Ўзбекистонда янги тарихда илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили етиштирилди. Президент Шавкат Мирзиёев деҳқон ва фермерлар, кластер ходимлари ҳамда дала меҳнаткашларини рекорд натижа билан табриклади.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу натижа пахтачилик соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, замонавий агротехнологиялар, сув тежовчи технологиялар ва механизациялаштириш жараёнлари самараси ҳисобланади.
Президент маълумотларига кўра, сўнгги йилларда пахтачиликда ўртача ҳосилдорлик 21 сентнердан 56 сентнерга етган. Бу кўрсаткич 2,7 баравар ўсишни англатади. Шунингдек, 1990-йилларга нисбатан сув сарфи икки баравар камайган.
Жорий йилда қарийб 400 минг гектар майдонда ўртача ҳосилдорлик 70 сентнерга етган, салкам 70 минг гектар ердан эса 100–110 сентнергача пахта олинган. Қарийб мингта фермер хўжалиги ва кластер ўртача 100 сентнерлик ва ундан юқори натижага эришган.

Айрим фермер хўжаликлари ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этган. Жумладан, Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги Анорбой Эшматов ҳамда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги Улуғбек Сўпиев ҳар гектар ердан 110 сентнердан ҳосил олган.
Президент, шунингдек, Қорақалпоғистонда 400 минг тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилганини алоҳида эътироф этди. Жиззах, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Сирдарё вилоятларида эса ўртача ҳосилдорлик 60 сентнердан ошган.

Ҳосилни йиғиб-териб олишда механизациялаштириш даражаси ҳам сезиларли ошган. Давлат раҳбари келтирган маълумотларга кўра, бу йил етиштирилган пахтанинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машинаси ёрдамида 30–35 кун ичида териб олинган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялаштириш даражаси 100 фоизга етган.
Шу билан бирга, пахта етиштиришда дронлардан фойдаланиш, рақамлаштириш ва ноанъанавий технологияларни жорий этиш натижасида сарф-харажатлар икки баравар камайгани таъкидланган.
Президентнинг айтишича, жорий йилда фермерлар пахтадан 13–14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев келгуси йилда пахта ҳосилдорлигини ўртача 65–70 сентнерга етказиш мақсад қилинганини маълум қилди. Бунинг учун серҳосил уруғлик навлари, агродронлар, сув ва энергия тежовчи технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари ўз табригида пахтачиликдаги бу натижаларни «Янги Ўзбекистон мўъжизаси» деб атади. Унинг таъкидлашича, соҳа ривожида деҳқон ва фермерларнинг меҳнати, замонавий технологиялар ҳамда тизимдаги ислоҳотлар муҳим ўрин тутмоқда.




