Сиёсат

Шаҳноза Мирзиёева: болалар ҳимояси эртадан эмас, бугундан бошланади

Administrator2 соат олдин23 кўришлар
Шаҳноза Мирзиёева: болалар ҳимояси эртадан эмас, бугундан бошланади

Самарқандда болалар фаровонлиги ва хавфсизлигига бағишланган халқаро саммит бўлиб ўтди. Унда турли давлатларнинг биринчи хонимлари, БМТ, УНИЦЕФ, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган.

Тадбирда сўзга чиққан Шаҳноза Мирзиёева болаларнинг саломатлиги, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

У «болалар — бизнинг келажагимиз» деган тушунчага тўхталиб, фарзандлар ота-оналар учун фақат келажак эмас, балки бугунги ҳаётнинг ҳам муҳим қисми эканини қайд этди.

«Ота-она учун фарзанд шунчаки келажак эмас. Фарзанд — бугунги кунимиз», — деди Шаҳноза Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, болаларни ҳимоя қилиш уларнинг ёнида бўлиш, хавфсизлигини таъминлаш ва зарур пайтда ёрдам беришдан бошланади.

Шаҳноза Мирзиёева рақамли муҳитнинг кенгайиши, дунёдаги беқарорлик ва турли зиддиятлар болалар ҳамда оилалар хавфсизлигига янги хавфлар келтираётганини айтди. Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун давлат, бизнес, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

«Бугун болаларимизнинг бахти, саломатлиги ва хавфсизлиги бизнинг қўлимизда. Шунинг учун болалар олдидаги масъулиятимиз эртага эмас, айнан бугундан бошланади», — деди у.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Шаҳноза Мирзиёева: болалар ҳимояси эртадан эмас, бугундан бошланади | Effect.uz