«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ «Хоразм Шохаббос» МЧЖдан ҳисобга олинмаган электр энергияси учун 222 миллион 17 минг 400 сўм ундиришни талаб қилган. Бироқ бир неча инстансияда кўрилган низо якунда Олий судда тадбиркорлик субекти фойдасига ҳал бўлган.
Тадбиркорнинг айтишича, мазкур иш нафақат корхонасига молиявий зарар етказган, балки унинг икки ой қамоқда сақланишига ҳам сабаб бўлган. Кейинчалик эса жиноят иши доирасида у оқланган.
Низо 2024-йил 19-июнда ўтказилган текширувдан кейин бошланган. Тадбиркорнинг билдиришича, текширувда электр энергияси ҳисоб-китобида қоидабузарлик аниқлангани айтилган ва корхонага катта миқдорда зарар ҳисобланган.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тадбиркор икки ой қамоқда сақланган. Кейинчалик жиноят суди уни оқлаган.
Шундан сўнг «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ «Хоразм Шохаббос» МЧЖдан 222 миллион 17 минг 400 сўм ундиришни сўраб, иқтисодий судга мурожаат қилган.
2025-йил 2-июн куни Шовот туманлараро иқтисодий суди даъвони тўлиқ қаноатлантирган. 24-июл куни Хоразм вилояти судининг апелляция инстансияси ҳам ушбу қарорни ўзгаришсиз қолдирган.
Бироқ иш шу билан тугамаган.
2026-йил 23-апрел куни Бухоро вилояти судининг тафтиш инстансияси ундирилиши белгиланган суммани 135 миллион 626 минг 817 сўмга камайтирган.
Корхона ушбу қарордан ҳам норози бўлиб, Олий судга шикоят киритган.
Олий судда иш кўрилиши жараёнида қўшимча далиллар талаб қилинган. Шунингдек, Энергетика, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспексияси мутахассисини жалб этиш зарур деб топилган. Шу сабабли суд муҳокамаси 2026-йил 29-сентябрга қолдирилган.
Ниҳоят, 2026-йил 27-октябр куни Олий суд тафтиш инстансияси корхона шикоятини қаноатлантирган.
Қуйи судларнинг аввалги қарорлари бекор қилиниб, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «Хоразм Шохаббос» МЧЖга нисбатан даъвосини қаноатлантириш рад этилган.
Шу тариқа, бир низо бўйича суд қарорлари бир неча бор ўзгарди: дастлаб тадбиркордан 222 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириш белгиланди, кейин сумма қарийб 86,4 миллион сўмга камайтирилди, якунда эса даъво бутунлай рад этилди.
Мазкур ишда эътиборли жиҳат ҳам шунда — тадбиркорнинг мажбуриятини белгилаган дастлабки қарорлар юқори инстансияларда қайта кўриб чиқилиб, якунда бекор қилинди.
Тадбиркор эса бу жараённи ўзининг ҳақиқат учун кураши сифатида баҳоламоқда.
«Олий суддан ҳақиқат топдим», — дейди у.
Мазкур ишда суд қарорларининг турли босқичларда кескин ўзгаргани эса далиллар, ҳисоб-китоблар ва иш ҳолатларининг ҳар бир инстансияда қай даражада тўлиқ ўрганилгани ҳақида саволларни юзага келтиради.



