Республика бўйлаб ўтказилган назорат тадбирларида аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газни тижорий нархда сотиш мақсадида ноқонуний сақлаш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Биргина 9-ноябр куни 7 та ҳолатда жами 249 та газ баллони қонунга хилоф равишда сақланаётгани маълум бўлди.
Тадбирларда ДХХ, Бош прокуратура, ИИВ, ФВВ, «Ўзенергоинспексия» ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ходимлари иштирок этган.
Аниқланган ҳолатлар орасида газ таъминоти тизими ходимларининг қонунбузилишлари ҳам бор. Жумладан, Қорақалпоғистонда «Амударётумангаз» бўлими чилангари 104 та, Сурхондарёда «Шерободтумангаз» бўлими ҳайдовчиси 25 та, Тошкент вилоятида эса «Қуйичирчиқтумангаз» бўлими газ тўлдириш шохобчаси ходими 3 та газ баллонини сақлагани аниқланган.
Шунингдек, Наманганда бир фуқаронинг хонадонида 20 та, Қашқадарё вилоятининг Касби туманида икки фуқаронинг уйларида жами 92 та газ баллони сақлангани қайд этилган. Хоразмнинг Хонқа туманида эса умумий овқатланиш шохобчасида аҳоли учун ажратилган 5 та газ баллонидан ноқонуний фойдаланилган.
Маълум қилинишича, аниқланган 1 160 килограмм суюлтирилган газ 58 та хонадоннинг бир ойлик эҳтиёжини таъминлаши мумкин эди. Газ баллонларини хавфсизлик талабларига зид равишда сақлаш эса ёнғин ва портлаш хавфини келтириб чиқариши мумкин.
Масъул идоралар фуқароларни газ баллонларининг шубҳали савдоси, ноқонуний сақланиши ёки аҳолига ажратилган газдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақамига хабар беришга чақирди. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланиши билдирилган.
Маълумот учун, жорий йил 20-октябрдан буён республика бўйича 370 та ҳолатда жами 9 455 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Улардаги суюлтирилган газ миқдори 102 158 килограммни ташкил этган.




