Ўзбекистон

«ОЛИМП»да ваъда қилинган учрашув ҳам бўлмади: фуқаролар энди Президент Администрациясидан ёрдам сўрамоқда

Akmal Eshonxonov9 кўришлар

Мирзо Улуғбек туманида қурилиши йиллар давомида якунланмай келаётган «ОЛИМП» лойиҳаси атрофидаги муаммо ҳамон ўз ечимини топгани йўқ.

Аввал хабар берганимиздек, 30-сентябр куни «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ томонидан қурилиши якунланмаган мазкур обект юзасидан норози фуқаролар билан Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида учрашув ўтказилган эди. 3-октябр куни эса туман ҳокими Баҳодир Ғойибназаров обектнинг ўзига бориб, аҳоли билан учрашган ва уларнинг мурожаатларини эшитган.

Ўша куни фуқароларга масала яна бир бор ўрганилиши ва 8-октябр куни қурилиш компанияси таъсисчилари билан учрашув ўтказилиши айтилган. Бироқ 8-октябр куни кутилган учрашув фуқаролар тасаввур қилганидек ўтмади.

Ваъда қилинган учрашув ваъдалигича қолди?

8-октябр куни ЭФФЕЦТ.УЗ ижодий жамоаси ҳам Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги биноси олдида фуқаролар билан бирга бўлди.

Маълум бўлишича, «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖнинг таъсисчилари ва вакиллари ҳокимликка келган. Аммо фуқароларнинг таъкидлашича, уларнинг ҳоким ва аҳоли иштирокида биргаликда учрашиб, муаммони ҳал этиш бўйича очиқ мулоқот ўтказиш истаги амалга ошмаган.

Кейинчалик компания вакиллари ҳокимлик масъуллари билан алоҳида мулоқот қилгани маълум бўлди.

Бу ерда табиий савол туғилади:

Агар муаммонинг асосий манфаатдор томони бўлган фуқаролар бир неча бор мурожаат қилаётган бўлса, нега улар иштирокида очиқ ва аниқ натижага қаратилган учрашув ўтказилмади?

Энг муҳими, 8-октябрдан буён вазиятда қандай амалий ўзгариш бўлди?

Бугунги кунда фуқароларнинг айтишича, «ОЛИМП» муаммосини ҳал этиш бўйича ҳокимлик томонидан амалга оширилган аниқ чора-тадбирлар ҳақида уларга маълумот берилмаган. Шунингдек, 3-октябр куни обектда берилган топшириқларнинг ижроси юзасидан ҳам жамоатчиликка аниқ ахборот тақдим этилмаган.

Энди фуқаролар ҳокимлик ижросини кутмаяпти

Орадан вақт ўтмоқда. Қурилиш эса ҳануз якунланмаган. Фуқаролар эса яна бир учрашув ёки яна бир ваъдани эмас, амалий натижани кутмоқда.

Шу сабабли улар бугун туман ҳокимлигидаги масъулларнинг кейинги ҳаракатларини кутиб ўтирмасдан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мурожаат қилиш учун борган.

Фуқароларнинг билдиришича, улар мазкур масалада энди Президентга ишонч билдирмоқда ва муаммони ҳал этишда юқори даражада амалий ёрдам сўрамоқда.

Бу ҳолатнинг ўзиёқ саволларни янада кўпайтирмоқда. Чунки 3-октябр куни туман ҳокими обектга бориб, муаммони шахсан ўрганган. 8-октябр куни қурилиш компанияси таъсисчилари ва вакиллари ҳокимликка келган. Аммо 8-октябрдан кейин фуқаролар муаммонинг аниқ ечими, бажарилган ишлар ва кейинги қадамлар ҳақида расмий маълумот кутиб қолмоқда.

«ОЛИМП» бўйича очиқ саволлар

Аввалги суриштирувимизда «ОЛИМП» обектининг ер ва қурилиш ҳужжатлари тарихи, шунингдек, «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши юритилгани ҳақида маълумот берган эдик.

Ҳужжатларга кўра, обектнинг ер майдони 2000-йилда шаклланган, кейинчалик унинг бир қисми «ЕРНЕСТ-ҲОЛДИНГ» МЧЖга ўтган. 2021-йилда лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилган, 2023-йилда обект қайта давлат рўйхатидан ўтказилган. Шу билан бирга, обект билан боғлиқ жиноят ишининг айрим қисмлари бўйича суд қарорлари мавжуд, ишнинг бошқа қисми эса дастлабки терговни давом эттириш учун Бош прокуратурага юборилган.

Бироқ бугун фуқаролар учун энг муҳими:

«ОЛИМП» қачон ва қандай қилиб якунланади?

Ҳокимлик томонидан 3-октябр куни берилган топшириқлар бажарилдими?

8-октябр куни компания таъсисчилари билан ўтказилиши айтилган мулоқот нега фуқаролар иштирокида ташкил этилмади? 8-октябрдан буён қандай амалий ишлар қилинди?

Фуқароларга нега бу ишлар ҳақида аниқ ахборот берилмаяпти?

Ва ниҳоят, фуқаролар нега ўз муаммоси ечимини туман ҳокимлигидан эмас, Президент Администрациясидан излашга мажбур бўлмоқда?

Бу саволларга энди қуруқ ваъдалар эмас, аниқ фактлар ва амалий натижалар билан жавоб бериш вақти келди.

ЭФФЕЦТ.УЗ «ОЛИМП» атрофидаги вазиятни кузатишда давом этади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«ОЛИМП»да ваъда қилинган учрашув ҳам бўлмади: фуқаролар энди Президент Администрациясидан ёрдам сўрамоқда | Effect.uz