Янгиҳаёт туманида профилактика инспекторига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. У Мажбурий ижро бюросининг икки нафар давлат ижрочисига нисбатан зўрлик ишлатиш, уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ваколат доирасидан четга чиқишда гумонланмоқда. Суд ажримига кўра, воқеа 2026-йил 3-октябр куни содир бўлган.
Дастлабки тергов ҳужжатларида келтирилишича, Мажбурий ижро бюроси Учтепа туман бўлимининг уч нафар давлат ижрочиси мавжуд ижро ҳужжати асосида фуқаро М.А.дан 7 миллион 407 минг сўм қарздорликни ундириш учун унинг хонадонига борган.
Бироқ қарздор ва унинг оила аъзолари хонадон эшигини қулфлаб қўйган. Шундан сўнг улар профилактика инспектори Я.Р.ни воқеа жойига чақирган.
Тергов версиясига кўра, Я.Р. бошқа икки нафар ИИБ ходими билан бирга воқеа жойига борганидан кейин МИБ ва ИИБ ходимлари ўртасида тортишув келиб чиққан.
Иш материалларида айтилишича, ИИБ ходимлари икки нафар МИБ давлат ижрочисига нисбатан жисмоний куч ишлатган, уларга тан жароҳати етказган ва хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилган.
Шунингдек, тергов ҳужжатларида МИБ ходимлари зўрлик ишлатилган ҳолда хизмат автомобилига мажбуран миндирилгани ва тушунтириш хати олиш мақсадида Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ маъмурий биносига олиб борилгани қайд этилган.
Иш материалларига кўра, МИБ ходимлари соат 11:00 дан 11:17 гача махсус хизмат автомобилида ушлаб турилган. Экспертиза хулосасида эса МИБ ходимларида енгил тан жароҳатлари аниқлангани кўрсатилган.
Профилактика инспектори Я.Р.га Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми «а» банди, 206-моддаси 2-қисми «в» банди ҳамда 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик бўйича гумонлов эълон қилинган.
Прокурор суддан унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашни сўраган. Илтимосномада Я.Р. озодликда қолдирилса, тергов органларидан яшириниши ёки такроран жиноят содир этиши мумкинлиги асос сифатида келтирилган.
Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди прокурор илтимосномасини қаноатлантириб, профилактика инспектори Я.Р.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаган.
Айни пайтда келтирилган ҳолатлар — тергов версияси ва суд ажримида баён этилган маълумотлар. Я.Р.нинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан ҳали тасдиқлангани ҳақида маълумот йўқ.




