Ҳисоб палатаси 2026-йилнинг 9 ойида 84 та аудит тадбири ўтказиб, бюджет маблағларидан фойдаланишда триллион сўмлик камчилик ва қонунбузилишларни аниқлади.
Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг 9 ойлик фаолияти якунларига бағишланган брифингда матбуот котиби Дилдора Ҳошимова маълум қилди.
Ҳисобот даврида ўтказилган аудитларнинг 46 таси масофавий шаклда амалга оширилган. Шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026-йил биринчи ярим йиллик ижроси ташқи аудитдан ўтказилган.
Аудитлар давомида:
— 2 трлн сўмлик молиявий хатолар аниқланган;
— 4,2 трлн сўмлик харажатлар мақбуллаштирилган;
— 23,6 млрд сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинган;
— 250,2 млрд сўм бюджетга ундирилган.
Даромадлар йўналишида эса 1,6 трлн сўмлик қўшимча солиқ ва мажбурий тўлов манбалари аниқланган. Шундан 656,3 млрд сўми бюджетга ундирилган.
Давлат харидлари соҳасида 10,2 трлн сўмлик қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун 4,8 трлн сўмлик ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган. 222,3 млрд сўмлик ҳужжатлар бўйича мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Айни пайтда Ҳисоб палатасида халқаро стандартлар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган трансформация жараёнлари давом эттирилмоқда.
Илк бор очиқ танлов эълон қилиниб, унга 300 дан ортиқ ариза келиб тушган.
Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Давлат аудити олий мактаби ташкил этилган. Ўқув дастурларига ЦИПФА ва ИНТОСАИ стандартлари асосидаги модуллар киритилган.




