Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашувда соҳа ходимлари, талабалар ва хусусий сектор учун бир қатор янги имкониятларни эълон қилди.
2027-йилдан резидентура бепул бўлади. Резидентларга 3 миллион сўм стипендия тўланади.
Давлат рўйхатидан ўтган шифокор ва фармацевтларга 7 миллион сўм, ҳамшираларга эса 3,5 миллион сўм устама берилади. Рўйхатдан ўтиш 2027-йил 1-июлдан ихтиёрий, 2030-йилдан мажбурий бўлади.

Олис ҳудудларда ишлайдиган шифокорларнинг ойлик устамаси 2 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга оширилади. Бундай ҳудудга ишга борган шифокорга 50 миллион сўм бир марталик тўлов берилади. Хорижда тажриба орттирган ватандош шифокорларга эса ойига 50 миллион сўмгача устама тўлаш кўзда тутилмоқда.

Келаси йил кафолатланган пакетдаги бепул дорилар тури 73 тага, тиббий текширувлар 36 тага етказилади.
Тиббиёт талабалари ҳафтасига уч кун клиник амалиётда ўқийди, битирувчилар эса охирги ўқув йилини тўлиқ тиббиёт муассасасида ўтказади. Шифокор ва ҳамширалар маоши КПИ асосида белгиланиб, аҳолининг тиббий хизматдан қониқиши асосий мезонлардан бири бўлади.

Шунингдек, хусусий клиникалар учун ерлар қулай шартларда ауксионга чиқарилади. Тадбиркорларга давлат шифохоналарида ускуна ўрнатиш учун жой ажратилиб, кўрсатилган хизматлар ҳақи суғурта тизими орқали тўланиши режалаштирилмоқда.
2027-йилдан тиббиётда 10 та сунъий интеллект тизими ишга туширилади. Гарвард тиббиёт мактаби билан ҳамкорликда ирсий касалликлар бўйича мутахассислар тайёрланади.
Шунингдек, тиббиёт ходимлари учун Ибн Сино номидаги давлат мукофотини таъсис этиш таклиф қилинди.




