Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда, хусусан, водий каналларида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва уларнинг оила аъзолари, яқин қариндошлари билан боғлиқ шахсий маълумотлар ҳамда турли иддаолар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан кўплаб фуқаролар Эффеcт.уз таҳририятига мурожаат қилиб, нима учун бу мавзу сайтда ёритилмаётгани ҳақида эътирозлар билдиришмоқда.
Вазиятга аниқлик киритган агентлик мухбири фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб берди ҳамда муҳим огоҳлантириш билан чиқди. Мухбирнинг таъкидлашича, бундай мазмундаги хабарларнинг ОАВда берилмаслигига бир нечта жиддий қонуний ва касбий сабаблар мавжуд. Биринчидан, тарқатилаётган мурожаат ва маълумотларни биринчи бўлиб ким тайёрлагани ва манбаси аслида ким экани номаълум. Иккинчидан, инсоннинг шахсий ҳаёти ёки оилавий масалаларига тегишли бўлган мавзуларни ҳеч қандай исбот-далилларсиз жамоатчиликка олиб чиқишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, чунки шахсий ҳаёт дахлсиздир. Учинчидан эса, тармоқларда ҳокимнинг қариндошлари давлат ташкилотларида юқори лавозимларда ишлаши ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ турли асоссиз айбловлар илгари сурилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ҳар бир шахс ўз қилмиши учун шахсан жавобгардир ва ота фарзанд учун, ака эса ука учун жавоб бермайди. Жамоатчиликка тақдим этилаётган хабарларнинг софлиги ва далиллар билан асосланганига алоҳида эътибор қаратилади, қўлида асосли ҳужжатлари бўлмаган маълумотларни эса Эффеcт.уз ҳеч қачон ёритмайди.
Вазиятни атрофлича ўрганиш мақсадида Эффеcт.уз таҳририяти Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланиб, керакли жавобларни олган. Маълум бўлишича, ҳоким ва унинг оиласи шаънига путур етказувчи, туҳматдан иборат бўлган ушбу ёлғон материалларни тайёрлаган ва тарқатган шахс аниқланиб, аллақачон ҳуқуқий жавобгарликка тортилган.
Маълумки, ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатга қонунчилик доирасида ҳуқуқий баҳо берилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасига кўра, ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга деб белгиланган. Шу маънода, инсон ва фуқаролар қонунчилик доирасида тасдиқланган маълумотларни олиш ва мазкур ахборотларни ўзга шахслар билан алмашиниш ҳуқуқига эга саналади. Таъкидлаб ўтиш керакки, ёлғон маълумот тарқатиш ва бу ахборотлар шахсни қадр-қимматини обрўсизлантирадиган ёки жамият ҳаётига салбий таъсир ўтказиш хусусиятига эга бўлса, таъсир этиш даражасидан келиб чиққан ҳолда, маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтиб чиқаради.
Ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарликка тортиш масаласи бўйича, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида махсус ҳуқуқий нормалар белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасига кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50 баравари (бугунги кунда БҲМ 375 минг сўмни ташкил этгани боис 18 миллион 750 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш эса БҲМнинг 50 дан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 244-6-моддасига кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади. Жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш жазосини келтириб чиқаради.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, қонунчиликка кўра, ёлғон ахборот деганда, ҳақиқатга тўғри бўлмаган маълумотлар тушунилади. Шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш деганда, уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, хизмат таърифномаларида баён этиш, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади. Бундай маълумотларни фақатгина ўзига алоқадор шахснинг ўзига айтиш, бу маълумотларни тарқатиш деб қаралмайди.
Бугунги кунда тармоқларда тарқалаётган ўша хабарларнинг остида кўплаб фуқаролар томонидан ҳақоратли сўзлар ва турли салбий фикрлар қолдирилмоқда. Шу муносабат билан мухбир барча юртдошларимизни огоҳликка чақирди. Агар сизда қайсидир давлат органи раҳбари, вилоят ҳокими ёки уларнинг яқинлари фаолияти юзасидан асосли эътирозлар бўлса, уларни ижтимоий тармоқларга ёки манбаси номаълум каналларга эмас, ҳокимлар фаолиятини назорат қилувчи юқори турувчи ташкилотларга расмий тартибда ариза шаклида тақдим этишингиз лозим. Бирор хабарнинг тўғрилигига ишончингиз комил бўлмаса, уни бошқаларга улашишдан тийилиш керак. Эртага ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сўроқ қилинганда «Мен буни қайсидир Телеграм-каналдан ўқиб, шунчаки бошқаларга юборгандим» ёки «Билмай фикр ёзиб юборибман» қабилидаги важлар сизни қонуний жавобгарликдан асраб қололмайди.
“Шу боис ёлғон ва асоссиз маълумотлар билан жамоатчиликни чалғитишга уринманг. Эффеcт.узъни кузатишда давом этинг, биз сизга ҳамиша воқеаларнинг аслини кўрсатамиз”, дейилади видеомурожаатда.
Маълумот учун, Шуҳратбек Абдураҳмонов 2014-йилнинг апрел ойидан буён Андижон вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда.
Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади.




