24-октябр куни Давлат хавфсизлик хизмати Косонсой тумани ҳокими ўринбосарининг пора билан ушлангани акс этган видеолавҳаларни эълон қилди. Бироқ айрим ОАВ видеода акс этган шахсни нотўғри талқин қилиб, бошқа ҳоким ўринбосари ушлангани ҳақида хабар тарқатган.
Эффецт.узънинг аниқлашича, видеолавҳада акс этган шахс — Косонсой тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Элмуроджон Тошпўлатов.

Айрим ОАВлар эса унинг ўрнига Косонсой тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ғолибжон Шодибеков ушлангани ҳақида хабар берган. Хусусан, Шодибековнинг суратларидан фойдаланилган. Кейинчалик эса ушбу хабар нотўғри экани маълум бўлганидан сўнг, сурат олиб ташланган.
Эффецт.узънинг мустақил ўрганишида Ғолибжон Шодибеков 26-октябр куни Косонсой тумани Худойбердиев номли ММТП ҳудудидаги «Янгийўл силвер» фермер хўжалиги дала майдонида ўтказилган семинарда иштирок этгани аниқланди.

Семинар қишлоқ хўжалигида мавсумий агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ҳамда 2027-йил ҳосили учун мустаҳкам замин яратиш масалаларига бағишланган.

Маълумот учун, ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Элмуроджон Тошпўлатов ушланган.
У маҳаллий тадбиркорга ижара асосида берилган ер майдонини бошқа тадбиркорга олиб бериш билан қўрқитиб, ўз хонадонига 20 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб беришни талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида Тошпўлатов қуёш панелларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари учун 65 миллион сўм пул маблағини хизмат автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Шу тариқа, тарқалган хабарларда тилга олинган Ғолибжон Шодибеков эмас, балки Элмуроджон Тошпўлатов ушлангани аниқланмоқда.




