Жамият

Сурхондарёда фуқароларнинг солиқ қарзи учун маҳалла раислари жавоб беряпти

Akmal Eshonxonov11 кўришлар
Сурхондарёда фуқароларнинг солиқ қарзи учун маҳалла раислари жавоб беряпти

Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани «Яккатерак» маҳалласи раиси Акром Мисировнинг маҳалладошларга қилган мурожаатида солиқ қарздорлиги ортидан маҳалла раислари дуч келаётган босим ҳақида сўз боради.

Раиснинг айтишича, маҳаллада солиқ тўламаган фуқаролар борлиги сабабли у ва бошқа масъуллар ҳар куни туман марказига йиғилишга чақирилмоқда.

«Маҳалламиздаги солиқ тўламаган фуқаролар эвазига биз, мана, эрталаб-кечқурун ҳар куни туман марказига йиғилишга боришга мажбур бўляпмиз-да», — дейди Акром Мисиров.

Унинг таъкидлашича, айрим фуқароларнинг солиқ қарзи жуда кам миқдорда — юз ёки икки юз минг сўм атрофида. Шунга қарамай, бу қарздорликлар ҳам маҳалла раисининг кундалик ишига таъсир қилмоқда.

«Яна энг алам қилаётган нарса — шу солиқ тўламаган фуқаролардан юз минг, икки юз минг сўм қолиб кетганлар ҳам бор», — дейди маҳалла раиси.

Раиснинг сўзларига кўра, солиқ қарздорлигини ундириш жараёнида айрим ҳолатларда мажбурий чоралар қўлланиши мумкин. У эса бундай чораларга борилмаслиги учун аҳоли билан ишлашда қийинчиликка дуч келаётганини билдирган.

«Кейин кўпроқ солиқ тўламаган фуқароларни ҳам, қўлимиздан келади, печат босиб, мажбурий ижарага ўтказиб юбориш. Шу нарсани қилмайлик деб одам қийналяпти-да», — дейди у.

Раиснинг мурожаатида унинг шахсан ушбу жараёндан чарчагани ҳам очиқ сезилади.

«Ҳар куни гап эшитишдан безор бўлиб кетдик, тўғрисини айтайлик», — дейди Акром Мисиров.

Унинг айтишича, эртага бир миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзи бўлган фуқаролар ҳақида тегишли департаментга маълумот беришга мажбур бўлади.

«Енди эртага ноиложмиз, энди бир миллиондан ошган солиқдорларнинг ҳаммасини департаментга ёзиб берамиз, бошқа иложимиз қолмади, гапнинг очиғи», — дейди маҳалла раиси.

У, шунингдек, йиғилишларга бориш учун эрталаб соат 06:30 да ҳокимиятга боришга тўғри келаётганини айтган.

«Шу ҳар куни гап эшицам, эрталаб соат олти ўттизда ҳокимиятга бориш ҳам безор бўлиб кетди», — дейди у.

Маҳалла раисининг ушбу гаплари эса бир саволни ўртага қўяди: фуқаронинг солиқ мажбуриятини бажариши учун маҳалла раиси қай даражада масъул?

Солиқ қарздорлигини ҳисоблаш ва ундириш ваколатли органларнинг вазифаси бўлса, маҳалла раисига ҳар куни ҳисоб бердириш ва уни туман марказига чақириш амалиётининг ҳуқуқий асоси борми? Бу саволга мутасадди идораларнинг муносабати муҳим.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Сурхондарёда фуқароларнинг солиқ қарзи учун маҳалла раислари жавоб беряпти | Effect.uz