Директорлар танлови ва ходимлар ҳуқуқи бўйича жамоавий мурожаатда жиддий саволлар кўтарилмоқда. Янги тизимни жорий этиш осон эмас. Айниқса, йиллар давомида шаклланган муассасалар ўрнида янги тузилма пайдо бўлаётган бўлса, ўзгаришлар нафақат номи ва вазифаларга, балки унда ишлаб келган юзлаб раҳбар ва ходимларнинг меҳнат тақдирига ҳам таъсир қилади.
«Баркамол авлод» болалар мактаблари негизида «Келажак» марказларини ташкил этиш жараёнида ҳам ана шундай мураккаб жараён кечган. Аммо бизга келиб тушган жамоавий мурожаатда масала оддий ташкилий ўзгаришлар доирасидан анча четга чиқмоқда.
Унда ишдан бўшатиш аризаларининг босим остида ёздирилгани, буйруқ ва ариза саналарининг бир-бирига мос келмаслиги, директорлик лавозимларига ўтказилган танловларнинг шаффофлиги, айрим номзодларнинг белгиланган талабларга жавоб бермаган ҳолда тайинлангани ҳамда лавозимлар бўйича коррупсияга оид хабарлар текширилиши сўралган.
Мурожаат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсманга йўлланиши керак эди, лекин айрим сабабларга кўра ушбу мурожаат юқори идораларгача етиб бормаган.

Бу даъволарнинг ҳар бири ваколатли органлар томонидан ҳужжатлар асосида текширилиши лозим. Чунки бу ерда гап нафақат алоҳида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, балки янги тизимни ташкил этиш жараёнининг қонун, тенглик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилган-ўтказилмагани ҳақида кетмоқда.
«Баркамол авлод»дан «Келажак»ка: ўзгаришнинг ҳуқуқий асоси нима эди?
2025-йил 8-сентябрда қабул қилинган Президентнинг ПҚ-277-сон қарори билан «Баркамол авлод» болалар мактаблари негизида «Келажак» марказларини ташкил этиш белгиланди. Ҳужжатда янги марказлар раҳбар лавозимларини стратегик фикрлайдиган, замонавий билим ва кўникмаларга эга, ташаббускор ва етакчилик салоҳияти бор муносиб номзодлар орасидан тўлдириш вазифаси қўйилган. Кейинчалик, 2025-йил 10-декабрдаги 776-сон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Келажак» марказлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, марказга директор раҳбарлик қилади. Республика «Келажак» маркази директори ва унинг ўринбосарлари вазир томонидан тайинланади. Вилоят ва Тошкент шаҳар марказлари директорлари Республика «Келажак» маркази тавсияси асосида вазир томонидан, туман ва шаҳар марказлари директорлари эса Республика «Келажак» маркази директори яъни Индира Холдорова томонидан тайинланади.

Демак, раҳбарлик лавозимларини шакллантириш — тизимдаги энг муҳим масалалардан бири. Айнан шу жараённинг шаффофлиги бўйича эса жамоавий мурожаатда жиддий эътирозлар келтирилган.
Ишдан бўшатиш аризалари: ихтиёрий хоҳишми ёки босим?
Мурожаатда келтирилишича, 2025-йил декабр ойида Тошкент шаҳридаги «Баркамол авлод» болалар мактабларининг айрим директорлари ва ходимларидан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздирилган. Мурожаатчилар бу жараёнда психологик босим бўлганини таъкидлаган.
Уларнинг айтишича, айрим раҳбарларга янги тизимда ишлаш ёки лавозимига қайта тикланиш имконияти берилиши ваъда қилинган, аммо кейинчалик ушбу ваъдалар амалга ошмаган. Агар бу ҳолатлар тасдиқланса, масала оддий «кадрлар алмашинуви» эмас.
Чунки амалдаги Меҳнат кодексида ходим ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш алоҳида тартибга солинган. Ходимнинг ўз хоҳиши билан ишдан кетиш ҳақидаги аризаси ҳақиқий иродага асосланган бўлиши керак. Иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш эса асосланган бўлиши шарт.
Шунинг учун мурожаатдаги асосий саволлардан бири:
2025-йил декабр ойида ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган раҳбар ва ходимлар бу қарорни ҳақиқатан ҳам ўз хоҳиши билан қабул қилганми?
Бу саволга жавоб бериш учун фақат аризанинг мавжудлиги етарли эмас. Ариза ёзилган шароит, унинг мазмуни, санаси, меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси, буйруқ, ходимга берилган ҳужжатлар ва бошқа далиллар ўрганилиши керак.
Ариза 13-декабр. Буйруқ эса 9-декабр?
Жамоавий мурожаатдаги энг жиддий эътирозлардан бири — ҳужжатлардаги саналар ўртасидаги зиддият. Айрим ишдан бўшаш аризалари 2025-йил 13-декабр санаси билан расмийлаштирилган бўлса-да, ишдан бўшатиш буйруқлари 9-декабр санаси билан чиқарилган.
Агар бу маълумот ҳужжатлар билан тасдиқланса, табиий савол туғилади:
Ходим ҳали ариза ёзмаган санагача уни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ қандай асосда чиқарилган? Бу ерда гап шунчаки техник хатолик ҳақида эмаслиги ҳам мумкин.
Амалдаги Меҳнат кодексига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқда меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси тегишли ҳуқуқий нормага аниқ мувофиқ кўрсатилиши керак.
Шунинг учун бу ерда ариза санаси, буйруқ санаси, меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси ва ҳужжатларнинг рўйхатдан ўтказилиш санасини солиштириш муҳим.
Жамоавий мурожаатда ҳам айнан шу масала алоҳида текшириш учун қўйилган.
Янги директорлар қандай танланди?
«Келажак» марказларининг директорларини танлаш жараёни эса мурожаатнинг яна бир катта қисмини ташкил этади. Мурожаатда айтилишича, директорлик лавозимлари учун тест ва суҳбатлар ўтказилиши очиқ эълон қилинган.
Бироқ мурожаатчиларнинг даъвосига кўра, айрим ҳолатларда:
тест ва суҳбатда қатнашмаган шахслар;
белгиланган малака ва иш тажрибаси талабларига жавоб бермайдиган номзодлар;
аввалдан ушбу лавозимда ишлаб келган айрим шахслар
директорлик лавозимларига тайинланган бўлиши мумкин.
Бу — тасдиқланиши шарт бўлган даъволар. Чунки ПҚ-277-сон қарорнинг ўзида «Келажак» марказлари раҳбар лавозимларини муносиб номзодлар орасидан тўлдириш вазифаси белгиланган. Шундай экан, танловнинг ўзи эмас, танлов қандай ўтказилгани ҳам муҳим.
Тестда қатнашмаган номзод қандай қилиб тайинланган?
Жамоавий мурожаатда айрим туманлар — жумладан, Миробод, Чилонзор, Яшнобод, Учтепа, Сергели, Яккасарой ва Юнусобод билан боғлиқ ҳолатларни алоҳида текшириш сўралган.
Мурожаатчилар айрим номзодлар тест ёки суҳбат жараёнларида қатнашмагани, айримлари эса белгиланган малака талабларига жавоб бермагани ҳақида маълумот келтирган.
Агар бу даъволар тасдиқланса, жуда муҳим савол:
Танловдан ўтмаган ёки танловда иштирок этмаган номзод қайси асосда директорлик лавозимига тайинланган?
Бундай ҳолатда жавобни субектив фикрлардан эмас, комиссия баённомаси, тест натижалари, суҳбат протоколи, номзоднинг ҳужжатлари ва тайинлов буйруғидан излаш керак.
«Бункерда» ўтказилган тестлар ҳақидаги даъво
Мурожаатда яна бир жиддий ҳолат тилга олинган. Унда 2026-йил 23-май куни директорлик лавозимлари учун ўтказилган икки босқичли тест жараёнларида айрим амалда ишлаб турган раҳбарлар ҳам қатнашгани ва уларга, мурожаатчилар фикрича, асоссиз юқори баллар берилгани айтилган. Шунингдек, тестлар «алоҳида бункерда», ҳаммадан яширин ҳолда ўтказилган.
Бу даъвонинг ўзиёқ айблов сифатида қабул қилиниши мумкин эмас. Аммо бу — текшириш мумкин бўлган аниқ ҳолат.
Бунинг учун:
тест ўтказилган жой;
иштирокчилар рўйхати;
тест бошланиш ва тугаш вақти;
тест натижалари;
саволлар базаси;
баҳолаш мезонлари;
комиссия баённомаси;
видеокузатув ёзувлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги
аниқланиши мумкин.
Агар жараён очиқ ва адолатли ўтган бўлса, бу ҳужжатлар саволларга жавоб беради. Агар аксинча бўлса, унда жавобгарлик масаласи ҳам пайдо бўлади.
«5 та тил билиш», «хорижда ўқиган бўлиш» — талаблар ҳаммага бир хил қўлланганми?
Мурожаатчилар яна бир масалани кўтарган. Айрим директорлик номзодларига бешта тилни билиш, хорижда таълим олган бўлиш каби қўшимча талаблар қўйилгани, аммо ушбу талаблар барча номзодларга бир хил қўлланилмагани ҳақида даъво қилинган. Бу ҳам жиддий текширувни талаб қилади.
Чунки танловда асосий мезонлар номзодларга олдиндан аниқ ва бир хил маълум бўлиши керак.
Агар бир номзоддан талаб қилинган мезон бошқа номзодга нисбатан қўлланмаса, танлов натижасининг холислиги ҳақида савол туғилади.
Шу сабабли жамоавий мурожаатда: қўшимча талабларнинг норматив-ҳуқуқий асоси бор-йўқлиги ва улар барча номзодларга бир хил қўлланилган-қўлланилмаганини текшириш талаб қилинган.
«Келажак» марказлари раҳбариятининг жавобгарлиги қаердан бошланади?
776-сон қарор билан «Келажак» марказлари фаолиятининг ҳуқуқий мақоми ва бошқарув тартиби белгилаб берилган. Ҳужжатда марказ директорлари ва уларни тайинлаш ваколатига эга бўлган субектлар ҳам аниқ кўрсатилган. Шунинг учун директорларни танлаш ва тайинлаш жараёнида ким қандай қарор қабул қилгани ҳам ҳужжатлардан кўриниши керак.

Бу ерда жамоатчиликнинг саволи фақат Индира Холдоровага эмас.
Савол:
танлов комиссиясига, масъул мансабдорларга, тегишли ҳудудий бошқармаларга ва якуний тайинловни амалга оширган ваколатли шахсларга ҳам тааллуқли.
Агар танлов шаффоф ўтган бўлса — унинг натижаларини асословчи ҳужжатларни кўрсатиш қийин эмас. Ёки ходимлар ўз хоҳиши билан ишдан бўшаган бўлса — аризалар ва буйруқлар ўртасидаги саналарда ҳам савол қолмаслиги керак. Агар барча номзодларга тенг шароит яратилган бўлса — тест ва суҳбат натижалари буни кўрсатиб бериши мумкин.
13 та талаб: энди навбат текширувда
Жамоавий мурожаат муаллифлари Омбудсманга йўлланиши керак бўлган мурожаатида, бир қатор ҳолатларни текширишни сўраган.
Жумладан:
2025-йил декабрида раҳбар ва ходимларнинг меҳнат шартномалари бекор қилиниши;
13-декабр билан расмийлаштирилган аризалар ва 9-декабр санали буйруқлар ўртасидаги тафовут;
ишдан бўшатиш ҳужжатларининг қонунийлиги;
босим ва алдаш бўлган-бўлмагани;
2026-йил март ва май ойларидаги директорлик танловлари;
тест ва суҳбат натижалари;
комиссия баённомалари;
номзодларнинг малака талабларига мувофиқлиги;
тест ва суҳбатда қатнашмаган шахсларнинг тайинлангани ҳақидаги даъволар;
коррупсия ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув ўтказиш талаб қилинган.
Бу талабларнинг барчаси битта саволга бориб тақалади:
«Келажак» марказлари қандай асосда ва қандай тамойиллар асосида шакллантирилди? Марказнинг келажаги қандай қурилганди?
Жамоатчилик қандай жавоб кутаяпти?
Янги тизимнинг ўзига эътироз билдириш мақсадимиз йўқ. Аксинча, янги тизимдан кутилган натижа — малакали раҳбарлар, замонавий ёндашув, шаффоф бошқарув ва болалар учун сифатли таълим муҳити. Лекин бу мақсадга эришиш учун тизимнинг ўзи ҳам ишончли асосда қурилиши керак.
Ишдан бўшатишда — қонун.
Танловда — тенглик.
Тайинловда — малака.
Комиссия ишида — шаффофлик.
Коррупсия ҳақидаги хабарларда — холис текширув.
Жамоавий мурожаатда кўтарилган масалаларнинг барчаси айнан шу тамойилларга бориб тақалади.
Шу боис биз ҳам ушбу мурожаатда келтирилган ҳар бир даъвони ҳақиқат деб эмас, текширилиши лозим бўлган ҳолат деб баҳолаймиз.
Аммо бу саволларни четлаб ўтиш ҳам мумкин эмас. Чунки «Келажак» марказлари — давлат тизими. У ердаги раҳбарлик лавозимлари — давлат лавозимлари.

У ерда ишлаган одамларнинг меҳнат ҳуқуқлари — қонун билан ҳимояланган ҳуқуқлар.
Шунинг учун жамоатчиликнинг саволи жуда аниқ:
«Келажак» марказларини ташкил этиш жараёнида «Баркамол авлод» тизимида ишлаб келган раҳбар ва ходимларнинг ҳуқуқлари қай даражада таъминланди?
Ва яна бир савол:
Директорлик лавозимларига ўтказилган танловлар ҳақиқатан ҳам барча номзодлар учун тенг, очиқ ва шаффоф ўтказилганми?
Бу саволларга жавобни расмий баёнот сифатида эмас, балки ҳужжатларга таянган ҳуқуқий, очиқ маълумот сифатида беришлиши зарур.
ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу масала юзасидан Республика «Келажак» маркази директори Индира Холдорова, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Адлия вазирлиги шунингдек, ваколатли органларнинг расмий муносабатини кутади.

Агар мурожаатда келтирилган ҳолатлар асоссиз бўлса — буни ҳужжатлар билан кўрсатиш мумкин. Агар улар тасдиқланса — қонун доирасида тегишли чора кўрилиши керак. Чунки «Келажак»ни қуриш — аввало ишончни қуришдан бошланади.




