оддий уйи ҳақидаги гап майда кўринса-да, бирор ҳодиса рўй бергандан кейин ҳар қандай обектда белгиланган норма-талаблар муҳимлигини айтишдан фойда йўқ. Самарқанд 8-9 сейсмик ҳудуд ҳисобланади. Табиат эса инсон билан маслаҳатлашмайди.
АЙТМАСАМ БЎЛМАЙДИГАН ГАПЛАР...
Роса икки йил деганда иш Олий Судга ўтди. Биринчи мажлисда судя, “нега кадастрингиз бўла туриб, сизни кадастрга эга эмас” деб айтишган, дея савол берди. “Мен ҳам ҳайронман” дедим. Юзим ёришди. Кадастрингиз бор деди! Шу билан қарши томон адвокатининг ҳар гал “Ноқонуний қурилишингиз” деган иборасидан қутулдим.
Биринчи инстансия ишига ариза бериш олдидан, танлаган адвокатим, “Ишингиз судга тортмайди, аризани қабул қилишмайди” деганда, ўзим ариза ёзиб судга тақдим қилганман. Аппеляциягача адвокациз ишлашга тўғри келди. Ҳар гал чиқишимда қурилиш нормалари, қоидаларидаги чекинишлар, ноқонунийликлар ҳақида гапирар эканман, қарши томон ҳимояси, менинг касбим нима эканини сўрайди. “Журналистман!” дейман. Кейинги мажлисда “Журналистман, дея таҳдид қилди” деган ҳолатлар бўлди.
Мана, ёзяпман. Таҳдид қилиш учун эмас, хатолар такрорланмаслиги учун. Жавобгар томонга ҳам раҳмим келяпти. Чунки, улар хатолари вақтида тушунтирилмаган, тўхтатилмаган. Бошқа тадбиркорлар улардек адашмаслиги учун ёзяпман.
Оғаётган уй. Бу уйда на таъмир қила оласан, на бир меҳмон кута оласан. Шифтда ҳар гал ёғоч “ғирқ” этиб овоз чиқарганда отилиб ташқарига чиқасан...
Ҳозирда Олий судда иш тўхтатилган. Комплекс экспертиза учун илтимоснома киритганмиз. Бу сафар экспертиза қандай Хулоса беради? Сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичибди, деган гап бор. Вилоят миқёсидаги суд воқеалари бошқа шаклларда давом этмайдими, ишқилиб? Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жон коммунал хўжалиги, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр Агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги мутахассисларидан саволларимизга жавоб олиш имкони бўладими? Иш яна қанчага чўзилади?
Мустаҳкам Тангриёрова,
журналист




