Ўзбекистон

Янгилик қилиб Америка очиш керак эмас. Навоийда раҳбар келиши учун пул йиғилди

Akmal Eshonxonov41 кўришлар

Ҳа, биз ҳали ҳам Ўзбекистондамиз. Таълимга вазир бўлган Эркинжон Турдимовдан кейин ҳам мамлакатда дунёқараш ўзгармагани одамни хафа қилмасдан қўймайди. Нима эмиш, Республика «Келажак» маркази директорининг Навоийга ташрифига марказ директорларидан пул йиғилибди. Ҳақиқатда, америка очиш шарт эмас, қайтарамиз биз ҳали ҳам ўша Ўзбекистондамиз. Таълимнинг синовларига, хуш келибсиз Турдимов жаноблари.

Республика «Келажак» маркази директорининг Навоий вилоятига ташрифи олдидан туман ва шаҳар марказлари директорларидан 1 миллион сўмдан пул йиғилаётгани ҳақида ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятига мурожаат келиб тушди. Агар бу маълумот тасдиқланса, савол жиддий: раҳбарнинг хизмат сафари харажатлари кимнинг ҳисобидан қопланиши керак?

ЭФФЕЦТ.УЗ манбасининг маълум қилишича, йиғилаётган маблағлар раҳбарнинг транспорт, меҳмонхона, овқатланиши ҳамда ташрифни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа харажатларига сарфланиши айтилган.

Шунингдек, манбага кўра, бундай пул йиғиш ҳолати аввал ҳам кузатилган. Айрим ҳолларда йиғилган маблағларни ходимларга «премия» сифатида ойликка қўшиб бериш режалаштирилаётгани ҳам айтилган.

Бироқ суҳбатда иштирок этган айрим шахслар бундай пул йиғими ҳақида олдиндан хабардор қилинмаганини билдирган.

Бу топшириқ кимдан чиққан?

Мурожаатдаги яна бир муҳим жиҳат — мазкур таклифни туман директорларига етказиш талаби Навоий «Келажак» маркази директори Ғолибжон Абдирахмонов томонидан билдирилгани ҳақидаги маълумот.

Айтилишича, бу масала Абдирахмоновнинг туман мутасаддилари билан ўтказган йиғилишида тилга олинган. ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятида мазкур йиғилишга доир аудиёзув ҳам мавжуд.

Агар раҳбарнинг хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар ҳақиқатан ҳам қуйи бўғин раҳбарларидан йиғилаётган бўлса, бу маблағларнинг ҳуқуқий ва молиявий асоси қандай?

Саволлар кўп, жавоб эса очиқ қолмоқда

Раҳбарнинг хизмат сафари харажатлари қайси маблағ ҳисобидан қопланади? Хизмат сафари учун расмий смета мавжудми? Бу мақсадлар учун бюджетдан маблағ ажратилганми? Агар маблағ ходимлардан йиғилган бўлса, уни йиғишга ким томонидан ва қайси асосда топшириқ берилган?

Эслатиб ўтамиз, Республика «Келажак» маркази 2025-йил 18-сентябрдан Индира Холдарова раҳбарлигида фаолият юритиб келмоқда.

ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририяти мазкур мурожаатда келтирилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига ҳозирча якуний баҳо бермаяпти. Шу боис Республика «Келажак» маркази ва Таълим ва илм-фан вазирлигидан ушбу ҳолатга расмий муносабат билдиришни, пул йиғилаётгани ҳақидаги маълумотни текширишни ҳамда ташриф харажатлари қайси манба ҳисобидан қопланишини очиқлаштиришни сўраймиз.

Янгилик қилиб Америка очиш шарт эмас. Лекин таълим тизимида эскича ёндашувлар сақланиб қолаётган бўлса, бу ҳақда савол беришга ҳаққимиз бор.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Янгилик қилиб Америка очиш керак эмас. Навоийда раҳбар келиши учун пул йиғилди | Effect.uz