Андижон шаҳридаги хонадонлардан бирида қимор ва таваккалчиликка асосланган ноқонуний ўйин ташкил этган шахс аниқланди. Тезкор тадбир давомида ўйиндан 7 миллион 105 минг сўм, 30 АҚШ доллари ва 500 Россия рубли, шунингдек, ташкилотчига берилган 420 минг сўм чойпул сифатида расмийлаштириб олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, ташкилотчи ўз хонадонида бир гуруҳ фуқароларга пул эвазига қимор ўйнаш учун шароит яратиб берган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Жалақудуқ туманида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши тадбирда 1977-йилда туғилган фуқаронинг хонадонидан 63 граммдан ортиқ гашиш ва қарийб 1 грамм марихуана аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 273-моддаси олтинчи қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.




