2026/2027 ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларида таҳсил олаётган педагоглар фарзандлари учун тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи миқдорида чегирма берилади.
Чегирма давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичида, кундузги таълим шаклида ўқиётган педагог фарзандларига татбиқ этилади.
Агар педагогнинг бир нечта фарзанди давлат ОТМида контракт асосида таҳсил олаётган бўлса, чегирма ҳар бир фарзанд учун алоҳида қўлланилади.
Бироқ имтиёз қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмайди:
— олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларида;
— Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ОТМ ва уларнинг филиалларида;
— қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида;
— хорижий ҳамкор ОТМларнинг қўшма таълим дастурлари ва факултетларида;
— нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётганларга.
Чегирма олиш учун педагог фарзанди контракт.эду.уз тизими орқали ариза юборади. Педагог фарзанди экани «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тасдиқланса, чегирма автоматик қўлланилади.
Аризалар 2 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
Муҳим жиҳат: мазкур чегирма бир ўқув йили учун бир марта қўлланилади.
Агар педагог кейинчалик педагог тоифасидан чиқарилса, унинг фарзандига чегирма кейинги ўқув йилидан бошлаб тўхтатилади.




