Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик 35 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Мамлакатда янги шифохоналар қуриш, мавжудларини модернизация қилиш ва тиббиёт муассасаларини бошқаришга хусусий секторни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция жалб қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва йирик тиббиёт обектларини қуриш бўйича тақдимот билан танишган.
Маълум қилинишича, қиймати 2,7 миллиард долларлик 35 та лойиҳа янги ихтисослашган марказлар ва кўп тармоқли шифохоналар қуриш, мавжуд тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлаш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашни қамраб олади.
Хусусан, Миллий онкология маркази, Республика неврология ва инсулт маркази, Тошкент вилоятида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қашқадарёда янги шифохоналар, Нукусда оналар ва болалар марказини барпо этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Термизда тиббий таълим дастурларини йўлга қўйиш, давлат-хусусий шериклик асосида Самарқандда 800 ўринли шифохона ва Бухоро вилоятида кўп тармоқли тиббиёт муассасасини ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, умумий қиймати 1 миллиард долларлик яна 9 та истиқболли лойиҳа бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Улар неврология, руҳий саломатлик, наркология, болалар онкологияси ва гематологияси, шошилинч тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш, тез ёрдам автопаркини янгилаш ҳамда тиббий кадрлар тайёрлашга қаратилган.
"Тақдимотда 2040-йилгача мўлжалланган соғлиқни сақлаш соҳасининг инвестиция стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бунда мавжуд лойиҳалар қайта баҳоланиб, ҳудудлар эҳтиёжига мос инвестиция портфели шакллантирилади", - дейилади хабарда.
2027-йилдан тиббиёт муассасаларида ауцорсингнинг янги тартиби жорий этилиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, шифохоналар айрим тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий ташкилотлардан харид қилиши мумкин бўлади. 2030-йилгача хизматлар харидида ауцорсинг улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Таъкидланишича, жараён шаффофлигини таъминлаш учун “Тиббиёт ауцорсинги” электрон тизими яратилади. Унда хизмат кўрсатувчилар, шартномалар, бажарилган ишлар сифати ва тўловлар назорат қилинади.
Шунингдек, 2030-йилгача 5 та йирик тиббиёт муассасасида профессионал бошқарув тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бошқарувчилар очиқ танлов асосида сараланиб, уларнинг фаолияти ҳар йили натижа кўрсаткичлари бўйича баҳоланади.




