Ўзбекистон

Тошкентда Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўз ишини бошлади

Akmal Eshonxonov20 кўришлар
Тошкентда Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўз ишини бошлади

Унда 40 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, таълим ва фан вазирлари, 500 га яқин маҳаллий ва хорижий олийгоҳ раҳбарлари ҳамда мингдан зиёд эксперт иштирок этди.

"Форумнинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирдим.

Давлатимиз раҳбари қутловида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Қарийб 85 миллион аҳолига эга минтақамизнинг энг катта бойлиги эса билимга интилаётган ёш авлоддир.

“Ана шу улкан демографик салоҳиятни қудратли интеллектуал кучга айлантиришда энг самарали йўл – сифатли, замонавий таълим ва тарбиядир”, – дейилади мурожаатда.

Президентимиз Ўзбекистонда таълим ислоҳотлари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини қайд этган. Яқинда мактабгача ва мактаб таълими, касбий ва олий таълим ҳамда илм-фан бошқаруви ягона тизимга бирлаштирилди. Бундан мақсад – боланинг дастлабки билим олишидан етук мутахассис ва олим бўлиб шаклланишигача бўлган босқичлар узвийлигини таъминлаш.

Мурожаатда таълим ёшларни мустақил фикрлаш, ижод қилиш ва умри давомида ўрганишга тайёрлаши зарурлиги таъкидланган. Ўқитувчи ва мураббийларнинг ролини ошириш, мактаб, техникум, университет ҳамда ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, айниқса, қизлар, чекка ҳудудлардаги болалар ва алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилди.

Президентимиз сунъий интеллект ва замонавий муҳандислик йўналишларини ривожлантириш, университетлар ўртасидаги қўшма дастурлар ва тадқиқотларни кўпайтириш, талаба ҳамда олимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёни илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантиришдек стратегик мақсад йўлида форумда амалий таклифлар илгари сурилишига ишонч билдирди", – деб ёзади Шерзод Асадов ўз телеграм саҳифасида

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Тошкентда Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўз ишини бошлади | Effect.uz