Сиёсат

Мигрантлар нега кам маошга ишлаяпти? Президент ҳокимларни танқид қилди

Akmal Eshonxonov15 кўришлар
Мигрантлар нега кам маошга ишлаяпти? Президент ҳокимларни танқид қилди

Хорижга ишлаш учун кетаётган юртдошларимиз камида 2 минг доллар даромад билан қайтиши керак. Аммо айрим ҳудудларда мигрантлар ойига 400–700 доллар атрофида пул топмоқда. Президент бу ҳолатни танқид қилиб, ҳокимлардан меҳнат миграцияси бўйича тизимли таҳлил ва амалий натижа талаб қилди.

Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг даромади ҳудудлар кесимида турлича эканига эътибор қаратди.

Президент келтирган рақамларга кўра, Фарғона вилоятида хорижда ишлаётган бир нафар фуқарога тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси 1 800 долларни ташкил этмоқда. Айрим бошқа ҳудудларда эса бу кўрсаткич 400–700 доллар атрофида.

Давлат раҳбари бу вазиятни танқид қилиб, фуқароларни хорижга кам даромадли ишларда ишлаш учун юбориш ўрнига, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш зарурлигини таъкидлади.

«Нима қиламиз уларни у ёққа юбориб? Ўзимизда 500 доллар бемалол қилса бўладику. Лекин одамлар юрибди ўша ерда», — деди Президент.

Шунингдек, ҳокимлардан меҳнат миграцияси масаласини ойма-ой таҳлил қилиш, элчилар билан мунтазам мулоқот ўрнатиш ва хорижда ишлаётган фуқаролар учун муносиб шароит яратиш бўйича иш олиб бориш талаб қилинди.

Президентнинг фикрича, ёшларни касб ва хорижий тилларга етарлича ўргатмасдан туриб, уларни кам даромадли ишларга юбориш тўғри эмас.

«Енг камида икки минг доллар олиб келиши керак ҳозирги шароитда, камида», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент Германиядаги иш берувчилар 5 мингдан 7 минг еврогача иш ҳақи тўлашга тайёр эканини ҳам мисол қилиб келтирди. Унинг таъкидлашича, ана шундай муносиб даромад фуқароларга уй-жой, автомобил харид қилиш ва оилавий шароитини яхшилаш имконини беради.

Демак, меҳнат миграциясида энди фақат қанча одам хорижга юборилгани эмас, улар қандай касб билан, қайси шароитда ва қанча даромад олиб ишлаётгани ҳам асосий мезон бўлиши керак.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Мигрантлар нега кам маошга ишлаяпти? Президент ҳокимларни танқид қилди | Effect.uz